Ноширлик фаолиятида қандай ўзгаришлар бўлади? – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, бир неча қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар.

Жумладан, депутатлар дастлаб “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди.

– Ушбу қонун лойиҳаси партиямиз учун муҳим аҳамиятга эга, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров. – Бу масалада соҳа мутахассислари иштирокида давра суҳбати ҳам ўтказилди ва айрим нуфузли нашриёт раҳбарларининг мулоҳазалари тингланди. Қатор таклифлар қабул қилинди.

Таъкидланганидек, амалдаги Ўзбекистон Республикаси “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуни бундан чорак аср аввал – 1996 йилда қабул қилинган, 16 моддадан иборат эди. Кейинги глобаллашув жараёнлари замонавий илғор тажрибаларни барча соҳалар қатори ноширлик соҳасига ҳам татбиқ этишни тақозо этмоқда. Таклиф этилаётган Қонун лойиҳаси эса 7 та мустақил бобларга ажратилган бўлиб, жами 34 моддадан иборат таркибда шакллантирилган. Яъни, 18 та модда билан бойитилмоқда. Қонунда ноширлик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асослари, ноширлик соҳасининг аниқ субъектлари ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ноширлик фаолиятини лицензиялаш тартиби бекор қилиниши ортидан ўрнатилган янги тизим – хабардор этиш орқали шуғулланиш мумкинлиги каби замонавий имкониятлар ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Жумладан, ноширлик фаолиятини тартибга солувчи амалдаги қонунда соҳага оид энг асосий тушунчалар йўқ. Шу сабаб, лойиҳада бир қатор асосий тушунчаларга эга алоҳида янги модда киритилган. Шунингдек, замонавий қонуншунослик амалиётига кўра қонуннинг мақсади, асосий принциплар, қонуннинг қўлланилиш соҳаси, ваколатли органлар ва ноширлик соҳаси субъектлари ҳамда уларнинг ваколатлари каби масалалар алоҳида моддаларда аниқ акс эттирилган. Бундан ташқари, ноширликда контрафакт маҳсулотлар айланишининг олдини олиш, ижтимоий аҳамиятга молик адабиётларга давлат томонидан грантлар ажратиш ва китоб мутолааси маданиятини оммалаштириш механизмлари каби муҳим масалалар қонунда инобатга олинган.

“Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан мақсад, мамлакатимиздаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир. Чунки хориж фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми ҳозирда 30 га яқин қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади. Яъни, бу борада яхлит қонун қабул қилинмаган. Амалдаги ҳужжатларда эса чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми етарлича мустаҳкамланмаган, уларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинлик ва мажбуриятлари, жавобгарлик чегараси белгиланмаган.

“Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Фракция аъзолари лойиҳанинг 37-моддасидаги “руҳоний” сўзга қаршилик қилдилар. Маълумки, динимизда ҳаёт билан видолашаётган беморга далда бериш учун имом томонидан чилёсин ўқилади ва бошқа динларда ҳам шунга ўхшаш одатлар бор. Шу боис, фракция аъзолари бу сўзни эътиқоддан келиб чиққан ҳолда умумий қилиб “дин вакили” деб ўзгартириш таклифини бердилар.

Йиғилишда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилиниб, лойиҳада партия фракцияси томонидан билдирилган таклифлар инобатга олингани маълум қилинди.

Депутатлар кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳаларини ҳам муҳокама қилиб, тегишли қарорлар қабул қилдилар.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan