Ўзбекистон ва Қозоғистон: парламентлар илмий салоҳиятини ривожлантириш масалалари келишиб олинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

     Жорий йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов ва Қозоғистон Республикаси Парламент Мажлиси Раисининг ўринбосари Б.Кесебаева ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

     Тадбир Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасидаги илмий ҳамкорликни келгусида янада ривожлантириш масалаларига бағишланди.

     Суҳбат аввалида Ф.Отахонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 6 декабрь куни Қозоғистон давлатига қилган ташрифи чоғида эришилган келишувлар натижасида икки томонлама ҳамкорлик иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтарилганлигини, бу ўз навбатида, икки давлат парламентлари ва уларнинг тадқиқот марказлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

     Шунингдек, Институт томонидан миллий парламентимиз фаолиятини ривожлантириш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш ва қонун лойиҳалари бўйича илмий хулосаларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди. БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда Институт тузилмасида Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув маркази ташкил этилганлиги ва ўқув маркази томонидан ҳозирга қадар биргина сайлов қонунчилиги йўналишида амалга оширилган ўқув курслари доирасида минглаб ёшларнинг бу соҳадаги билим ва кўникмалари бойитилганлиги, айни дамларда эса Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари “Қонун ижодкорлиги” модули бўйича малакасини ошираётганлиги тўғрисида маълумот бериб ўтди.

     Учрашувда Б.Кесебаева Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстона муносабатлар бугунги кунда юксак даражада ривожланаётганлигини эътироф этиб, Қозоғистон Парламент Мажлиси томонидан парламент назорати ва қонун ижодкорлиги соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Ҳозирда Қонунчилик муаммолари институти ҳамда Қозоғистон Парламентаризм институти ўртасида парламентлар фаолиятини илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.

     Мулоқот давомида томонлар келажакда икки тадқиқот институтлари томонидан парламент ислоҳотларининг муҳим омили сифатидаги ҳамкорлик муносабатларини истиқболли режалар асосида янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидладилар.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan