Навбатдаги сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар ўз якунига етди – Парламент тадқиқотлари институти
БМТ Ўқув маркази БМТ Ўқув маркази тадбирлар

     Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тузилмасидаги Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув маркази томонидан қонун ижодкорлиги жараёнининг мазмун-моҳиятини ёш парламентарийларга тушунтириш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этилиб келинмоқда.

     Бугун, яъни 28 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари иштирокидаги навбатдаги махсус ўқув курслари ўз якунига етди.

     Ўқувларнинг иккинчи кунида ёш парламентарийларга қонун ижодкорлиги жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган долзарб масалалар юзасидан керакли маълумотлар тақдим этилди.

     Хусусан, Қонунчилик муаммолари институти бўлим бошлиғи, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раисининг ўринбосари А.Тешабоев томонидан тингловчиларга интерактив фаол методлар асосида қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасига киритилиш тартиби, қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилиш жараёни, Сенат томонидан рад этилган қонунни Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқиш тартиби, Келишув комиссиясини тузиш ва унинг фаолияти, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг, конституциявий қонунларнинг, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг лойиҳаларини кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари юзасидан зарур маълумотлар берилди.

     Қонунчилик муаммолари институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Х.Рузметов қонунни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланиш тартиби ҳамда қонунларнинг расмий кучга кириши ва уларнинг эълон қилинишига доир тартиб-қоидалар юзасидан тушунтиришлар берди. Ўқувлар давомида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга малакали мутахассислардан асослантирилган жавобларни олишди.

     Ўқувларда муваффақиятли иштирок этган тингловчиларга махсус сертификатлар тақдим этилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan