Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги устувор мақсад ва вазифаларини амалга оширишда парламентнинг ўрни – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

     2022 йил 4 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясидаги инсон қадрини таъминлашнинг устувор мақсад ва вазифаларини амалга оширишда парламентнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

     Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Адлия вазирликлари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, ЎзННТМА, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

     Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов кириш сўзи билан очиб берди.

     Таъкидланганидек, Ҳаракатлар стратегияси доирасида ислоҳотларнинг натижасида мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди. Жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси 2026 йилгача бўлган бунёдкорлик жараёнини қамраб олади ва йилма-йил амалга ошириб борилади.

     Давра суҳбатида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходими Ш.Жолдасова Тараққиёт стратегиясини ҳаётга тадбиқ қилиш юзасидан Институтнинг ўз олдига қўйган вазифалари ҳақида маълумот берди. Хусусан, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигига мўлжалланган Иш режасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони ҳамда Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастури юзасидан тарғибот ишларини олиб бориш ҳамда унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари масъул этиб белгиланган мақсада ва вазифалар ижросини таъминлашда уларга ахборот-таҳлилий хизмат кўрсатиш каби муҳим бандлар киритилганлиги алоҳида таъкидланди.

     Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон Стратегияси” деб номланган китобида мамлакатимизнинг 2022-2026 йилларда ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари сифатида эътироф этилган ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятини тадқиқ этишни янада мустаҳкамлаш асосида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ривожлантиришнинг янги мазмун-моҳиятга эга концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган эди.

     Қайд этилганидек, Мазкур вазифани комплекс ва тизимли равишда амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича Инстиут ходимлари ва Институт ҳузурида тузилган Илмий-эксперт кенгаши аъзоларидан ишчи гуруҳларини ташкил этилганлиги ҳамда унинг мақсади этиб, “Янги Ўзбекистон Стратегияси”ида ишлаб чиқилиши назарда тутилган қонунларнинг илмий-амалий нуқтаи назаридан асослантирилган концептуал асосларини ўрганиш асосида ишлаб чиқиш белгиланган.

     Шунингдек, Институт тузилмасида ташкил этилган Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув марказида маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари аъзолари ва котибияти ходимларининг сиёсий ва ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлаш йўналишларида ўқитиш режалаштирилган.

     Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида Қонунчилик палатасининг барча қўмиталари билан бу йўналишда ҳамкорлик қилишга ва уларнинг фаолиятини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш Институт энг устувор йўналишлардан бири эканлиги эътироф этилди.

     Қизғин ва конструктив руҳда ўтган давра суҳбати якунида “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”дан келиб чиққан инсон қадрини улуғлаш ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш билан боғлиқ мақсадларни амалга оширишда Олий Мажлис олдида турган долзарб вазифалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan