Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш зарур – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар

Бугунги кунда дунёда атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида жиддий муаммолар юзага келмоқда. Буни иқлим ўзгаришига катта таъсир ўтказаётган глобал исишда, озон қатламининг емирилиши давом этишида, ичимлик суви захираларининг тобора камайиб бораётганида, атмосферага чиқаётган карбонат ангидрид газлари миқдорининг юқорилигида ва бошқа бир қатор техноген тусдаги омилларда кўриш мумкин.

Бундай ҳолат, ўз навбатида, давлатлар томонидан фуқароларнинг экология ва атроф-муҳит соҳасидаги қонуний ҳуқуқларини таъминлашни янада мураккаблаштирмоқда. Халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ҳамда давлатлар миллий қонунчилигидаги амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда фуқаролар ва инсонларнинг экология ва атроф-муҳит мухофазаси соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор нормалар белгиланган. Аммо ушбу нормалар эскирган ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти.

Ўзбекистон Республикасининг экология ва атроф-муҳит мухофазаси соҳасидаги амалдаги миллий қонунчилиги сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида бир қатор стратегик дастурлар доирасида инсон манфаатларини кўзловчи кенг кўламли ислоҳотлар “инсон қадрини улуғлаш” шиори остида амалга оширилиб келинмоқда.

Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш сифатида фуқароларнинг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳам долзарб аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикасида экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, фуқаролар ва инсонларнинг ушбу соҳадаги қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича мустақиллик йилларида салмоқли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелда имзоланган “Экологиява атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига шарҳнинг биринчи хатбошига кўра, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни бевосита тартибга солувчи 15 дан зиёд қонун, табиий ресурсларнинг айрим турларидан фойдаланиш механизмлари ва шартлари, шунингдек, давлат экологик экспертизасини амалга ошириш, турли тоифадаги қўриқланадиган ҳудудларни ташкил қилиш ва уларда алоҳида фойдаланиш режимини ўрнатиш тартиб-таомиллари ва бошқа масалаларни белгилаб берган 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги ва амал қилиб келаётганлиги келтирилган.

Шунга қарамасдан, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аксарияти мустақиллигимизнинг илк даврларида қабул қилинганлигини, уларда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича белгиланган кўплаб нормалар замонавий шароитлар ўзгариши муносабати билан ва бунинг натижасида жамиятдаги ҳуқуқий муносабатлар ривожланиб бориши сабабли, соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни самарали тартибга солиш ва фуқароларнинг ушбу соҳадаги қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини самарали таъминлашнинг имконини бермаяпти.

Шу каби муаммоларнинг мавжудлиги узоқ истиқболда Ўзбекистон Республикасининг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги миллий қонунчилигини такомиллаштириш заруриятини келтириб чиқармоқда.

Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 29-йиллигига бағишланган нутқида, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловолди кампанияси пайтида сайловчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикасида конституциявий ислоҳотларни ҳам амалга ошириш бўйича таклифларнинг келиб тушганлиги сабабли, истиқболда Янги Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларни ўтказиш устувор вазифалардан бири сифатида амалга оширилишини айтиб ўтди.

Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг экология ва атроф-муҳит соҳасидаги фақат конституциявий бурчлари белгиланган, фуқароларнинг муносиб экология ва атроф-муҳитга бўлган конституциявий ҳуқуқлари ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг фуқароларга муносиб экологик шароит ва атроф-муҳитни таъминлаб бериш бўйича мажбуриятлари акс эттирилмаган.

Хусусан, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг фақатгина 50-моддасида “фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурликлари” белгиланган, аммо Бош қомусимизда фуқароларнинг муносиб, инсон саломатлигига зарар етказмайдиган экологик ва атроф-муҳитга нисбатан конституциявий ҳуқуқлари белгиланмаган. Ундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 29 январдаги “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 754-XII-сон, 1993 йил 12 июнидаги “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги 837-XII-сон ва бошқа шу каби қонунларида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича фақатгина фуқаролар мажбуриятлари белгиланган.

Аммо, давлат органларининг ушбу соҳадаги вазифалари ва мажбуриятлари белгиланмаган. Шундан келиб чиққан ҳолда, Янги Ўзбекистонни шакллантириш истиқболларида фуқароларва инсонларнинг экологиява атроф-муҳит соҳасидаги нафақат конституциявий бурчларини, балки конституциявий ҳуқуқларини ҳам белгилаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаш жоиз.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига халқаро ҳуқуқ нормаларида ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу масала юзасидан қабул қилган протокол ва конвенциялари ҳамда дастурлари мавжуд. Ҳозирда БМТнинг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги асосий халқаро ҳуқуқий ҳужжатлари сифатида 1992 йилги “Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилишва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Конвенцияни, 2003 йилги “Трансчегаравий контекстда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тўғрисидаги конвенцияга Атроф-муҳитни стратегик баҳолаш протоколи”ни, 2015 йилги “Иқлим бўйича Париж битими”ни ва шуларга ўхшаш бошқа бир қатор ҳужжатларини келтириш мумкин.

Ушбу халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда глобал экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича нормалар белгиланган.

БМТнинг 2015 йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган барқарор ривожланиш бўйича саммитида 2030 йилгача эришиш режалаштирилган 17 та мақсаддан иборат Барқарор ривожланиш мақсадлари қабул қилинди. Ушбу мақсадлардан 5 таси (3, 6, 13, 14 ва 15 мақсадлар) бевосита экология ва атроф-муҳитни, инсонларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш масалаларига бағишланади.

БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йилнинг 23 октябрида “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур Қарорга 1-иловада “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар” ҳамда 3, 6, 13 ва 15 миллий мақсадларда аҳоли саломатлигини яхшилаш, экологиява атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш, иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши кураш бўйича тезкор чораларни қабул қилишбўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ва бошқа шу каби Ўзбекистон Республикасининг стратегик аҳамиятга эга бўлган узоқ истиқболли дастурларида экология ва атроф-муҳитни асраш ҳамда уни қайта тиклаш масалаларига ечим топиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинган.

Бунда, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини, фуқароларнинг муносиб экология ва атроф-муҳитга нисбатан қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини конституциявий ҳуқуқ сифатида таъминлаш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этади. Юқоридаги таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муносиб экология ва атроф-муҳитга бўлган қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари конституцион норма сифатида белгиланмаган.

Бугунги кунда глобал иқлимга бўлаётган жиддий таҳдидлар, ер юзида атмосферага зарарли таъсир кўрсатаётган захарли газлар миқдорининг ортиб бориши, турли хил завод, фабрикалар ва саноат корхоналари томонидан табиатга захарли кимёвий чиқиндиларнинг чиқарилиши, уларнинг инсонлар ва жонзотлар соғлиғига тиклаб бўлмас таъсир ўтказаётгани глобал экотизимларни қайта тиклаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тенденциясига тобора катта куч бағишламоқда.

БМТ томонидан экология ва атроф-муҳит соҳасида қабул қилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ва стратегик дастурлар, хорижий давлатларнинг мазкур соҳадаги миллий қонунчилиги тажрибаси, қолаверса Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессансни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган узоқ истиқболли стратегия ва дастурлар асосида таъкидлаш мумкин-ки, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инсоният олдидаги ҳаётий аҳамиятга эга масалага айланиб улгурди.

Ўзбекистон Республикасининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги миллий қонунчилигини янада такомиллаштириш узоқ истиқболга мўлжалланган вазифалардан бири ҳисобланади. Бунда:биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 29 январдаги “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 754-XII-сон, 1993 йил 12 июнидаги “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги 837-XII-сон ва бошқа шу каби бир қатор амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишёки мазкур қонун ҳужжатларини замон талабларидан келиб чиқиб янги таҳрирда қабул қилиш талаб этилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, экология ва атроф-муҳитга етказилган зарарга нисбатан жавобгарликни белгилаш ҳамда етказилиши мумкин бўлган зарар миқдорини камайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг муносиб атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини, давлат органлари томонидан муносиб атроф-муҳитни таъминлаш бўйича мажбуриятларини конституциявий норма сифатида белгилаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Амирбек Кенжаев,
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти илмий ходими

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan