Ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос ривожланиш қонуниятлари мавжуд… – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Мақолалар

Ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос ривожланиш қонуниятлари мавжуд. Бугун дунё мамлакатлари тараққиёти глобаллашув шароитидаги ижтимоий-сиёсий муҳитнинг таъсири билан бирга кечмоқда. Ўзбекистон ҳам жаҳон ҳамжамиятида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Президентимиз фармони билан тасдиқланган «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» юртимизнинг ўзига хос йўриқномаси сифатида намоён бўлди. Тараққиёт стратегияси, уни тасдиқлаш тўғрисидаги фармон ва «Йўл харитаси» лойиҳаларининг умум халқ муҳокамасига тақдим этилганлиги ҳам фуқароларимизнинг фикр ва қарашлари ҳамда кайфияти давлат учун биринчи галда эканлигининг ёрқин ифодаси. Муҳокамалар даврида барча оммавий ахборот воситалари, хусусан, веб-сайтларда мавзуга оид 3 600 та, биргина «Facebook» ва «Telegram» мессенжерларда 1 600 га яқин материаллар эълон қилинган. Телерадиоканалларда қарийб 1 700 та кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилди.  

Лойиҳа бўйича жами 17 535 та таклиф келиб тушган.

Қуйидаги рақамлар, яъни:

«Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш» устувор йўналишида – 7 137 та;

«Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш» устувор йўналишида – 564 та;

«Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш» устувор йўналишида – 1 116 та;

«Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш» устувор йўналишида – 7 395 та;

«Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш» устувор йўналишида – 225 та;

«Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умум башарий муаммоларга ёндашиш» устувор йўналишида – 892 та;

«Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш» устувор йўналишида – 206 та таклиф келиб тушган. 

Эътироф этиш керакки, Тараққиёт стратегиясида «Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш» биринчи устувор йўналиш сифатида белгиланиб, 12 та мақсадни ўз ичига қамраб олди. «Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш», деб номланган иккинчи устувор йўналиш 8 та мақсадни ўзи ичига олган. Унинг асосий моҳияти конституция ва қонун устунлигини ҳамда қонунийликни таъминлаш, инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш, суд ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли таъминлашга йўналтирилган.

Учинчи устувор йўналиш – «Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш»да 16 та асосий мақсад ўрин олган ҳамда иқтисодиёт тармоқларида барқарорликни таъминлаш орқали келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулотни аҳоли жон бошига 1,6 баравар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига келадиган даромадни 4 000 АҚШ долларидан ошириш, пировардида «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кириш учун замин яратишга қаратилган. 

«Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш» номли тўртинчи устувор йўналишда 34 та мақсад мужассам бўлиб, моҳиятан мактабгача таълим тизимида ва мактабларда таълим сифатини ошириш, педагог кадрларнинг билими ва малакасини халқаро даражага кўтариш, малакали ўқитувчиларнинг ойлик маошларини босқичма-босқич 1000 АҚШ доллари эквивалентига етказиш,олий таълимга қамров даражасини 50 фоизга олиб чиқишдан иборат. 

«Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга кўтариш» бешинчи устувор йўналиш ҳисобланиб,8 та мақсадни ўз ичига олади ва «Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият» концепциясини амалга оширишни назарда тутади. «Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш» деб аталган олтинчи устувор йўналиш 10 та мақсаддан таркиб топган. Алоҳида эътироф этиш лозимки, унда аҳоли саломатлиги ва генофондига зарар етказувчи мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш асосий мақсад сифатида белгиланди.

«Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш» – еттинчи устувор йўналиш сифатида белгиланиб, 12 та мақсадни ўз ичига олган ва давлатнинг мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини, имкониятлари ва салоҳиятини кучайтириш масаласини илгари сурган. 

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мамлакатимизнинг жаҳон миқёсида ўзига хос ўрин эгаллашида алоҳида аҳамият касб этади.

Фозилжон Отахонов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва
парламент тадқиқотлари институти директори, 
юридик фанлар доктори, профессор

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan