Голландиялик журналист, ёзувчи ва тарихнавис Ремко Рейдинг номи юртдошларимизга яхши таниш ҳамда жуда қадрлидир. Чунки у Иккинчи жаҳон уруши даврида Смоленскдаги қақшатқич жангларда мардларча курашган ва асирга олиниб, фашистларнинг Голландиядаги “Амерсфорт” концлагерига ташланган 101 нафар ўзбек аскарининг аччиқ қисмати ҳақида биринчилардан бўлиб бонг урган фидойи ижодкор ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов учрашув чоғида қаттол урушнинг ўзбекистонлик 101 нафар қаҳрамони ва қурбони тақдирини чуқур ўргангани ҳамда ана шу қайғули ва ибратли воқеа тафсилотлари ҳақида алоҳида китоб ёзгани учун Ремко Рейдингга чуқур миннатдорчилик изҳор этди.
2022 йил 30 январь куни Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган ушбу мулоқот асносида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2020 йили Тошкент шаҳрида очилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси таркибида 101 нафар ўзбек жангчиси хотирасига бағишлаб “Концлагерь” ёдгорлиги бунёд этилгани таъкидланди. Шунингдек, “Шон-шараф” давлат музейида айни мавзуни ёритишга қаратилган махсус павильон ишлаб турибди.
Ғалабанинг 75 йиллиги арафасида ўзбек киноижодкорлари томонидан миллатимизнинг гўзал сийратини, азалий одоби ва инсонпарварлик фазилатларини теран очиб берадиган ушбу ҳаётий қисса асосида “101” номли бадиий фильм тасвирга олинган. Бу ҳақда китоблар чоп этилмоқда, оммавий ахборот воситаларида атрофлича маълумотлар эълон қилинмоқда.
Ремко Рейдинг ҳозирги вақтда Голландиянинг “Совет жангчилари шон-шуҳрати майдони” жамғармаси бошқаруви раиси лавозимида ишлаётганини қайд этди. Ушбу номдаги ёдгорлик мажмуаси Амерсфорт шаҳрининг “Растхоф” қабристонига туташ ҳудудда жойлшган бўлиб, бу ерда 865 нафар совет аскари, жумладан, 101 нафар ўзбек жангчиси дафн этилган.
Р.Рейдинг ана шу қурбонларнинг шахсини аниқлаштириш учун 20 йилдан буён изчил изланишлар олиб бормоқда. Унинг айтишича, бу ерда хоклари кўмилган 101 нафар ўзбек жангчиси 1941 йилда асирга олинган ва 1942 йил 8 апрелда қатл этилган. “Совет жангчилари шон-шуҳрати майдони” жамғармаси ҳар йили шу қайғули санада собиқ “Амерсфорт” концлагерининг юртдошларимиз отиб ташланган майдонида хотира тадбири ўтказиб келади.
Жорий йилда ана шу машъум санага 80 йил тўлади. Шу муносабат билан Р.Рейдинг бу галги хотира тадбирига Ўзбекистон вакилларини ҳам таклиф этди.
Томонлар муҳокама қилинган масалалар бўйича ўзаро келишиб олдилар. Р.Рейдингнинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув якунида академик А.Саидов Ремко Рейдингга ўзининг “Ғалаба боғи фалсафаси” китобини тақдим этди.
Маълумот учун: А.Саидов 2022 йил 29 январь куни Брюсселда ўз ишини бошлаган «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» Парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 15-йиғилишида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси делегациясига раҳбарлик қилмоқда. Ушбу йиғилиш жорий йилнинг 2 февралигача давом этади.