“Илғор хорижий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда, Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммоларини ўрганиш институтини ташкил этишни таклиф қиламан. Бу институт парламент аъзоларининг буюртмасига асосан ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва хорижий тажриба бўйича таҳлилий маълумотлар ва қонун лойиҳаларини тайёрлаш ишлари билан шуғулланиши лозим.” Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти
|
Миллий парламентлар фаолиятининг самарадорлиги, парламент аъзолари фаолиятининг сифат кўрсаткичлари, парламент томонидан қабул қилинадиган қонун ҳужжатларининг мукаммалиги, уларда халқнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ифода этилиши парламентга илмий-тадқиқот ва экспертлик хизматини кўрсатувчи “ақлий марказ”лар фаолиятининг самарадорлигига бевосита боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил этилган эди. Давлатимиз раҳбари Институтнинг ташкил этиш ташаббусини илгари суриш асносида “Олий Мажлисга келаётган турли таклифларни чуқур таҳлил қиладиган, таъбир жоиз бўлса, элакдан ўтказадиган илмий марказ бўлиши лозим”лигини таъкидлаган эди.
Шу мақсадда, 2021 йилда Институт томонидан унинг фаолиятини ҳуқуқий тартибга солувчи Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарорлари билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, қуйидаги устувор йўналишлар бўйича самарали фаолият амалга оширилди.
Қонунчилик муаммолари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилишда янгича ёндашувлар
Институт Ўзбекистон Республикасининг “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Қонуни 23-моддасида белгиланган нормасидан унумли фойдаланган ҳолда 2021 йилда 32 та қонун лойиҳасини илмий экспертизадан ўтказди ва унинг натижалари бўйича Қонунчилик палатасига асослантирилган илмий хулосаларни тақдим қилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги, “Чиқиндилар тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидан.
“…..қонун лойиҳаларининг қизғин муҳокамасини ўтказиш ва қабул қилинган қонунларнинг амалиётдаги таъсирчанлигини баҳолаш бўйича институт фаолиятининг самарадорлигини ошириш талаб этилади.” Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти
|
Ҳисобот даврида Институт қонун лойиҳаларига нафақат илмий хулоса берди, балки жойларда қонунларни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш юзасидан ўрганишларни ҳам олиб борди. Хусусан, Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорликда:
биринчи, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни ижроси юзасидан Шўрчи, Нукус ва Бахмал туманларида давлат органлари вакиллари, маҳалла фаоллари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролардан иборат респондентлар ўртасида 600 дан зиёд интервьюлар, 100 га яқин мансабдор шахслар билан ижтимоий сўровлар амалга оширилди;
иккинчи, ҳудудларни стратегик ривожлантириш масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш мақсадида Нурафшон шаҳри, Нукус ва Деҳқонобод туманларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, тадбиркорлик субъектлари, маҳалла фаоллари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларидан иборат 750 нафар респондентлар билан интервьюлар ва сўровномалар ўтказилди.
Ушбу ўрганишлар натижалари асосида ҳозирда “Ҳудудларни стратегик ривожлантириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра Институт тузилмасида ташкил этилган Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув маркази томонидан “Қонун ижодкорлиги”, “Парламент назорати” ва “Маҳаллий вакиллик ҳокимияти” мавзуларидаги ўқув модуллари асосида Олий Мажлис палаталари ҳузурларидаги Ёшлар парламентлари аъзолари, ХДП ва “Адолат” СДП Ёшлар қаноти тузилмалари вакиллари учун ўқувлар ташкил этилиб, уларда юзга яқин ёш парламентарийлар ва сиёсатчилар ўз билим ва малакаларини оширишди.
“Ислоҳот талабларидан келиб чиқиб, мазкур институт фаолиятини янада кучайтиришимиз, уни депутат ва сенаторларнинг чинакам кўмакчисига айлантиришимиз лозим.” Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти |
Парламентарийлар фаолиятининг профессионаллигини
ошириш – устувор вазифа
Парламентлар ҳузуридаги ақлий марказлар парламентарийларнинг энг яқин кўмакчиси сифатида уларнинг профессионаллик даражасини ошириш, шунингдек уларнинг парламентаризм ва норма ижодкорлиги жараёни бўйича амалий тажрибаларини ривожлантиришга ҳам масъул ҳисобланади.
Шу мақсадда Институт томонидан 2021 йил давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг профессионал фаолият юритишларини таъминлаш мақсадида қуйидаги йўналишлар кесимида самарали фаолият олиб борилди:
биринчи йўналиш: парламент аъзоларининг фаолиятини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш.
Мазкур йўналиш доирасида қонунчиликдаги долзарб муаммолар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 40 та ва Сенатга 53 та ахборот-таҳлилий маълумотнома тайёрлаб, тақдим этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этилган ахборот-таҳлилий маълумотномалардан: йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими иштирокисиз расмийлаштириш тартибини (Европротокол) жорий этиш; “ҳамширалик иши” билан мустақил шуғулланиш учун ўрта тиббиёт мутахассисларига ўзини ўзи банд қилиш асосида фаолият юритишга рухсат бериш; транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлмаганлиги учун жавобгарликни қўллаш амалиётини бекор қилиш каби масалалар юзасидан берилган таклифлар қабул қилинган қонунларда ўз ифодасини топди.
Олий Мажлис Сенатига тақдим этилган ахборот-таҳлилий маълу-мотномалардан эса деҳқон хўжалиги фаолиятини такомиллаштириш бўйича берилган таклиф Ер кодексига киритилган ўзгартиришларда ўз ифодасини топган бўлса; журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш масалалари бўйича берилган ахборот-таҳлилий маълумотнома асосида бугунги кунда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ваколатли давлат органлари билан биргаликда қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганлигини таъкидлаш ўринли.
Шунингдек, Институт жамоаси томонидан ўтган йилнинг ўзида Олий Мажлис палаталари фаолиятини такомиллаштириш йўналишида 14 та ахборот-таҳлилий маълумот, хусусан, “парламент депутати сўрови” ва “сенатор сўрови” институтини такомиллаштириш, парламент ва депутатлик назорати институтларини кучайтириш, парламент аъзоларининг сайловчилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва Сенатнинг норма ижодкорлиги жараёнидаги ролини кучайтириш юзасидан тегишли маълумотномалар тайёрланиб, тақдим этилди;
иккинчи йўналиш: депутат ва сенаторларнинг профессионаллик даражасини оширишга қаратилган илмий-амалий семинар ва конференцияларни ташкил этиш йўналиши.
Халқаро ҳамкорлар билан биргаликда Институт томонидан 2021 йилда парламентарийлар фаолиятининг устувор йўналишларига бағишланган халқаро конференциялар ташкил этилди. Хусусан:
2021 йил 25 январда Институт ҳамда Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг долгарб масалалари” мавзусида;
2021 йил 2-3 август кунлари Институт ҳамда USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлар бўйича дастури билан ҳамкорликда “Қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштироки: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида;
2021 йил 6 сентябрда Институт ҳамда Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференциялар ташкил этилди.
Учинчи йўналиш: депутат ва сенаторларнинг илмий фаолиятига кўмаклашиш йўналиши.
Ҳар бир соҳанинг асосини илм ташкил этишини ҳеч ким инкор эта олмайди. Айниқса, парламент фаолиятида илмий изланиш ва илмий фаолиятнинг натижалари муҳим аҳамият касб этади. Қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка содда тилда тушунтириш, сайловчиларнинг муаммоларини ҳал этиш депутат ва сенаторлардан улкан илмий салоҳиятни талаб этади. Бу борада парламент аъзоларига қонунлар юзасидан илмий шарҳлар, илмий ва илмий-оммабоп мақолаларни тайёрлашда Институт жамоаси кўмаклашиб келаётганлигини қайд этиш лозим. 2021 йилда қабул қилинган кўплаб янги қонунларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг тарғиботи юзасидан марказий босма нашрларда Институт ходимлари, депутатлар ва сенаторларнинг қўшма илмий ва илмий-оммабоп мақолалари эълон қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Хaлқaро тижорат aрбитражи тўғрисида”ги ва фарзандликка олишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган қонунларни мисол тариқасида келтириш мумкин.
Илғор халқаро тажрибага асосланган ҳолда қонунчиликни ривожлантиришнинг илмий концепциялари ишлаб чиқилмоқда
Институтнинг барча ходимлари тегишли илмий тадқиқот муассасаларида рўйхатдан ўтган ҳолда долзарб масалалар юзасидан илмий тадқиқотларни амалга оширишмоқда. Бугунги кунда Институтда жами 24 та илмий ходим бўлиб, уларнинг 3 нафари юридик фанлар доктори (шундан 2 нафари профессор), 4 та юридик фанлар номзоди (юридик фанлар бўйича фалсафа доктори) фаолият юритмоқда.
Шу ўринда, Институт ходимлари томонидан “Чет эл ҳуқуқини миллий қонунчиликда қўллаш муаммолари” юзасидан ишлаб чиқилган илмий концепция амалиётга татбиқ этилганлигини таъкидлаш ўринли.
Бундан ташқари, айни вақтда Институтда “Миграция соҳасидаги давлатлараро ҳамкорликнинг ҳалқаро-ҳуқуқий масалалари”; “Табиий газдан оқилона фойдаланишни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш ва такомиллаштиришнинг долзарб масалалари”; “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари”; “Электрон тижоратни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш”;
“Чет эл ҳуқуқини судларда қўллаш масаласи” мавзуларида қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган илмий концепциялар ишлаб чиқилаётганлигини эътироф этиш жоиз.
Хорижий парламентлар тажрибасини ўрганиш натижалари асосида миллий парламентимиз фаолиятини такомиллаштириш бўйича илмий таклифлар ишлаб чиқилмоқда
Институт Олий Мажлис палаталарининг фаолияти, амалдаги қонун ижодкорлиги жараёнини такомиллаштириш мақсадида халқаро парламентлараро ташкилотлар ва хорижий парламентларнинг иш фаолияти ва тажрибасини мунтазам равишда кузатиб боради ва уларнинг ижобий жиҳатларини таҳлил қилади. Мазкур таҳлилий фаолият натижаси ўлароқ, Институт томонидан Олий Мажлис палаталари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган асослантирилган илмий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Шу мақсадда, Институт томонидан хорижий давлатлар парламентлари фаолияти тўғрисида туркум шарҳлар тайёрланди. Туркум шарҳлар хорижий парламентларнинг парламент назорати ва қонун ижодкорлиги жараёнидаги фаолияти тўғрисидаги маълумотлар таҳлил қилинган ҳолда ўзбек ва рус тилларида тўплам ҳолатига келтирилди.
Шунингдек, мазкур йўналишда Институт томонидан Олий Мажлис палаталарига МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси томонидан кўриб чиқилаётган 19 та намунавий қонун лойиҳалари бўйича таҳлилий маълумотлар ва илмий хулосалар тайёрлаб берилди. Хусусан:
МДҲга аъзо давлатларда давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантириш ва қўллаш бўйича тавсиялар лойиҳаси;
МДҲга аъзо давлатларнинг рақамли ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлиги бўйича тавсиялар лойиҳаси;
“Тана аъзолари донорлиги тўғрисида”ги намунавий қонун лойиҳаси;
МДҲга аъзо давлатларда босма нашрнинг мажбурий нусхасини электрон шаклда тақдим этиш масаласига умумий ёндашувларни ўрнатиш бўйича тавсиялар лойиҳаси;
“МДҲ иштирокчи давлатларида соғлиқни сақлаш учун болалар ҳуқуқларини таъминлаш тўғрисида”ги намунавий қонуни лойиҳаси кабилар шулар жумласидандир.
Шу ўринда, Ўзбекистон томонидан МДҲ Парламентлараро Ассамблеясига кўриб чиқиш учун тақдим этилган “Органик қишлоқ хўжалиги тўғрисида”ги намунавий қонуни лойиҳасини тайёрлашда ҳам Институт жамоаси фаол иштирок этганлигини эътироф этиш жоиз.
Жаҳон мамлакатлари демократияси индекси доирасидаги
саъй-ҳаракатлар ўз натижасини кўрсатмоқда
Сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз бошчилигида Янги Ўзбекистонда халқимиз манфаатларини кўзлаган ҳолда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни ҳам шунга монанд равишда ўсиб бормоқда. Мазкур йўналишдаги ислоҳотларга кўмаклашган ҳолда Институт томонидан Жаҳон мамлакатлари демократияси индексида Ўзбекистон Республикасининг ўрнини ошириш ва мустаҳкамлаш бўйича тадқиқот ишлари амалга оширилди. Хусусан, Институт томонидан:
Жаҳон мамлакатлари демократияси индекси доирасида сўнгги йилларда сезиларли ўсишга эришган 25 та мамлакат, хусусан, Финляндия, Норвегия, Канада, Швейцария каби давлатларнинг ижобий тажрибаси ўрганилди;
EIU ташкилотининг Демократия индекси методологияси ўрганиб чиқилди, унга асосланиб ўзини ўзи баҳолаш учун “Демократия индекси бўйича методология” такомиллаштирилди;
The Economist Intelligence Unit тадқиқот марказининг “Жаҳон мамлакатлари демократияси индекси” бўйича ишлаб чиқилган намунавий йўриқнома такомиллаштирилди;
Ўзбекистон Республикасининг мазкур рейтингдаги ривожланиш жараёни тўғрисидаги ахборотларни, шунингдек баҳоланаётган йўналиш бўйича тавсиялар ва хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўз ичига олган ахборот маълумот базаси яратилди.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳ-камлаш йили” Давлат дастурини амалга оширишда фаоллик кўрсатилди
Мамлакатимиздаги барча ташкилотлар сингари Институт учун ҳам энг муҳим вазифа – бу Давлат дастурларида белгиланган топшириқларни ўз вақтида ва самарали бажаришдир. Институт томонидан Давлат дастурининг 13 та бандида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенат масъул ижрочи сифатида белгиланган устувор вазифаларни бажариш мақсадида тегишли ахборот-таҳлилий маълумотлар тайёрланди.
Хусусан, Давлат дастурининг 176-банди бўйича “Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҚЛ-795-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси юзасидан тайёрланган хулосада билдирилган таклифлар асосида Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 152-моддаси ҳамда “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бунинг натижасида фуқароларга фарзандликка олиш билан боғлиқ қатор енгилликлар яратилди. Муқаддам қасддан жиноят содир этган шахсларга содир этилган ва айбли деб топилган қилмишининг ижтимоий хавфлилиги даражасига қараб фарзандликка олишни тақиқлаш қоидаси жорий этилди. Яъни жиноят кодексида келтирилган 268 та жиноят туридан 103 таси (38 фоиз)ни содир этишда айбли деб топилиб, жазо муддатини ўтаганларга фарзандликка олиш билан боғлиқ чекловлар бекор қилинди.
Халқаро майдонда билдирган ташаббусларни амалга ошириш жараёнидаги иштирок
Институт жамоаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро майдонда билдирган ҳар бир ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда ушбу ташаббусларни амалга ошириш жараёнидаги ташкилий ишларда ҳам иштирок этиб келмоқда.
Жумладан, Институт томонидан Президент Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 10 ноябрь куни “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқи ҳамда 2020 йил 23 сентябрдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида билдирилган ташаббуслари юзасидан қуйидаги ишлар амалга оширилди:
Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенцияси лойиҳаси юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди ва тақдим этилди, шунингдек Институт ходимлари Конвенция лойиҳасининг муҳокама-ларида иштирок этишди;
“Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси лойиҳаси юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди;
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги халқаро резолюция лойиҳаси юзасидан таклифлар тайёрланди;
Пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги БМТ халқаро кодекси ва унинг концепцияси лойиҳалари юзасидан асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилди ва тегишли давлат ташкилотларига тақдим этилди.
Таҳририй фаолият – ҳуқуқий маданиятни ривожлантиришнинг муҳим омили
Институт жамоаси ўз фаолиятида жамиятдаги ҳуқуқий онг ва маданиятни янада ривожлантириш, фуқароларда Конституция ва қонунларга бўлган ҳурмат руҳини оширишни устувор вазифалардан бири деб ҳисоблайди. Шу мақсадда, Институт томонидан амалга оширилган ҳар бир илмий ва ҳуқуқий тадқиқот натижалари юзасидан фойдали манбаларни яратишга ҳаракат қилиб келинмоқда. Хусусан, 2021 йилда:
қонунчилик муаммолари ва норма ижодкорлиги соҳасида илмий-амалий тадқиқот материаллари, илмий мақолалар, миллий ва хорижий қонунчилик-нинг қиёсий таҳлилини ўз ичига олган “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси”нинг 4 та сони нашрдан чиқарилди;
Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг долзарб масалалари”, “Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари” мавзуларидаги халқаро конференция материаллари тўпламлари нашр этилди.
Шунингдек, Институт томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги тарихий нутқи ва унга билдирилган муносабатлар тўплами”, “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий – ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси” ва “Ҳаракатлар стратегияси – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам замини” номли 3 та электрон тўплам тайёрланди.
Юксак савияда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларидаги иштирок
Институт ходимлари 2021 йилнинг муҳим ижтимоий-сиёсий ҳодисаси – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларини ўтказиш жараёнларида фаол иштирок этишди. Хусусан:
2021 йилнинг март-май ойлари давомида ташкил этилган маҳаллий кенгашлар депутатлари, сиёсий партия фаоллари ва ОАВ вакиллари учун ташкил этилган сиёсий ўқувларда ташкилотчи, республика тренерлари ва маърузачилар сифатида иштирок этишди. Мазкур ўқувларда 6 мингдан зиёд тингловчиларга сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳияти юзасидан зарур билимлар берилди;
2021 йилнинг май-июнь ойларида сайлов участкалари кузатувчилари учун ташкил этилган ўқувларда Навоий ва Хоразм вилоятларида республика тренерлари сифатида фаоллик кўрсатишди;
2021 йил август-октябрь ойларида Институт ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ҳамкорлигида “Ёш сайловчи” тарғибот лойиҳаси доирасидаги ўқув семинарлари ташкил этилди. Унда 20 минг нафар ёшларга сайлов қонунчилиги бўйича машғулотлар ўтилди.
Шунингдек, Институт жамоаси сайлов кампанияси давридаги ўқув методик материалларни тайёрлашда Марказий сайлов комиссиясига яқиндан кўмаклашди.
Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш – фаолият самарадорлигининг кафолати
Бугунги кунда фаолият самарадорлигини таъминловчи муҳим мезонлардан бири – бу ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва кенгайтириб бориш ҳисобланади.
2021 йил давомида Институт томонидан 17 та халқаро конференциялар, илмий-амалий семинарлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилди.
Шунингдек, 2021 йилнинг 3 июнь куни Институт ҳамда Қозоғистон Республикаси Президенти девони Моддий-техника таъминоти бўлимининг “Парламентаризм институти” билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Жорий йилнинг 22 декабрь куни Қозоғистон томони Институт тажрибасини ўрганиш мақсадида ташриф буюрди.
Бундан ташқари 2021 йилнинг 9 июнь куни Исроил давлати Кнессети Тадқиқот ва ахборот маркази билан ўзаро алоқалар ўрнатилди.
Шу билан бирга, Институт томонидан Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий раҳбари Р.Хайне, USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури директори Г.Ледбеттер, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколат-хонаси доимий вакили М.Димовска, Туркия Ҳамкорлик ва Мувофиқ-лаштириш Агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ж.Туней ҳамда Исроил Кнессети (парламенти) Тадқиқот ва ахборот маркази директори Х.Каин, Исроил давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси З. Бен Хилель ва бошқа халқаро ташкилот раҳбарлари билан ўзаро манфаатли учрашувлар ўтказилди.
Ҳар бир учрашув амалий аҳамият касб этишига Институт томонидан алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда, ҳозирда Институт томонидан халқаро ҳамкорлар билан биргаликда мамлакатимиз миллий манфаатларини кўзлаган ҳолда долзарб ва аҳамиятга молик бўлган масалалар юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида 2022 йилга мўлжалланган истиқболли режалар (режалар) ишлаб чиқилмоқда.
Қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифи – халқ
Бугун замон ўзгарди. Тан олиш керакки, норма ижодкорлиги жараёнида аввалги мураккаб тизимдан халқ учун очиқ ва содда бўлган жараёнга ўтилди. Бу борада сўз юритилганда “Mening fikrim” веб-портали фаолиятини алоҳида тилга олиш ўринли.
Ўтган давр давомида “Mening fikrim” веб-порталига фуқаролар томонидан 888 та электрон жамоавий мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан таълим, қурилиш, тадбиркорлик, туризм, cоғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик каби соҳаларга оид 14 та электрон жамоавий мурожаат веб-порталга жойлаштирилди. Фуқаролар томонидан 1 минг 400 дан зиёд изоҳлар қолдирилди.
Ҳисобот даврида “Mening fikrim” веб-порталида оммавий овоз йиғиш учун жойлаштирилган мурожаатлардан 2 таси етарли овоз тўплади. Уларни қўриб чиқиш натижалари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Хусусан:
“Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг мавжудлигини рақамли технологиялар (планшет) воси-тасида аниқлаш ва ушбу ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлмаганлиги учун жавобгарликни қўллаш амалиётини бекор қилиш ҳақида”ги электрон жамоавий мурожаат юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги 271-сонли қарори;
“Туман ва шаҳарларда янги яшил ҳудудларни яратиш ҳақида”ги электрон жамоавий мурожаат юзасидан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2021 йил 15 апрелдаги 343/38-6-сонли қарори қабул қилинди.
Бугун халқимизнинг парламентга ишончи ортиб, депутат ва сенаторларга бўлган муносабати ўзгариб бораётганлиги, шу билан биргаликда, халқ вакилларининг ҳам одамлар дарди билан яшаш ва жамият равнақи йўлида хизмат қилишдек олий мақсадлар билан яшаётганлигини гувоҳига айланмоқдамиз.
Очиқлиқ ва шаффофлик ҳар бир ташкилот фаолиятнинг бош мезонидир
Сўнгги йилларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлигини таъминлаш, халқ билан яқиндан мулоқот қилиш борасида мутлақо янги амалиёт шаклланди. Шу сабабли, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил қилинган Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳам фаолиятининг илк кунларидан бошлаб очиқлиқ ва шаффофлик каби тамойилларни устувор ҳисоблаб, халқимиз – солиқ тўловчилар олдидаги юксак масъулиятни ҳис қилган ҳолда ишлаб келмоқда.
Ҳисобот даврида Институт томонидан Олий Мажлис палаталарининг фракциялари ва қўмиталари билан биргаликда 8 та давра суҳбати ташкил этилди, Институт вакиллари қонунчиликдаги долзарб масалаларга бағишлаб ўтказилган 146 та давра суҳбати ва илмий семинарларда ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Ҳисобот даврида Олий Мажлис палаталари, қонун ижодкорлиги жараёни ва Институт фаолиятига доир марказий теле-радиоканалларнинг дастурларида 15 та лавҳа ва махсус дастурлар тайёрланди.
Шунингдек, ушбу давр мобайнида Институт ходимларининг марказий босма, электрон ва халқаро нашрларда қонунчиликдаги дозарб масалалар
ва амалдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган 227 та илмий ва илмий-оммабоп мақолалари эълон қилинди.
Интернет тармоғида www.lpri.uz манзилида Институтнинг расмий
веб-сайти ташкил этилган бўлиб, ҳисобот даврида веб-сайтга Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталарининг расмий веб-сайтларида эълон қилинган 600 га яқин янгиликлар, Институт фаолияти ва амалдаги қонунчиликнинг моҳияти ҳамда янги қабул қилинган қонунларнинг тарғиботига қаратилган 500 дан зиёд материал эълон қилинди.
Институтнинг ижтимоий тармоқлар (Facebook ва Telegram) даги саҳифалари орқали аҳолининг кенг қатламига қонунчиликдаги янгиликлар, ҳуқуқий-ижтимоий масалалар бўйича ахборотлар бериб борилмоқда.
Парламентнинг истиқболли режа ва дастурларини ишлаб чиқиш устувор аҳамият касб этмоқда
Институт ташкил этилганидан буён унинг фаолияти Давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келган. Хусусан, муҳтарам Президентимиз ўтган йиллар мобайнида юксак минбарлардан туриб 4 маротаба Институт фаолияти юзасидан ўз муносабатлари, асослантирилган таклиф ва ташаббусларини билдирди. Президентимизнинг қўллаб-қувватлови билан Институт фаолиятининг қамрови кенгайди, парламент фаолиятини илмий жиҳатдан таъминлаш борасида муайян ютуқларга эришилди, қонун лойиҳаларини жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилиш борасида ноёб тузилмалар яратилди, жаҳон парламентаризм амалиётида ўзини оқлаган ижобий тажрибалар асосида Институт томонидан парламент фаолиятини такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йилда нашр этилган Янги Ўзбекистон стратегияси номли китобларида яна бир бор Институт фаолиятига алоҳида эътибор қаратилганлиги Институт жамоасига катта масъулиятни юклади ва янги шижоат берди. Хусусан, Президентимиз “Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтини парламентнинг истиқболли режа ва дастурларини ишлаб чиқадиган, бу жабҳадаги турли таклифларни таҳлил қиладиган ва зарур тавсиялар берадиган илмий марказга айлантириш лозим”лиги юзасидан асослантирилган таклифни билдирди. Айтиш жоизки, мазкур вазифа келгусида Институт фаолиятида дастурул амал бўлиб хизмат қилади.
Дарҳақиқат, парламентаризм анъаналарига содиқ бўлган Жанубий Корея, Туркия, Германия каби давлатларда ҳам парламентлар ҳузурида ташкил этилган “ақлий марказлар” нафақат парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш фаолияти билан шуғулланишини, балки парламент фаолиятининг келгуси узоқ ва ўрта муддатларда ривожлантиришни назарда тутувчи дастурлар ва режаларни ишлаб чиқиш билан ҳам машғул бўлишини кўришимиз мумкин.
Шу сабабли, Институтга ҳам мазкур вазифанинг юкланиши:
биринчи навбатда, парламентнинг келгуси ўрта ёки узоқ муддатда айнан қайси йўналишлар, хусусан, қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва олий вакиллик функциялари асосида аниқ ишларни амалга оширишни белгилаб олишга хизмат қилади;
иккинчи навбатда, Янги Ўзбекистон стратегиясида белгиланган улуғ мақсадларга мос равишда миллий парламентимиз фаолиятида янги босқични бошланишига туртки бериши, шубҳасиз.
Хулоса қилиб айтганда, Институт фаолиятининг такомиллаштирилиши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, депутатлар ва сенаторлар фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашга, уларнинг профессионаллик даражасини оширишга кўмаклашиш борасидаги ишларни сифат жиҳатидан такомиллаштиришга, парламентнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўла жавоб берадиган истиқболли режа ва дастурлари ишлаб чиқилишига хизмат қилади.
Фозилжон ОТАХОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти директори, юридик фанлар доктори, профессор.