Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолини саломатлигини мустаҳкамлаш” йили Давлат дастуридаги олий таълим тизимига оид вазифаларни самарали бажаришнинг аниқ механизмларини жорий этиш» мавзусида конференция ўтказилди.
Президентимизнинг 2021 йил 3 февралдаги Фармони билан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида илгари сурилаётган ташаббуслар, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, таълим ва тарбия жараёнини тубдан ислоҳ қилиш бугунги куннинг долзарб масаласи сифатида эътироф этилар экан, педагог кадрлар зиммасига илм-у маърифатли келажак авлодни тарбиялашдек улкан масъулиятни юклайди.
Конференциянинг асосий моҳияти ҳам айнан Президент томонидан Давлат дастурида олий таълим тизимига тегишли белгилаб берилган устувор вазифаларни мутасадди вазирлик ва идоралар билан узвий ҳамкорликда қўйилган масалаларни самарали ечишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни тизимли амалга оширишдан иборатдир.
Тадбирда қўмита томонидан Давлат дастурининг 227-240 бандларида назарда тутилган вазифалар бирма-бир муҳокама этилиб, уларнинг самарали бажарилиши учун аниқ механизмлари таҳлил этилди.
Қайд этилганидек, Давлат дастурининг 238 бандига мувофиқ, амалда ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасаларига берилган ваколатлар ва ҳуқуқларни қайта кўриб чиқиш белгиланган. Мазкур тизимнинг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш учун кўрилган чора-тадбирлар таҳлил этилди.
Шунингдек, мазкур бандда Республикадаги 30 та етакчи давлат олий таълим муассасаларига ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ҳуқуқи берилган бўлиб, жараённинг мувофиқлаштирилишида Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни тадбиқ этиш маркази фаолияти ўрни ва ролини янада кучайтириш ва такомиллаштириш бўйича вазирлик томонидан амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар ҳам муҳокама этилди.
Давлат дастурининг 232-бандига мувофиқ, ОТМлар қамровини ошириш белгиланган бўлиб, мазкур йўналишда кейинги йилларда ОТМларда талабалар контингенти ўртача 3 борабарга ошганлиги таъкидланди. Бу эса, ўз навбатида, олий маълумотли бўлиб, келажакда юқори малакали кадр бўлмоқчи бўлган ёшларга катта имконият эканлиги айни ҳақиқатдир. Бироқ, мазкур контингентнинг ошиши билан бир қаторда таълим сифати даражасининг ошишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Бунинг учун юқори малакали ва илмий салоҳиятли профессор ўқитувчилар сонини ошириш орқали улар орасида соғлом рақобатли муҳитни яратиш ва шу билан бир қаторда талабаларнинг таълим олишга бўлган маъсулиятини ошириш лозим эканлиги қайд этилди.
Тадбирда депутат М.Ибрагимов томонидан профессор-ўқитувчиларни олий таълим муассасаларига танлов асосида ишга қабул қилиш ҳақидаги Низомдаги танловдан ўтаётган профессор ўқитувчиларга қўйилаётган шартларни кучайтириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Давлат дастурини амалга оширишга оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонининг 4-бандига асосан “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилиши, хорижда бакалавриат таълим дастурлари бўйича ўқитиш тизими жорий этилиб, 2021 йилда 100 нафар ёшларнинг хорижга таълим олиш учун юборилиши, шунингдек «Эл-юрт умиди» жамғармаси бир ой муддатда давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича аниқ чоралар ишлаб чиқиши белгиланган.
Қўмита аъзоси М. Валиевнинг фикрига кўра, хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар ўртасидаги танловлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кесимида ўтказилиши ҳар бир ҳудуддан хорижий олийгоҳларда илмий ишлар билан шуғулланувчи ёшларнинг ошишига олиб келиши, натижада ҳудудларлаги олий таълим муассасалари илмий салоҳиятининг ва хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлигининг янги босқичига олиб чиқишини таъкидлади.
Шунингдек, қўмита аъзолари томонидан ОТМ битирувчилари қатъий БМИ ёки мутахассислик фанидан давлат имтиҳони топширилиши бўйича, табақалаштирилган тўлов-қонтракт тўламларини жорий этиш, ишлаб чиқариш корхоналарини ОТМ таълим йўналишларининг ўқув дастурларини ишлаб чиқишга жалб қилиш, сиртқи таълим йуналишларга фақат иш стажига эга талабаларни қабул қилиш, профессор-ўқитувчиларнинг рейтингларини ишлаб чиқиш ва узлуксиз равишда уларни баҳолаб бориш тизимини жорий этиш, тўлов-контракт тўламларини ойма ой тўлаш имкониятини жорий этиш ҳақидаги таклифларини бердилар.
Шунингдек, депутатлар томонидан кўтарилган масалалар юзасидан вазирлик ва идораларнинг мутасадди раҳбарлари томонидан батафсил маълумотлар бериб ўтилди.
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси