Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 29 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ишчи гуруҳи йиғилиши ўтказилди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Адлия вазирлигининг масъул ходимлари иштирок этдилар.

Ишчи гуруҳи йиғилишида мазкур ҳужжатни Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритиш, лойиҳанинг қабул қилиниши билан кутилаётган натижалар бўйича фикрлар алмашинилди.

Қонун лойиҳаси билан давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Мазкур нормада давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик сифатида очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларни эълон қилиш тартибига риоя этмаслик, маълумотларни бузиб кўрсатиш ёки уларни очиқ маълумотлар порталига ҳамда расмий веб-сайтларга жойлаштиришнинг белгиланган муддатларига амал қилмаслик ҳолатлари назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида мазкур ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда судга тақдим этиш ваколатига эгалиги кўрсатиб ўтилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг очиқлик борасида белгиланган мажбуриятларини бажаришдаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan