Кучли ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш ва шу асосда халқ фаровонлигини таъминлашда халқ хўжалигининг етакчи тармоғи ҳисобланган саноат алоҳида ўрин эгаллайди.
Саноат шундай тармоқки иқтисодий интеграция тавсифида ўз ифодасини топади. Натижада барча мамлакатларнинг табиий, меҳнат ва молиявий ресурсларидан, фан-техника ютуқларидан оқилона фойдаланиш имкониятлари юзага келади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда соҳа ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли юқори технологияли заводлар, технопарклар, ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди. Ўтган даврда саноатдаги қўшилган қиймат ўсиши мунтазам ортиб бормоқда.
Хусусан, 2017 йилдан бошлаб барча манбалар ҳисобидан 716 триллион сўм ёки олдинги даврга нисбатан 2 баравардан зиёд инвестициялар ўзлаштирилган ва уларнинг қарийб 65 фоизи саноат ва инфратузилма лойиҳаларига тўғри келади.
Эътиборли жиҳати, сўнгги тўрт йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотида саноатнинг улуши 26 фоиздан 36 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 3,3 бараварга ўсди. Экспортдаги саноат маҳсулотларининг улуши 24 фоиздан 33,6 фоизгача ўсишга эришилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олмалиқ шаҳрига ташрифи давомида Олмалиқ кон-металлургия комбинатида “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш бўйича 5 миллиард 122 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, экспорт ҳажмининг 15 фоизи мазкур комбинат ҳиссасига тўғри келади. Соҳани ривожлантириш мақсадида сўнгги вақтда илмга ва технологияга катта маблағ йўналтирилгани натижасида янги конлар топилиб, ишлаб чиқариш ҳажми тобора ошиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари ушбу комбинат, умуман, келгусида ҳар бир саноат корхонаси ўзини ўзи муқобил электр энергияси билан таъминлаши зарурлигини таъкидлар экан, бу борада илмий тадқиқотларни ва мақсадли аспирантурани кенгайтириш, Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали салоҳиятини ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Бинобарин, мамлакат иқтисодиётига илм-фан ва технология ютуқларининг жорий этилганлик даражаси “Иқтисодий мураккаблик” (Еconomic complexity) дея номланувчи омил билан ўлчанади. 2019 йилда эълон қилинган индексда иқтисодиётнинг мураккаблик даражаси жиҳатдан Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари 18 поғона юқорига кўтарилган.
Иқтисодиётнинг мураккаблик индексига кўра, мамлакат иқтисодиётига илм-фан қанчалик чуқур татбиқ этилган бўлса, даромад даражаси ҳам юқори, даромадлар тақсимланишида тенгсизлик ҳам кам бўлади. Қолаверса, саноат туфайли экология етадиган зарар миқдори камаяди.
Хулоса қилиб айтганда, келгусида Ўзбекистон ўз иқтисодиётини техник-технологик жиҳатдан мустақиллигини таъминлаши, постиндустриал иқтисодиётни шакллантириши орқали доимий равишда аҳоли турмуш даражасини ошириб боришга эришиши мумкин.
Фарҳод ЗАЙНИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати,
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари
қўмита раиси ўринбосари