Янги Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида жадал ривожланмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Инсонлар бахти учун зарур моддий ва маънавий неъматларга, аввало, тинчлик ва ҳамкорлик орқали эришилади. Осойишталик, хотиржамлик, дўстона муносабатлар барқарор жойдагина эзгу саъй-ҳаракатлар самара беради, буюк орзулар рўёбга чиқади.

Шавкат Мирзиёев давлатимиз раҳбари сифатида иш бошлаган илк кунларданоқ барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратган эди. Бинобарин, кейинги беш йилда чуқур ўйланган ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсат юритилди.

Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий вазифаларидан бири – ўз ҳудуди атрофида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини шакллантириш ҳисобланади. Бинобарин, давлатимиз раҳбари қўшниларимиз – Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни асосий устувор ташқи сиёсий йўналиш сифатида белгилаб берди.

Президентимизнинг бу борадаги ташаббуслари қўшни давлатлар раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида Марказий Осиёда сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч мустаҳкамланди.

Натижада минтақадаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик даражаси янги босқичга кўтарилди. Хусусан, 2017-2019 йиллар давомида Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмаси йиллик ўртача 50 фоиздан кўпроққа ўсиб, 5,2 миллиард долларга етган. 2020 йил натижаларига кўра, глобал пандемияга қарамай, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмасининг умумий ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этди. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларнинг мана шундай яхшиланиши, умуман айтганда, минтақанинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ёрдам берди. Хусусан, 2017-2020 йиллар оралиғида Ўзбекистон ва минтақа мамлакатлари ўртасида 300 дан ортиқ шартнома, шунингдек, қарийб 75 миллиард долларга тенг шартнома ва битимлар имзоланган.

Шунингдек, 2017-2020 йиллар давомида Ўзбекистоннинг қўшни давлатларга нисбатан очиқ, конструктив, пухта ўйланган ва прагматик сиёсати натижасида сувдан фойдаланиш, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш, давлат чегараларини кесиб ўтиш каби мураккаб ва чалкаш муаммоларга ечим топилди.

Бу жараёнда “халқ дипломатияси” амалда жуда фаол бўлгани кузатилди. Хусусан, халқ вакиллари – олимлар ва рассомлар, маданият ва дин арбоблари, ишбилармонлар ва ёшлар, туризм ва спорт ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва нодавлат ташкилотлар иштирокида юзлаб турли учрашув, анжуман, видеоконференция ва бошқа шу каби тадбирлар ўтказилди.

Жаҳон ҳамжамиятида Марказий Осиёнинг аҳамияти ва роли ошиб бораётганини минтақада ва бошқа чет эл мамлакатлари ҳамда халқаро бирлашмалар ўртасида мулоқотнинг турли форматлари ташкил қилинаётганида кўришимиз мумкин. Охирги йилларда “Марказий Осиё – Ҳиндистон”, “Марказий Осиё –Хитой” ва “Марказий Осиё – Россия Федерацияси” сингари янги форматлар вужудга келди. Бу эса минтақадаги ижобий ўзгаришлар натижасида юзага келган мутлақо янги муҳит дунёнинг етакчи давлатлари эътиборини тортганини кўрсатяпти.

Марказий Осиё минтақасида шаклланган дўстона ва яхши қўшничилик муҳити сабабли минтақанинг инвестицион-иқтисодий салоҳияти ҳам ошиб бормоқда. Прагматик минтақавий сиёсат юртимизнинг халқаро нуфузини оширибгина қолмай, Марказий Осиёнинг барқарор ва улкан имкониятларга эга ҳамкорлик маконига айланишига хизмат қилмоқда.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг нафақат минтақавий, балки глобал ташқи сиёсати ҳам сифат жиҳатдан бутунлай янги босқичга кўтарилди. Мамлакатимиз Россия, АҚШ ва Хитой каби етакчи давлатлар, Осиё-Тинч океани минтақасидаги ривожланган мамлакатлар, хусусан, Корея Республикаси ва Япония, шунингдек, Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи, араб-мусулмон ҳамда туркий тилли давлатлар билан ўзаро манфаатли, самарали ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантирмоқда.

Ўзбекистон бугун ўзининг узоқни кўзлаган сиёсати билан минтақамиз ва жаҳондаги сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Парламентлараро Иттифоқ, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилди.

Мамлакатимиз Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлди, Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик иттифоқи ҳузурида кузатувчи мақомини олди. Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди ва унинг ўтган йили Женева шаҳрида видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган 46-сессиясида муваффақиятли иштирок этди.

Шунинг баробарида Халқаро ишбилармон доиралар билан алоқаларни фаоллаштириш, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ва бошқа йирик халқаро тузилмалар билан ҳамкорликни жадаллаштириш иқтисодий дипломатиямизнинг муҳим йўналишларига айланди.

Албатта, кичик бир мақолада ташқи сиёсатда эришилган барча ютуқларни, ижобий ўзгаришлар ва уларнинг самараларини батафсил, атрофлича баён қилишнинг имкони йўқ. Шундай бўлса-да, бизнингча, юқорида айтилганлар бу борада қанчалик илгарилаб кетганимизни англаш учун кифоя қилади.

Эътиборлиси, қўлга киритилган муваффақиятлар билан, улар қанчалик салмоқли бўлмасин, қаноатланиб қолаётганимиз йўқ. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида келгуси йилларда мамлакатимиз ташқи сиёсатини янги, юксакроқ даражага олиб чиқиш бўйича бир қанча муҳим вазифалар белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллаштирилади, асосий хорижий шериклар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаали алоқалар янада кенгайтирилади, Марказий Осиё давлатлари билан стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқалар янада мустаҳкамланади. Президентимиз таъкидлаганидек, биз – дунёга, дунё – бизга очиқ бўлиши керак.

Хулоса сифатида шуни айтиш зарурки, ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятимиз аввало халқимиз, Ватанимиз манфаатлари ҳар томонлама ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилмоқда. Зеро, Янги Ўзбекистон – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган принципларга қатъий амал қилган ҳолда жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт яратиб бериш бўлган давлатдир.

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Халқаро ишлар ва парламентлараро

алоқалар қўмитаси аъзоси

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan