Кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаларига компенсация бериш тартиб-таомиллари белгиланмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича амалий семинар ўтказилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқларини кучайтириш борасида қонун даражасида ҳал этилиши лозим бўлган айрим масалалар сақланиб қолган. Шунингдек, ер участкаси ёки унинг бир қисимни жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишининг аниқ тартиб-таомиллари ва механизми Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида ҳам аниқ белгиланмаган.

Қонун лойиҳасида жисмоний ва юридик шахсларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб кўйилиши ҳамда ушбу ер участкаси ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаларига компенсация бериш тартиб-таомилларини белгилаш назара тутилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мулк ҳуқуқининг устуворлиги, хусусий мулкнинг дахлсизлиги, олиб қўйилган ер участкасидан мақсадли фойдаланиши, қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик, компенсациянинг кафолатланиши принциплари асосида амалга оширилиши белгиланмоқда.

— Қонун лойиҳасини ишчи гуруҳ томонидан маромига етказиш жараёнида 20 га яқин юридик-техник, 30 дан ортиқ ортиқ таҳририй, айрим моддаларга принципиал ўзгартишлар киритилди, – дейди Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Зафар Абдиримов. — Шунингдек, қонун лойиҳасидаги айрим нормаларни янада аниқ баён қилиш мақсадида депутатлар берган таклифлар асосида такомиллашитирилди.

Семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ҳудудларда сайловчилар билан ўтказилган учрашувларда берилган таклифлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, кўтарилган саволларга қонун ташаббускорлари ва қўмита аъзолари томонидан жавоблар, тушунтиришлар берилди. Берилган таклиф ва фикр мулоҳазалардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини янада маромига етказиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги семинарнинг якуний хулосаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Тадбирда қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan