Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳаси хориждаги ватандошлар билан муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Бугун Янги Ўзбекистоннинг 2022—2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси хориждаги ватандошлар билан муҳокама қилинди.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори Акмал Саидов очиб бериб, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясинининг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасини 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент қарор ва фармони қабул қилинди. Миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш йўналишида ташқи савдо, молия ва солиқ сиёсатини эркинлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда ҳудудларни жадал ривожлантиришни таъминлашни бўйича амалий чоралар кўрилди. Шу билан биргаликда, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Эндиликда “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, иқтисод тармоқларини трансформация қилиш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш мақсадида Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳани айни кунларда regulation.gov.uz, jamoatchilik.uz ва 2022-2026.strategy.uz электрон платформалари орқали кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш давом этмоқда. Фуқароларга ўз таклифларини билдириш имкониятлари ҳам яратилди.

Тараққиёт стратегияси лойиҳасида “инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” умумий тамойилини бирлаштирувчи 7 та устувор йўналиш белгиланган. Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш шулар жумласидан.

Умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш мақсадида хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан доимий ва самарали алоқалар ўрнатиш кўзда тутилган. Мулоқотда хориждаги ватандошларни Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик, инвестициявий, илмий, маърифий ва маданий фаолият билан шуғулланишга фаол жалб қилиш, ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларни қўллаб-қувватлаш жиҳатлари муҳокама қилинди. Хорижда яшовчи ватандошларнинг муаммоларини ўрганиш, тизимли асосда таҳлил қилиб бориш ва уларнинг ечими юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди. Жумладан, консуллик хизматларини кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш, чет элларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларга ёрдам бериш, хорижда ўзбек тилини, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистоннинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш борасида фикр алмашинди.

Тадбирда иштирокчилар давлат ва жамият қурилишини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиёт, суд-ҳуқуқ тизимини, ижтимоий соҳани либераллаштириш, прагматик ташқи сиёсат юритиш бўйича ҳам ўз фикр ва таклифларини билдирди. Масалан, мамлакат иқтисодиётига хусусий капитални инвестициялашнинг замонавий механизмларини жорий этиш, шу жумладан, давлат томонидан тартибга солинадиган (лицензия, талаблар) хусусий инвестиция фондларини яратиш орқали хуфиёна иқтисодиётдан шаффофликка ўтишни рағбатлантириш, яъни кичик ва ўрта тадбиркорликни уларни бошқарув сифати ҳамда даромад келтиришига қараб скоринг баҳолаш таклиф этилди.

Бундан ташқари, хориж инвесторлари экологик ва ижтимоий масалаларга эътиборли эканини инобатга олиб, хайрия фаолиятлари учун солиқ имтиёзларини, бизнесда корпоратив ижтимоий масъулият тамойилларини жорий этиш Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсини, имиджини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan