Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар ва мутахассислар билдирган фикр ва таклифлар ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилиб, лойиҳага тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар, бир қатор таҳририй тузатишлар киритилди.
Хусусан, исломий молия хизматлари тушунчасига аниқлик киритилди. Бунда стандартлар, шу жумладан, исломий молиялаштиришни амалга ошириш қоидалари ва принциплари Ислом молия институтлари учун Бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти ҳамда Исломий молия хизматлари кенгаши томонидан белгиланади. Марказий банк исломий молиялаш стандартларини белгиловчи халқаро ташкилотларнинг қоидалари асосида исломий хизматлар кўрсатиш тартибини ишлаб чиқади.
Шунингдек, нобанк кредит ташкилотларига қўйилган юридик шахсларни ташкил этиш ва юридик шахсларнинг улушларини (акцияларини) сотиб олиш чеклови олиб ташланди. Молиявий ресурслар жалб қилишга пруденциал назорат нуқтаи-назаридан қўйилган чеклов ҳам чиқарилди.
Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида қўйилган масалалардан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида нобанк кредит ташкилотлари томонидан филиаллар ташкил этишга қўйиладиган талаблар соддалаштирилмоқда. Қонун лойиҳасидан нобанк кредит ташкилотлари фаолиятига қўйиладиган талаблардан уларнинг ускуналар, ташкилий-техник воситалар, модем ва сифатли алоқа линияси, дастурий таъминот билан жиҳозланиши, бухгалтерия ҳисобини юритиш, ҳисоботларни тузиш ва тақдим этишга қўйиладиган талаблар чиқариб ташланмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини амалга оширувчи хорижий юридик шахслар филиалларини ташкил этишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда. Нобанк кредит ташкилотларини ташкил этишга қўйиладиган талаблар назарда тутилганлигини ҳисобга олган ҳолда, нобанк кредит ташкилоти фаолият юритишига ягона ёндашувни қўллаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини амалга оширувчи хорижий юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахс ташкил этиш орқали ушбу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Асосий ўзгартиришлардан яна бири — микромолия ташкилотлари ва ломбардлар хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бобига янги моддалар киритиляпти. Ушбу боб микромолия ташкилотлари ва ломбардлар хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланганини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳани истеъмолчилар (мижозлар) ҳуқуқларини белгиловчи модда билан тўлдирилди.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши нобанк кредит ташкилотларини ривожлантиришга, улар томонидан кўрсатилаётган хизматларининг оммабоплигини оширишга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.