Парламент дипломатияси – ташқи сиёсатнинг муҳим воситаси – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Барча жавҳалар сингари 2021 йил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси учун ҳам ўзига ҳос сермазмун ва натижали йил бўлди. Якунланган йилда Қонунчилик палатаси томонидан 42 та яхлит қонунлар қабул қилинди, 50 дан ортиқ қонунларга қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.

Энг долзарб масалалар юзасидан 210 та, жумладан, 23 та парламент эшитуви, 7 та ҳукумат соати, 16 та парламент сўрови, 164 та қўмиталарнинг назорат-таҳлил тадбирлари амалга оширилди. Депутатлар кўмагида сайлов округларида муҳим масалалар ўз ечимини топди.

Сайловчилар билан ишлашни ва натижадорликни ошириш мақсадида депутат ёрдамчиси институти жорий этилди. Уларга янада яқинроқ бўлиш, халқ вакилларига мурожаат қилишни осонлаштириш учун фойдаланишга қулай бўлган ҳар бир депутатнинг махсус бот канали ишга туширилди.

Аҳамиятлиси, парламентимизнинг хорижий давлатларнинг парламентлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, шу орқали мамлакатимиз ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ечишдаги иштироки ва ўрни янада мустаҳкамланди. Олий Мажлиснинг хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик бўйича гуруҳлари ва комиссияларининг ишларини фаоллаштириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш чораларининг кўрилиши натижасида парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолияти кескин жонланди.

Бугунги кунда парламент дипломатияси мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳар томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий асосини яратиш, миллий қонунчиликни халқаро ҳамкорлик талаб-тамойиллари билан уйғунлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Олий Мажлис палаталарининг “Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепцияси тўғрисида”ги 2020 йил 25 сентябрь куни тасдиқлаган қўшма қарори парламент дипломатиясини ривожлантиришда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Концепцияда парламентлараро мулоқот мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда қулай муҳитни шакллантириш, ўзаро ишончни юксалтириш, ҳамкорликнинг ҳуқуқий негизини мустаҳкамлаш, халқаро қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш, мамлакатнинг ижобий халқаро имижини шакллантириш ва мамлакатимиз ташаббусларини илгари суриш каби устувор вазифалар белгиланган.

Поёнига етган йилда концепцияда белгиланган устувор вазифалар муваффақиятли ижро этилиши давом эттирилди. 50 дан ортиқ давлатларнинг парламентлари билан тузилган ҳамкорлик гуруҳлари томонидан мулоқотлар давом эттирилди, икки томонлама ташрифлар амалга оширилди. Ўзбекистон Парламентлараро Иттифоқ (ПАИ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси ҳамда Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеялари каби нуфузли халқаро тузилмаларида фаол иштирок этди.

Ўн йиллик танаффусдан сўнг, яъни 2017 йилда Ўзбекистоннинг парламентарийларнинг энг нуфузли институти ҳисобланган ПАИ аъзолигига қайта тиклангани парламентимиз нуфузини ошириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди. Ҳозирда таркибида 179 та давлат бўлган, 1889 йилда ташкил топган ПАИ сиёсий муҳокама мақсадида асос солинган  илк халқаро ташкилот бўлиб, парламентлараро мулоқот учун энг катта платформа ҳисобланади.

Қисқа вақт давомида Ўзбекистон парламенти мазкур нуфузли иттифоқда ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Жумладан, 2020 йилнинг 30 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг ПАИ вице-президенти этиб сайлангани ушбу нуфузли халқаро ташкилот билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди, десак муболаға эмас.

Шунинг баробарида, 2021 йилнинг 25-28 май кунлари бўлиб ўтган ПАИнинг “Пандемияни бугунги кунда енгиб ўтиш ва эртанги кунни яхшироқ қуриш: парламентларнинг ўрни” мавзусига бағишланган 142-Ассамблеяси парламентимиз учун жуда тарихий бўлди. Унда Қонунчилик палатасининг депутатлари А.Аслонов ПАИнинг Ёш парламентарийлар форуми, М.Баратова Барқарор ривожланиш бўйича доимий қўмита ҳамда Н.Тилаволдиев Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича доимий қўмита аъзолигига Евроосиё минтақаси томонидан сайланди.
 
Ўтган йилнинг 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Мен парламентда ёшларни қўллайман” мавзусида Ёшлар парламентлари форумида ҳамда 23-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик” масалаларига бағишлаб ўтказилган юқори даражали халқаро форумда Парламентлараро Иттифоқнинг Бош Котиби Мартин Чунгонгнинг шахсан иштирок этиши ҳамда ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти билан бўлиб ўтган мулоқоти Парламентларо Иттифоқ томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг халқаро аренадаги муҳим ташаббуслари ҳамда парламентимизга бўлган юксак ишонч ва эътироф дея баҳолаш мумкин.

2022 йилнинг сентябрь ойида Парламентар аёл спикерларининг навбатдаги халқаро саммити Ўзбекистонда ўтказилиши ҳам халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, гендер тенглиги ва ёшлар масаларида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда ташаббусларнинг натижаси, десак бўлади.

Умуман, сўнгги йилларда парламентимиз мамлакат ташқи сиёсатининг фаол иштирокчисига айланди. Парламент дипломатиясининг географияси кенгайиб, натижадорлиги ошмоқда. Ушбу ҳолат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий соҳаларда узвий алоқаларни ўрнатиш имконини яратиб, давлатлараро дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ҳар томонлама ёрдам беради.

Хулоса қилиб айтганда, парламент дипломатияси мамлакатимиз тараққиёти ва халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда нақадар муҳимлиги, ҳаётий зарурат экани ўз тасдиғини топмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2022 йилда ҳам мазкур йўналишда тизимли ишларни давом эттирган ҳолда, парламент дипломатияси концепциясида белгиланган юксак мақсадларга эришиш, парламентлараро ҳамкорликка янги, прагматик мазмун ва аҳамият бахш этиш имкониятларидан самарали фойдаланишни давом эттиради.

Нодир ТИЛАВОЛДИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Парламентлараро Иттифоқнинг Демократия
ва инсон ҳуқуқлари бўйича доимий қўмита аъзоси

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan