Миллий парламентимиз “ақлий маркази” фаолияти: оммавий ахборот воситалари нигоҳида – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

     Жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2-биносида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг 2021 йил давомидаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

     Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Конституциявий суд ва Олий суд судьялари, Вазирлар Маҳкамаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ходимлари, Давлат бошқаруви академияси, Судьялар олий мактаби, Бош прокуратура Академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Ички ишлар вазирлиги академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари аъзолари, Институт ходимлари ҳамда Институт қошидаги “Ёш қонуншунослар клуби” аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

     Қонунчилик муаммолари институти директори, профессор Ф.Отахонов ўз маърузасида 2021 йилда Институт томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар берди. Хусусан, ҳисобот даврида Институт томонидан Олий Мажлис палаталарига амалдаги қонунлар ва қонун лойиҳалари юзасидан 32 та илмий хулоса, 7 та Олий Мажлис палаталарининг қарори лойиҳалари юзасидан таклифлар, 156 та ахборот-таҳлилий маълумот, 12 та чора-тадбирлар Дастури лойиҳалари юзасидан асослантирилган таклифлар тақдим этилганлиги; Институт тузилмасида ташкил этилган БМТ ўқув маркази томонидан “Қонун ижодкорлиги”, “Парламент назорати” ва “Маҳаллий вакиллик ҳокимияти” мавзуларида юз нафардан зиёд ёшлар иштирокида ўқув машғулотлари ташкил этилганлиги; Институт томонидан Тошкент, Жиззах, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида қонун лойиҳалари ва амалдаги қонунлар бўйича жамоатчилик орасида ижтимоий сўровлар ўтказилиб, жамоатчиликнинг фикр ва таклифлари ўрганилганлигини таъкидлади.

     Шунингдек, Институт томонидан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 13 та бандини таъминлаш бўйича Олий Мажлис палаталарига яқиндан ахборот-таҳлилий хизмат кўрсатилганлиги қайд этилди. Хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари котибиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш (2-банд); маҳаллий ижро ва вакиллик органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш (6-банд); хотин-қизлар жамоатчилик кенгашларининг мувофиқлаштирилган тизимини ташкил этиш (9-банд); маҳалла институти фаолиятини такомиллаштириш (12-банд); қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш (23-банд) кабилар шулар жумласидандир.

     Ҳисобот даврида Институт томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро майдонда билдирган ташаббусларини амалга ошириш бўйича мутасадди идоралар фаолиятига кўмаклашиш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Институт томонидан Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенцияси лойиҳаси, “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси лойиҳаси, Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги халқаро резолюция лойиҳаси, Пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги БМТ халқаро кодекси ва унинг концепцияси лойиҳалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

2021 йилда Институт таҳририй фаолият йўналишида ҳам катта натижаларга эришди. Жумладан, Институт муассислигидаги “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” илмий-амалий журналининг 4 та сони нашр этилди; Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг долзарб масалалари”, “Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари” мавзуларидаги халқаро конференция материаллари тўпламлари тайёрланиб чоп этилди. 

     Шунингдек, Институт томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги тарихий нутқи ва унга билдирилган муносабатлар тўплами”, “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий – ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси” ва “Ҳаракатлар стратегияси – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам замини” номли 3 та электрон тўплам тайёрланди.

     Таъкидлаш керакки, Институт жамоаси 2021 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларини ташкил этиш жараёнларида фаоллик кўрсатди. Хусусан, 2021 йилнинг март-май ойларида ташкил этилган маҳаллий кенгашлар депутатлари, сиёсий партия фаоллари ва ОАВ вакиллари сиёсий ўқувларида, май-июнь ойларида сайлов участкалари кузатувчилари учун ташкил этилган ўқувларда, август-октябрь ойларида ташкил этилган “Ёш сайловчи” тарғибот лойиҳаси доирасидаги ўқув семинарларида ташкилотчи, республика тренерлари ва маърузачилар сифатида иштирок этишди.

     Анжуманда иштирокчилар томонидан халқаро ҳамкорлик йўналишида 2021 йил Институт учун кўплаб ютуқларга бой йил бўлганлиги таъкидланди. Хусусан, Институт томонидан 17 та халқаро конференция, илмий-амалий семинар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилганлиги; 2021 йилнинг 3 июнь куни Институт ҳамда Қозоғистон Республикаси Президенти девони Моддий-техника таъминоти бўлимининг “Парламентаризм институти” билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланганлиги; 2021 йилнинг 9 июнь куни Исроил давлати Кнессети Тадқиқот ва ахборот маркази билан ўзаро алоқалар ўрнатилган.

     Маълумки, Институт Жаҳон мамлакатлари демократияси индексида Ўзбекистон Республикасининг ўрнини ошириш ва мустаҳкамлаш бўйича тадқиқотларни амалга оширишга масъул этиб белгиланган. Мазкур йўналишда Институт томонидан индексда сўнгги йилларда сезиларли ўсишга эришган 25 та мамлакат, хусусан, Финляндия, Норвегия, Канада, Швейцария каби давлатларнинг ижобий тажрибаси ўрганилиб, The Economist Intelligence Unit тадқиқот марказининг “Жаҳон мамлакатлари демократияси индекси” бўйича ишлаб чиқилган намунавий йўриқномаси асосида тизимли ишлар амалга оширилди.

     Институт “Mening fikrim” веб-порталининг модератори ҳисобланади. 2021 йил давомида “Mening fikrim” веб-порталига фуқаролар томонидан 888 та электрон жамоавий мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан таълим, қурилиш, тадбиркорлик, туризм, cоғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик каби соҳаларга оид 14 та электрон жамоавий мурожаат веб-порталга жойлаштирилди. Фуқаролар томонидан 1 минг 400 дан зиёд изоҳлар қолдирилди, веб-порталда оммавий овоз йиғиш учун жойлаштирилган мурожаатлардан 2 таси етарли овоз тўплади ва улар бўйича ваколатли давлат органларининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

     Ҳисобот даврида Институт ходимлари 146 та давра суҳбати ва илмий семинарларда ўз маърузалари билан иштирок этишди, уларнинг марказий босма, электрон ва халқаро нашрларда қонунчиликдаги дозарб масалалар ва амалдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган 227 та илмий ва илмий-оммабоп мақолалари эълон қилинди.

     Матбуот анжуманида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Д. Файзиева муносабат билдириб, Институт ташкил этилганидан буён ўзи раислик қилаётган Қўмита Институт билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётганлиги, Қўмита томонидан ташкил этилаётган кўплаб халқаро ҳамкорлик лойиҳаларига Институт ходимлари ҳам жалб этилаётгалиги ҳақида таъкидлаб, Институтнинг фаолиятини ва у томонидан илгари сурилаётган илмий ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

     Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М. Кадирханова Институт ходимлари Сенатнинг гендер масалалари йўналишида олиб бораётган фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида Қўмита фаолиятига яқиндан кўмак бериб келаётганлигини ҳамда Институт истиқболда Олий Мажлис палаталарида қонунларни кўриб чиқиш вақтини белгилашнинг илмий асосларини ўрганиши кераклиги бўйича ўз муносабатини билдириб ўтди.

     Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О. Иминов Институт Сенат томонидан кўриб чиқилаётган ҳар бир қонун юзасидан ўз муносабатини билдираётганлиги, хусусан, ўзи раҳбарлик қилаётган Қўмита томонидан 2021 йилда олиб чиқилган 7 та қонуннинг барчаси юзасидан Институт томонидан берилган илмий таклиф ва тавсиялар сенаторлар томонидан маъқулланганлиги ҳақида айтиб ўтди.

     Шунингдек, Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Т. Мадумаров ўтган давр мобайнида Институт Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасига яқиндан кўмаклашиб келаётганлиги, шунингдек 2021 йилда Институт жамоаси Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси фаолиятини ҳам ахборот-таҳлилий маълумотлар билан таъминлаганлиги, айниқса, хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш борасидаги кўрсатилган илмий кўмак сенаторлар фаолиятида муҳим аҳамият касб этаётганлигини эътироф этди.

     Матбуот анжумани давомида оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига мутасаддилар томонидан асослантирилган жавоблар берилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan