Иқтисодий ривожланишнинг асосий векторлари сифатида нималар белгиланмоқда? – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2022 йил 10 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мазкур ҳужжатда Ўзбекистоннинг келгуси беш йилга мўлжалланган асосий йўналишлари белгилаб берилмоқда. Тараққиёт стратегияси лойиҳаси халқимизнинг юксак ишонч ва эътирофига сазовор бўлган юртбошимизнинг сайловолди дастури ҳамда Президентлик лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида баён қилинган мақсад ва вазифалар асосида ишлаб чиқилган.

Лойиҳада мутлақо янги ёндашув қўлланилиб, режалаштирилган ислоҳотлар натижадорлигини тараққиётнинг мақсадларига эришганлик даражаси асосида баҳолаш тизими жорий этилмоқда. Жумладан, Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да мамлакатимизни ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналиши доирасида қарийб 100 та мақсадларга эришиш назарда тутилмоқда.

Aсосий вазифа – инсон қадр-қимматини ошириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқ давлатини барпо етиш, адолат ва қонун устуворлиги тамойиллари асосида мамлакатимизни ривожлантириш ҳисобланади.

Тадбирда қайд этилганидек, лойиҳада белгилаб берилган кенг кўламли режалардан бири — бу аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотни 60 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 40 фоизга ошириш орқали барқарор иқтисодий ривожланишга эришиш мақсад қилинган.

Иқтисодий ривожланишнинг асосий векторлари сифатида қўшилган қиймат солиғини амалдаги 15 фоиздан 12 фоизгача, телекоммуникация, банк ва молия каби соҳаларда фойда солиғини амалдаги 20 фоиздан 15 фоизгача тушириш, йиллик инфляция даражасини 9 фоизга, 2023 йилда 5 фоизга, бюджет тақчиллигини 3 фоизга камайтириш ҳамда банк тизимида хусусий сектор улушини амалдаги 18 фоиздан 60 фоизгача ошириш ҳамда фонд бозори ҳажмини 7 млрд. долларга етказиш назарда тутилмоқда:

Тадбирда келгусида тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб бориш ҳамда ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га мувофиқ белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва мақсадли амалга оширилиши устидан парламент назоратини ўрнатиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек ҳужжат лойиҳаси юзасидан депутатлар томонидан бир қатор таклифлар билдирилди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan