Ўзбекистон ва МДҲ: ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги босқичи – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг жуда кўп мамлакатлар билан кенг кўламли иқтисодий ҳамкорликлар йўлга қўйилди ва бу ҳамкорликлар самараси ўлароқ мамлакатимизда йўл-транспорт, логистика, божхона, экспорт-импорт масалаларини ҳал этишда муҳим қадамлар ташланди.

Айниқса, кейинги пайтда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қўшни давлатлар ва МДҲ доирасидаги давлатлар ўртасида кенг кўламли ҳамкорликлар ривож топиб бораётгани ҳар бир давлат учун манфаатли бўлмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 декабрь куни Россия Президенти Владимир Путин ташаббуси билан Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашуви ҳам албатта, Ўзбекистон равнақи ва тараққиёти учун янги босқичларни очиши муқаррар.

Учрашувда жорий йилги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилиниб, келгуси 2022 йилга мўлжалланган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Энг муҳими, пандемия оқибатларини енгиб ўтиш ва эпидемиологик хавфсизликни таъминлашда яқин ҳамкорликни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

МДҲни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз юритар экан, давлатимиз раҳбари асосий эътиборни учта: сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликка қаратишни таклиф этди. МДҲ маконида тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантириш ва транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидланди.

Саммит иштирокчиларнинг эътибори глобал иқлим кун тартибини ҳисобга олган ҳолда барқарор “яшил” тараққиётга қаратилган миллий дастур ва стратегияларни амалга ошириш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилди. Озиқ-овқат хавфсизлигини мамлакатларимиз иқтисодиётларининг рақобатли устунликлари ва бир-бирини тўлдириб туришидан фойдаланган ҳолда таъминлаш масалаларини ҳал қилишга доир янги ёндашувлар ишлаб чиқиш долзарб экани айтилди.

Албатта, кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги фаолияти янада фаоллаштирди. Мамлакатимиз 40 дан зиёд кўп томонлама битимни имзолади ва ташкилотнинг 23 та органига қўшилди. Ўтган йилда Ўзбекистон илк бор МДҲга раислик қилди.

Қувонарлиси, 2021 йилда Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик мамлакатлари билан товар айирбошлаши ўттиз фоиздан зиёдга ошди, қарийб мингта қўшма корхона ташкил этилиб, божхона соҳасида ўзаро келишувлар туфайли товарларни экспорт қилиш ва импорт соҳаси янада юксалди.

Умуман олганда, Ўзбекистон МДҲ давлатлари ўртасидаги кенг кўламли алоқаларнинг ривожланиши тарафдори. Зотан, нафақат иқтисодий-ижтимоий, балки маънавий-маърифий соҳаларда ҳам халқларимизнинг ўзаро дўстона алоқалари юртимизнинг равнақ топишида муҳим аҳамиятга эга.

 

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan