Ичимлик суви исроф қилинишининг олди олинади – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқдилар.

Қайд этилганидек, дунёнинг кўплаб мамлакатларида тоза ичимлик суви тақчиллиги долзарб масала бўлиб турган бир пайтда, мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик сув таъминоти ва сув чиқариш хизматларини яхшилаш, сувдан оқилона фойдаланиш, унинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Лекин амалдаги қонунчиликда истеъмолчиларнинг мажбуриятлари аниқ белгиланган бўлса-да, сув таъминоти ташкилотларининг мажбуриятлари белгиланмаган. Бу эса ичимлик сувининг мақсадсиз сарфланиши ва исроф бўлишига олиб келмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси билан соҳани барқарор ривожлантириш, хизматлар сифатини оширишга мўлжалланган таъсирчан ҳуқуқий асос яратилмоқда. Энг муҳими, сув таъминоти ташкилотлари фаолиятида интизомни янада кучайтириш орқали носозликлар оқибатида ичимлик сувини исроф қилинишининг олдини олиш чоралари кўриляпти.

Шунингдек, истеъмолчилар томонидан ичимлик ва оқова сув қувурларига ноқонуний уланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар натижадорлиги оширилган ҳолда, истеъмолчилар ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида очиқ ва тенг ҳуқуқли механизмлар жорий этилмоқда.

Халқ вакиллари ҳудудларда сайловчилар билан учрашувлар давомида ушбу масала энг кўп кўтарилаётганини қайд этган ҳолда, бир қатор саволларни ўртага ташлади ва мутасаддилардан аниқ жавоблар олдилар.

Узоқ давом этган бахс-мунозалардан сўнг, қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan