“Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш” – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Адолат ва қонун  устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шартидир.

Ш.Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасида Ўзбекистон халқи ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлагани қайд қилинган. Ҳуқуқий давлатнинг муҳим ва ажралмас белгиси – бу қонун устуворлиги ҳисобланади.

Маълумки, 2022 йил мамлакатимизда – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили деб эълон қилинди. Мазкур йилга айнан мана шундай ном берилиши замирида ҳам адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш ётади.Мамлакатимиз рахбари таъбири билан айтганда, инсон қадрини улуғлаш — юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир.Чунки адолат ва қонун устувор бўлган жамиятдагина инсоннинг қадри баланд бўлади.

Ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди. Тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради. Давлат рахбарининг инаугурация маросимида сўзлаган нутқидаТараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириладиган энг устувор вазифалар қуйидагича белгилаб берилди:

“Биринчидан, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз янги поғонага кўтарилади. Бундан буён ҳар бир ҳудуд, соҳа ва тармоқ фаолиятига уларда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари қандай таъминланаётганига қараб баҳо берилади.Шу муносабат билан «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак», деган даъватга қўшимча қилиб айтмоқчиман: «Раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак». Шунинг учун ҳар бир мутасадди маҳалла ва туман ҳаётини ипидан игнасигача билиши шарт.

Иккинчидан, адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шартидир”.

Халқаро ҳужжатларда қонун устуворлигининг асосий элементлари сифатида қонун ижодкорлигини шаффоф, ҳисобдорлик ва демократик жараённи қамраб олган қонунийликка асосланиши; ҳуқуқий аниқлиқ; ўзбошимчаликнинг тақиқланганлиги; мустақил ва холис одил судловнинг очиқлиги; шунингдек маъмурий ҳужжатлар устидан суд назоратининг ўрнатилганлиги; инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва камситмаслик ҳамда қонун олдида тенглик ҳисобланади.

Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга эришишда парламентнинг ўрни беқиёс. Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштириш, қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтиришга тараққиёт стратегиясида устувор аҳамият берилди. Мазкур тараққиёт стратегиясида 7 та устувор йўналиш белгиланган. 2-устувор йўналиш “Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш” деб номланган бўлиб, мазкур йўналишда 8 та миллий мақсад ўз аксини топган.  Улар:

13-мақсад. Мулк ҳуқуқларининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашишини чеклаш;

14-мақсад. Қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш;

15-мақсад. Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш;

16-мақсад. Жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни
ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш;

17-мақсад. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилишга йўналтириш;

18-мақсад. Суд ва бошқа органларнинг ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш;

19-мақсад. Адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга талабини тўлиқ қондириш;

20-мақсад. Фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва итоат қилиш ҳиссини шакллантириш.

Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш йўналишида юқоридаги мақсадларга эришишга қаратилган 28 та чора-тадбир белгиланмоқда:

  • мулк ҳуқуқи дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш
    ва қарор (ҳаракат) ноқонуний эмаслигини судда исботлаш мажбуриятини мансабдор шахснинг ўзига юклаш (“айбдорлик презумпцияси”);
  • фуқароларни яшаш жойи бўйича ҳисобга олиш (“прописка”) тизимини янада соддалаштириш ва аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, текшириш учун фуқарони ички ишлар бўлимига олиб бориш ўрнига барча маълумотларни жойида текшириш тартибини жорий этиш;
  • жиноят қонунчилигини либераллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, жазони ўтаб бўлганларни жамиятга реинтеграци қилиш ва уларга тадбиркорлик лойиҳасини амалга ошириш учун “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш тизимини жорий этиш;
  • маъмурий адлияни ривожлантириш орқали, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;
  • йўл инфтратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали, йўлларда ўлим ҳолатларини кескин қисқартириш бўйича дастур қабул қилиш;
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш, уларнинг фаолиятини халқ манфаатларига хизмат қилиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга йўналтириш;
  • адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари
    ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда салоҳиятини тубдан
    ошириш, унинг институционал мустақиллигини таъминлаш.

Мазкур тадбирларнинг амалга оширилиши инсон қадрини ҳар қачонгидан улуғлашга, қонун устуворлигини том маънода таъминлашга хизмат қилади. Зеро, қонун устувор бўлган давлатда эркинлик, адолат, тенглик кафолатланади, ҳокимиятнинг шахсга таъсири чегараланади, инсон ҳуқуқлари ҳимояланади, мулк ҳуқуқига риоя қилинади, одил судлов мустақил бўлиб, самарали амалга оширилади.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan