2021 йил 28 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар кўпдан буён кенг жамоатчиликни эътиборини тортган “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Унга кўра, қонун реклама тайёрланган жойдан қатъи назар, агар мазкур реклама Ўзбекистонда фойдаланишга ва тарқатишга қаратилган бўлса, рекламанинг айланиши соҳасидаги барча муносабатларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланмоқда.
Мазкур ҳужжатда рекламанинг айланиши соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги (реклама соҳасидаги ваколатли давлат органи), шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг аниқ ваколатлари белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш, реклама соҳасида жамоат назорати тизимини самарадорлигини ошириш, соҳани ўзини-ўзи тартибга солиш тизимини ривожлантириш мақсадида рекламага оид фаолият субъектларининг бирлашмаларига (нодавлат нотижорат ташкилотларига) рекламага оид фаолиятни ривожлантиришга қаратилган аниқ ваколатлар бериляпти.
Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши юртимиздаги босма ва электрон ОАВнинг ривожланишига туртки бўлиб, келажакда сифатли миллий контентларни ишлаб чиқарилиши учун замин яратади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилди ва баҳсли бўлган айрим моддаларга таклифлар берилди. Билдирилган таклифлар инобатга олинган ҳолда, қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.
www.parliament.gov.uz