БМТ ўқув маркази: ёш қонуншуносларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган лаборатория – Қонунчилик муаммолари институти
БМТ Ўқув маркази БМТ Ўқув маркази тадбирлар Янгиликлар

     Маълумки, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш демократик-ҳуқуқий давлатни барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Шу мақсадда, жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тузилмасидаги Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув маркази томонидан сиёсий партиялар Ёшлар қаноти аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган махсус ўқув курслари ташкил этилди.

     Бугун, яъни 24 декабрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Ёшлар қаноти тузилмалари аъзолари учун махсус ўқув курслари якунланди. Айтиш жоизки, ўқув курсларида 30 нафар фаол ёш қонуншунослар иштирок этди.

     Ўқувларнинг иккинчи кунида тингловчиларга қонун ижодкорлиги жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган долзарб масалалар юзасидан зарур маълумотлар тақдим этилди.

     Хусусан, Қонунчилик муаммолари институти бўлим бошлиғи, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раисининг ўринбосари А.Тешабоев томонидан тингловчиларга интерактив фаол методлар асосида қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасига киритиш тартиби, қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқиш жараёни, Сенат томонидан рад этилган қонунни Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқиш тартиби, Келишув комиссиясини тузиш ва унинг фаолияти, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг, конституциявий қонунларнинг, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг лойиҳаларини кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари юзасидан зарур маълумотлар берилди.

     Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси девони мудири ўринбосари Б.Раджабов қонунларнинг ҳуқуқий экспертизаси ҳамда қонунларнинг расмий кучга кириши ва уларнинг эълон қилинишига доир тартиб-қоидалар юзасидан тушунтиришлар берди.

     Ўқувлар давомида Институт масъул ходимлари Ғ.Махаммаджанов ҳамда А.Тешабоевлар томонидан тингловчиларнинг нафақат қонун ижодкорлиги бўйича, шунингдек уларнинг психологик, сиёсий, мафкуравий жиҳатдан амалий кўникмаларини оширишга қаратилган қисқа тренинглар ҳам ташкил этилди. Хусусан, инсон онгига таъсир кўрсатишнинг замонавий технологиялари, сиёсий партия аъзолари билан самарали мулоқот ўрнатишнинг янги услублари, нутқ маданиятини оширишнинг таъсирчан йўллари юзасидан керакли маълумотлар берилди.

     Ўқувлар якунида тингловчилар томонидан ўқувлар давомида берилган билимлар амалиётда сиёсий партияларнинг электорати билан ишлашда юксак сиёсий тажриба вазифасини ўташи эътироф этилди.

     Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ўқув марказ томонидан навбатдаги сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар жорий йилнинг 27-28 декабрь кунлари ташкил этилади.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan