Ташқи меҳнат миграциясига доир қонунчилик асослари такомиллаштирилмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ишчи гуруҳи йиғилиши ўтказилди.

Тегишли соҳа вакиллари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этган тадбирда қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди ва уни пишиқ-пухта ҳолатга келтириш, такомилига етказиш бўйича қатор таклифлар берилди.

Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳасида ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланиб, соҳада қўлланилиб келинаётган тушунчаларнинг мазмун-моҳияти очиб берилмоқда.

Мазкур ҳужжат билан ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги қонуности ҳужжатлари қонун даражасида мустаҳкамланади, халқаро ҳужжатлардаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларига оид нормалар миллий қонунчиликка имплементация қилинади.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга, меҳнат мигрантларининг ҳисобини юритиш ва ушбу соҳада мониторингни амалга оширишга хизмат қилади.

Муҳокамалар давомида қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар тизимлаштирилди. Шунингдек, ваколатли орган, яъни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда вазирлик тизимидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ваколатлари кенгайтирилди.  

Йиғилишда иштирокчилар томонидан ишчи гуруҳи аъзоларига лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар берилди, кўплаб саволлар ўртага ташланди ва уларга атрофлича жавоблар олинди.

Қўмитада қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнлари давом этмоқда.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan