Жорий йил 1 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Қўмита аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқиладиган масалалар дастлабки тарзда муҳокама этилди..
Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 287-моддаси 2-бандига мувофиқ чегара қўшинларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, зарур ҳужжатларни тақдим этиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаслик, қонуний талабларни бажармасликка ҳар қандай кўринишда омма олдида даъват этиш, шунингдек чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг ўз қонуний фаолиятини амалга оширишига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда, чегара қўшинларига ҳуқуқбузарларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколати берилган.
Бироқ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш давомида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22721 ва 22723-моддаларида назарда тутилган, яъни товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали божхона органлари томонидан белгиланган жойларни четлаб ёки божхона расмийлаштирувининг белгиланган вақтидан ташқари пайтда олиб ўтиш билан боғлиқ содир этилган ҳуқуқбузарликлар божхона постларидан узоқ ҳудудларда содир этилганлиги аниқланганда мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатларини тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштириш талаб этиладиган вазиятлар юзага келмоқда.
Шу боис Кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, чегара қўшинларига ушбу моддаларда назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни, ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларидан фойдаланиб содир этилганида эса мазкур транспорт воситаларини ушлаб туриш ваколати берилмоқда.
Мутахассислар томонидан мамлакат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида хорижий тажриба ўрганилган.
Қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар ортиқча вақт сарфлашининг ҳамда бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишининг олдини олинишига хизмат қилишади.
Шунингдек, тадбирда мамлакатимизда газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳолати ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи ҳам муҳокама этилди.
Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида газ баллонлари билан жиҳозланган транспорт воситаларининг портлаши билан боғлиқ салбий ҳолатлар юз беришига қатор омиллар сабаб бўлаётгани аниқлангани қайд этилди.
Хусусан, автотранспорт воситаларига ноқонуний газ мосламасини ўрнатиш ва уларнинг ўз вақтида техник кўрикдан ўтказилмаслик ҳолатлари йилда-йилга кўпайиб бораётгани таъкидланди. Бу эса автотранспорт воситалари портлаши билан боғлиқ мудҳиш ҳодисаларни вужудга келтирмоқда.
2021 йил давомида республика бўйича газ баллонлари ўрнатилган транспорт воситаларида 14 та портлаш ҳамда 2 та ёнғин чиқиш ҳолатлари содир бўлиб, уларда 9 нафар фуқаро жароҳатланган ва 14 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Шунингдек, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларида газ баллонларини тўлдиришда белгиланган талаб ва тартибларни бузиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.
Уларни автомобилларга ўрнатиш ва тегишли ускуналарни синовдан ўтказиш билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатилмаганлиги, газ баллонларининг техник синовдан ўтказилганлиги тўғрисида қалбаки далолатномалар расмийлаштириш ҳолатлари мавжудлиги қайд этилди.
Сенаторлар яна бир масалага эътибор қаратди. “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 8-моддасида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари, давлат ҳокимиятива бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилиниши белгиланган.
Лекин газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аксарияти рус тилида қабул қилинган.
Мажлисда бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.