Сенат ҳокимларнинг кенгаш раиси мақоми нима сабабдан бекор қилинмаганига изоҳ берди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Сенат «Газета.uz» нинг ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгаши раиси мақомини бекор қилишга оид ҳужжат 2,5 йил олдин тайёрлангани, бироқ қабул қилинмагани ҳақидаги мақоласи юзасидан муносабат билдирди. Таъкидланишича, «қуйи палатада муҳокама қилинмаган қонун лойиҳаси Сенатда ҳам кўриб чиқилмаган». «Маҳаллий кенгашлар мустақил орган. Сенат фақатгина уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашади, услубий ёрдам кўрсатади», — дейилади баёнотда.

«Газета.uz» ҳокимларнинг халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши раиси мақомини бекор қилишга оид ҳужжат 2,5 йил олдин тайёрлангани, бироқ қабул қилинмагани ҳақида суриштирув ўтказганди.

Олий Мажлис Сенати ушбу мақола юзасида расмий баёнот билан чиқди. «Газета.uz» унинг матнини тўлиқлигича ҳавола этади:

«Газета.uz» сайти кўтарган масала ҳақиқатан ҳам бугунги кундаги долзарб ҳамда ўз ечимини кутаётган масалалардан бири ҳисобланади.

 

 

Маълумки, сўнгги йилларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хусусан Кенгашлар билан боғлиқ кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, Кенгашларга ҳамда депутатларга қўшимча ваколатлар берилмоқда.

Ҳокимнинг маҳаллий Кенгаш раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш, энг аввало, Кенгашлар фаолияти мустақиллигининг янада ошишига хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан Давлатимиз раҳбарининг «Янги Ўзбекистон стратегияси» номли китобида ҳам ҳокимларнинг тегишли вакиллик ҳокимиятини бошқариш ваколати бекор қилиниши ҳақида фикр юритилган. Шу муносабат билан «Халқ депутатлари Кенгашлари тўғрисида» ва «Ҳокимнинг мақоми тўғрисида»ги қонунларни қабул қилиш зарурлиги ҳам алоҳида таъкидланган.

Бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олиниб, ҳозирги вақтда тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Конституциянинг 78-моддасига мувофиқ, конституциявий қонунларни, қонунларни қабул қилиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатининг биргаликдаги ваколатларига киради.

Парламент палаталарининг биргаликдаги ваколатларига кирадиган масалалар аввал Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида, сўнгра эса Сенатда кўриб чиқилади. Табиийки, Қонунчилик палатасига келиб тушмаган, муҳокама қилинмаган ва қабул қилинмаган қонунлар Сенатда ҳам кўриб чиқилмайди, муҳокама қилинмайди.

Ижтимоий тармоқларда у ёки бу масалада муносабат билдирилганда, аввало, амалдаги қонунчилик нормаларини эътиборга олган ҳолда иш тутиш тавсия қилинади. Акс ҳолда, бундай ҳолатлар жамоатчиликнинг салбий фикрларини келтириб чиқариши мумкин.

Ҳокимнинг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилишга оид қонун Сенатга келиб тушган тақдирда, албатта, бу ҳақда эълон қилинади ҳамда қонун кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинади.

Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари мустақил орган. Сенат фақатгина уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашади, услубий ёрдам кўрсатади.

Шу мақсадда Сенат томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш, уларни методик қўллаб-қувватлаш, депутатларнинг амалий кўникмаларини ошириб бориш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Маҳаллий Кенгашлар ваколатлари, назорат функциялари йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Хусусан, маҳаллий ижро ҳокимияти устидан самарали депутатлик назорати ўрнатиш мақсадида жойлардаги раҳбарларнинг маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди.

2021 йилнинг январидан халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда барча туман (шаҳар) Кенгашларида доимий асосда фаолият юритувчи котибиятлар ташкил этилди. Бу ўз ўрнида маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун аҳоли билан самарали мулоқот олиб бориш кўникмаларини шакллантириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва унинг назоратини олиб бориш, шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид дастурлар бўйича самарали депутатлик назоратини олиб бориш, ижро органлари вакилларининг ҳисоботларини эшитишни ташкил этиш, қарор қабул қилишда қонунийликни таъминлаш мақсадида ўқувлар, семинарлар ташкил этилди.

Биргина 2021 йилда маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолиятини тўғри ва самарали йўлга қўйиш, котибиятлар фаолиятини самарали ташкил этиш, депутат сўрови бўйича услубий қўлланмалар тайёрланиб, ҳар бир маҳаллий Кенгаш депутатига етказиб берилди.

Сенат раисининг ҳудудларга ташрифлари давомида маҳаллий Кенгаш депутатлари билан учрашув ташкил этилиб, Кенгашлар фаолияти самарадорлигини оширишга оид масалалар муҳокама қилиб борилди.

Айнан шу каби учрашувларда кўтарилган масалалардан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қўламли ислоҳотлар ва қонунчиликдаги ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низом қайта ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Шунингдек, маҳаллий Кенгашларга доимий тарзда амалий-услубий жиҳатдан кўмаклашиш, улар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида ҳар ойда Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар жойига чиқиб, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Ўз ўрнида, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмасдан, фаоллик кўрсатаётган жамоатчилик вакилларига миннатдорлик билдирамиз.

www.gazeta.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan