Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ёшлар технопаркларини ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар туғрисида”ги масала юзасидан юборилган Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Инновацион ривожланиш вазири И.Абдурахмоновнинг жавобини кўриб чиқди.
Парламент сўровига жавобда қайд этилганидек, ҳудудларда Ёшлар академиясининг фаолиятини ривожлантириш бўйича 2019 йилда республикамизнинг барча ҳудудларидан иқтидорли ва ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси ташкил этилган. Ҳозирги кунда унинг аъзолари сони 2600 нафарга етди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 июлдаги “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари туғрисида”ги қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида “Ёш олимлар академияси” ташкил этилди.
Ёшлар академияси 4 та платформаси (“Ғоялар генератори”, “Стартаплар”, “Бизнес вакиллари” ва “Бўлажак академиклар”) аъзолари геология, биология, қишлоқ хўжалиги, кимё саноат, сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергия манбалари, робототехника ва мехатроника, дастурлаш, саноат дизайни ва 3 D моделлаштириш соҳаларида ўз лойиҳаларини амалга оширмокда.
Академия томонидан “Akfa group”нинг технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорликда мамлакатимиз ривожланиши учун устувор бўлган соҳалар, шунингдек, сунъий интеллект соҳаси бўйича муаммонинг ечимига қаратилган соғлиқни сақлаш, фан-таълим, саноат ва ижтимоий йўналишлардаги “Urban.Tech Uzbekistan” ҳакатон мусобақаси ташкил этилди. Танлов комиссия томонидан энг юқори баҳоланган лойиҳалар муаллифларига 37,5 млн сўм миқдорида мукофот, эсдалик совғалари ва сертификатлар, лойиҳаларни янада ривожлантиришлари учун “Бўлажак олим” танловида иштирок этишга йўлланмалар тақдим этилди.
Ижтимоий мослашуви учун зарур шароитларни яратиш бўйича Ёшлар академияси “Shinsedae” ёшлар маркази ва “Yaran Consulting” компанияси билан ҳамкорликда “2020 йилги 20 та энг яхши стартап” лойиҳалар танлови ғолиблари учун стартап лойиҳалар акселерация дастури ташкил этилди.
Ёшлар академияси фаолиятини янада кенгайтириш ҳамда ҳудудларда иқтидорли ёшларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида мунтазам равишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказлари билан ҳамкорликда мусобақалар, танловлар ва бошқа тадбирлар ташкил этилмоқда.
Вазирнинг парламент сўровига жавобига кўра, ҳудудлардаги иқтидорли ёшларни излаб топиш ва уларни муносиб рағбатлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда 2021 йилда уч босқичли “Учинчи ренессанс – ёшлар нигоҳида” республика танлови ташкил этилиб, 3 та йўналиш бўйича энг яхши лойиҳа эгалари 50 млн сўм грант пуллари билан тақдирланган.
Шу билан бирга, ёшларнинг ўз интеллектуал салоҳиятини намоён қилиши ва ижтимоий мослашуви учун зарур шароитларни яратиш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш мақсадида республика ҳудудларида Ёшлар технопарклари ҳамда бошқа қатор инновацион инфратузилмалар фаолияти босқичма-босқич йўлга қуйилмокда.
Эътиборли жиҳати, ёшларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка қизиқтириш, кичик бизнес ва касаначиликни ривожлантириш, касб-ҳунарга ўргатиш, ишлаб чиқарилган маҳсулотни бозорга олиб чиқишга кўмаклашиш мақсадида Сирдарё вилоятида Бизнес-акселератор ташкил этилди. Бугунги кунга келиб, Бизнес-акселераторда жами 431 нафар ёшларга илмий технологияларда касб-ҳунар ва чет тилларини ўргатиш бўйича хизматлар кўрсатилди.
2019-2021 йиллар давомида 104 та стартап лойиҳалари молиялаштирилган. Амалга оширилган лойиҳалар натижасида 959 та янги иш ўрни яратилган.
Мажлисда Инновацион ривожланиш вазири И.Абдурахмоновнинг жавоби маълумот учун қабул қилинди.