Президент сайлови натижалари – инсон қадри учун берилган ҳар бир овоз инъикосидир – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

     Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти нодавлат нотижорат ташкилоти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий Ассоциацияси ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиш ва ўтказиш жараёни юзасидан аҳолининг фикри ва жамоатчилик мониторинги натижалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

     Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қонунчилик муаммолари институти, Марказий сайлов комиссияси, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоатчилик ва ташаббускор ташкилотлар вакиллари, мустақил эксперт-таҳлилчилар иштирок этди.

     Офлайн ва онлайн ўтган давра суҳбатида Қонунчилик муаммолари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов “Президент инаугурацияси: сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатлари” мавзусида маъруза қилиб, мамлакат етакчисининг лавозимга киришиш тантанали маросимининг тарихи, миллий анъаналари, ҳуқуқий асослари, бу борадаги хорижий тажриба, давлат бошлиғининг бу йилги лавозимга киришиш – қасамёд қилиш маросимининг аввалгиларидан фарқли жиҳатлари ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида илмий-амалий маълумотларни бериб ўтди.

     Анжуман давомида маърузачилар томонидан бу йилги Президент сайловлари ҳар қачонгидан шаффоф, очиқ ва ошкора, халқаро стандартлар асосида, аҳоли барча қатламларининг юқори даражадаги фаоллиги билан юксак савияда ташкил этилганлиги ва бу халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий кузатувчилар томонидан эътироф этилаётганлигига алоҳида тўхталиб ўтилди.

     Тадбирда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиш ва ўтказиш жараёни юзасидан аҳолининг фикри ва жамоатчилик мониторинги натижалари” тақдимот қилинди.

     Таъкидланганидек, Демократия ва инсон хуқуқлари нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан “Сайловлар жараёнида электорат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий маданияти ва даражасини ошириш” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий Ассоциацияси билан ҳамкорликда амалдаги сайлов қонунчилиги бўйича таҳлиллар ўтказилган. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида сайловчилар иштирокида “Сайлов кодексига киритилган ўзгартишлар”, “Сайловларда кузатувчилик мақоми ва кузатувчининг ваколатлари”, “Илк бор овоз берувчилар нималарни билишлари керак?” мавзуларида ўқув семинарлар ташкил этилган.

     Сайлов жараёнида кузатувчилар институти ва унинг ҳуқуқий асослари, кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари борасида “Сайлов жараёнида кузатувчилар учун қўлланма” ишлаб чиқилган. Шу каби лойиҳа асосида қатор амалий тадбирлар амалга оширилган.

Давра суҳбати иштирокчилари бу йилги тарихий сиёсий воқеликнинг натижалари – Президент сайловида “инсон қадри учун” берилган ҳар бир овознинг инъикоси эканлигини эътироф этдилар.

     Давра суҳбатида, шунингдек мустақил экспертлар ва таҳлилчиларнинг фикрлари тингланди ҳамда иштирокчилар томонидан анжуман мавзуси доирасидаги мушоҳадалар билан ўзаро ўртоқлашилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan