Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси олимлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари нигоҳида – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

     Маълумки, шу кунларда Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси лойиҳаси давлат органлари ходимлари, илмий-эксперт доира, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокидаги қатор анжуманларда кенг ва ҳар томонлама муҳокама қилинмоқда.

     Ушбу мақсадда жорий йилнинг 10 январь куни «Демократия ва инсон ҳуқуқлари» институти ҳамда «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан «Янги Ўзбекистоннинг 2022—2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси лойиҳаси ва фуқаролик жамияти институтлари олдида турган вазифалари» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

     Анжуман ишида шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти вакиллари, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши аъзолари, фуқаролик жамияти институти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

     Давра суҳбатини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойили асосида кейинги беш йилликда мамлакатимизда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратиб беришга қаратилган Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси лойиҳаси мазмуни ва моҳиятини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

     Давра суҳбатини Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси Шухрат Бафаев ҳамда «Демократия ва инсон ҳуқуқлари» институти директори Сайёра Ходжаева кириш сўзи билан очиб бердилар.

     Тадбир давомида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов «Таррақиёт стратегияси – халқпарвар давлат барпо этишнинг мустаҳкам замини» мавзусида маърузаси қилди. Маърузада таъкидланганидек, Тараққиёт стратегиясида юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият этиб белгиланмоқда ва у миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради. Бунга яққол мисол Тараққиёт стратегияси «инсон – жамият – давлат» деган янги тамойил асосида ишлаб чиқилган.

     Давра суҳбатида шунингдек Юристлар малакасини ошириш маркази профессори Лола Саидова ўзининг «Давлат бошқаруви органлари фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари» мавзусидаги маърузасида Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг 4-мақсади – давлат бошқаруви органлари фаолиятини «фуқарога хизмат қилишга йўналтириш» тамойили асосида трансформация қилиш масаласига батафсил тўхталиб ўтди.

     «Демократия ва инсон ҳуқуқлари» институти директорининг ўринбосари Ш.А.Умарова «Эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришда маҳалла тизимининг ролини янада ошириш – халқпарвар давлат барпо этишнинг зарурати» мавзусидаги маърузасида маҳалла тизимини ислоҳ қилиш бўйича Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларни таҳлил қилди.

     Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг 1-мақсади сифатида маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш масаласи белгиланганлигини алоҳида эътироф этиш зарур. Бу йўналишда маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатларини кенгайтириш, уларнинг молиявий мустақиллигини кучайтириш, маҳалладан туриб барча давлат идораларига мурожаат қилиш тизимини яратиш, давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллада кўрсатиш каби вазифалар белгиланган.

     Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш масалалари Судьялар олий мактаби кафедраси мудири Илхом Насриевнинг «Самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш масалалари» номли маърузасида батафсил ёритилди.

     Шуни айтиб ўтиш лозимки, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг 15-мақсади – давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш. Хусусан, ушбу мақсадга эришиш йўлида қуйидаги ислоҳотларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

     Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мохира Ходжаеванинг «Янги Ўзбекистон Таррақиёт стратегияси: атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор йўналишлар» маърузаси орқали анжуман иштирокчилари экология ва табиатни асраш йўналишида Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадлар тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлдилар.

     «ALFA LIFE» суғурта компанияси бош директори, «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон Республикаси ишбилармон аёллар Ассоциацияси Кенгаши аъзоси Якубова Н.К. ўзининг «Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш – тараққиёт стратегиясининг драйвери» номли маърузасида рақамли иқтисодиётни асосий «драйвер» соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 баравар оширишга қаратилган ишларни олиб бориш, дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5 марта, уларнинг экспортини эса 10 марта ошириб, 500 млн. долларга етказиш каби мақсадларга эришиш борасидаги ислоҳотларга тўхталиб ўтди.

     Қизғин мунозаралар ва қизиқарли савол-жавобларга бой бўлган анжуман якунида Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan