Кекса авлод вакилларини эъзозлаш – миллий ва умуминсоний қадрият – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар

    “Кексалар ва нуронийларимизни, дуогўй отахон ва онахонларимизни эъзозлаш, уларни ҳаётдан рози қилиш, қўлимиздан келганича умрларини узайтириш энг улуғ қадриятларимиздан бири бўлиб келмоқда. Бундай табаррук инсонларга хизмат қилиш, уларга муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш бўйича олиб бораётган ишларимизни янада кучайтиришни ўзимизнинг бурчимиз, деб ҳисоблаймиз ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаймиз”

Шавкат Мирзиёев

     Конституция нормалари ҳаётийлигини таъминлаш Президентнинг олий мақсади

     Мамалакатимиз Асосий Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси-нинг Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир (93-модда). Унда “Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга” (39-модда) эканлиги ҳақидаги ва “Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир” (45-модда) деган нормалар белгиланган.

     Президентимиз Шавкат Мирзиёев юқоридаги конституциявий нормаларни ҳаётийлигини таъминлашни ўзининг олий мақсади сифатида белгилаб олганлигини 2016 йил декабрь ойида “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини биринчилар қаторида имзолаганлигида ҳам кўришимиз мумкин.

     Мазкур Қонун ижросини таъминлаш ҳамда кекса кишиларни, имкониятлари чекланган шахсларни ва ёлғиз кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя ва тиббий-ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда принципиал янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги ПҚ-2705-сон қарорида устувор вазифалар этиб қуйидагилар белгиланди:

     кекса авлод вакилларига нисбатан ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, кексаларнинг ҳаёт фаолияти ва дам олишини ташкил этиш тизимини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш;

     ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронларни аниқ манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларга кўрсатиладиган уй-жой-маиший ҳамда бошқа яшаш шароитларини яхшилашга йўналтирилган моддий ёрдамни кенгайтириш;

     қариялар, ногиронлар ва ёлғиз кексаларни даволаш, тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирларини кенгайтириш, кўриш ва эшитиш органлари, ҳаракат-таянч тизими касалликларини ҳамда юрак-қон томир касалликларини даволашнинг замонавий усуллари билан қамраб олиш ва улардан баҳраманд этиш йўли билан уларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдам даражаси ва сифатини ошириш;

     муҳтож кексалар ва ногиронларни сифатли ёрдамчи ва техник реабилитация воситалари билан таъминлаш даражасини ошириш, уларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш чораларини кўриш, тиббий- ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.

     Юқоридаги вазифаларни бажариш учун Қарор билан “2017 – 2020 йилларда кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари комплекси” тасдиқланди ва униннг ижроси доимий назоратга олинди.

     Кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама эъзозлаш – халқимизнинг азалий қадриятидир. Ана шундай ноёб фазилатни асраб-авайлаш, фарзандларимизни шу руҳда тарбиялаш – барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Шавкат Мирзиёев

Давлат дастурида кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилишга оид белгиланган чора-тадбирлар

      2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурида нафақат ёшларга, балки кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, фаол ва мазмунли ҳаёт кечиришларини таъминлаш, бой ҳаётий тажрибасидан кенг фойдаланишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширилиши белгиланди.

     Яна бир муҳим масала – нуроний отахон ва онахонларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

Шавкат Мирзиёев

     Хусусан, «Нуроний» жамғармасининг молиявий имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида жамғармага Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратиш;

     ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 16 мингдан зиёд кексаларга ёрдам бериш, уларнинг ҳаётини мазмунли ташкил этиш учун тўловлар миқдорини ошириш ва уларга кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш;

     Бухоро, Қарши ва Урганч шаҳарларида янгидан ташкил этиладиган сиҳатгоҳларда ҳамда мавжуд дам олиш масканларида жами 25 мингдан ортиқ нуронийларнинг соғлиғини тиклаш;

     марказий телеканалларда намойиш этилаётган «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи» кўрсатуви сонини кўпайтириш ва мазмунан бойитиш;

     «Нуронийлар маслаҳати», «Маҳаллада гурунг» каби янги кўрсатувлар ташкил этиш назарда тутилди.

     Шунингдек, Фармонда пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида қуйидагича тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ 2021 йил 1 июндан бошлаб:

     пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр – 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланмоқда;

     уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш бекор қилинди;

     ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилди;

     пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланадиган ва тўланадиган тартиб ўрнатилди;

     пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банклари филиалларида банк пластик карталарини очиш жараёнида ёки банк мобиль иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилмоқда;

     фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганлигини тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этиладиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали пенсияларни нақд пулсиз шаклда олувчи шахслар томонидан ҳар олти ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш ҳамда масъул ходимлар томонидан жойларга чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинди.

     Фармон билан пенсия ва нафақалар тўғри тайинланиши ҳамда тўланиши бўйича текширишлар натижасида аниқланган ортиқча тўлов суммасининг 2021 йил 1 февраль ҳолатига бўлган қарздорлиги ҳисобдан чиқарилиши белгиланди.

      Давлат дастурида кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилишга оид белгиланган чора-тадбирлар бўйича амалга оширилган ишлар

      Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун 2021 йилда  кекса авлод вакилларининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу соҳада қабул қилинган Президент фармон ва қарорларининг айримларини мисол келтириш ўринлидир.

     Биринчи. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 мартдаги “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги ПФ-6195-сон Фармони қабул қилинди.

     Унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Агентлик кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ваколатли давлат бошқаруви орган сифатида Вазирлар Маҳкамасига бўйсуниши белгиланди.

     Мазкур Фармонга биноан «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари томонидан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни соғломлаштириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли тиббий-ижтимоий ёрдам олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари  (эшитиш аппаратлари, ногиронлар аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар, юриш мосламалари), шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш каби бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

     “Саховат” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида яшовчи ёлғиз пенсионерларга шахсий сарф-харажатлари учун камида тўланадиган ойлик пенсия миқдори 10 фоиздан 20 фоизгача оширилди.

     “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг озиқ-овқат, шахсий гигиена ва дори воситалари таъминоти учун ажратиладиган маблағ миқдорини 2022-2024 йилларда босқичма-босқич ошириш, шунингдек, 2021 йилда маҳаллий бюджетдан қўшимча маблағ ажратиш ҳисобига “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни шахсий гигиена воситалари билан тўлиқ таъминлашни молиялаштириш чоралари кўрилиши белгиланди.

     Даврий равишда уйда яшовчи, ўзгалар ёрдамига муҳтож ёлғиз кексалар ва фахрийлар ҳолидан хабар олиш ҳамда уларга ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш чоралари кўрилиши ҳам қайд қилинди.

     Иккинчи. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 майдаги “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-5102-сон Қарори қабул қилинди.

      Қарорда 2022 йил 1 январдан бошлаб пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни тўлаш ҳар уч йилда ҳудудлар бўйича алоҳида ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилиши, 2022 йил 1 июлдан бошлаб эса давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилиниши ва давлат пенсияларини тайинлаш “Ягона меҳнат миллий тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилиши белгиланди.

      Президент қарорида фуқароларга пенсия ва ижтимоий нафақа тўлаш, етказиб бериш билан боғлиқ яна кўплаб енгилликлар берилганки, энди фуқаролар пенсияга чиқиши учун идорама-идора югуриб, бир дунё ҳужжатлар тўплаб сарсон бўлмайди. Пенсия ва нафақа пулини олиш учун банк эшиклари олдида кунлаб навбат кутмайди. Энди пенсия ҳужжатларини расмийлаштириш учун фақат паспорт ёки ID-карта талаб этилади, холос. Шу пайтгача бунинг учун 30 дан ортиқ ҳужжат талаб этилган ва уларни тўплаш учун 14 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларнинг эшигини тақиллатишга тўғри келарди.

     Учинчи. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 августдаги “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги  ПФ-6279-сон Фармони билан 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида: пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 289 000 сўм; ёшга доир энг кам пенсиялар — ойига 565 000 сўм; зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа — ойига 440 000 сўм; иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 440 000 сўм; белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 623 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори — ойига 623 000 сўм; 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда — ойига 2 750 000 сўм этиб белгиланди.

     Нуронийларимизнинг руҳи ва кайфиятини кўтарадиган “Уч авлод учрашуви”,Кексалар ҳафталиги” сингари маънавий-маърифий тадбирларни кўпайтириш, умуман, ҳар бир туманда фахрийларимизни қўллаб-қувватлаш ишларини кенгайтириш учун алоҳида дастурлар тузиб, амалга оширсак, айни муддао бўлади.

Шавкат Мирзиёев

     Кекса авлод вакилларини эъзозлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишга оид амалга оширилган тадбирлар

     Биринчидан, 2021 йилнинг 4-10 октябрь кунлари “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Кексалар ҳафталиги” ўтказилди.

     Хусусан, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг юртимиздаги 2 минг 57 та маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи, давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг 1 минг 854 та маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи жами  94 минг 804 нафар кекса авлод вакиллари билан очиқ мулоқотлари ўтказилди. Ушбу мулоқотлар давомида ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича нуроний ва меҳнат фахрийларининг таклифлари тингланди. Уларни ҳал этиш бўйича зарур чоралар белгилаб олинди.

     Шунингдек, мамлакатимиздаги 26 та “Саховат” ва Мурувват” уйларида яшовчи кексалар учун қатор маданий тадбирлар ва ижодий учрашувлар ўтказилди.

     Кекса авлод вакиллари вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида 39 та туман ва шаҳарлардан яшовчи 1 337 нафар нуронийларнинг “Янги Ўзбекистон боғи”га61 та туман ва шаҳарларда яшовчи 7 381 нафар нуронийларнинг ҳудудлардаги музей ва зиёратгоҳларга саёҳатлари ташкил этилди.

     Нуронийлар саломатлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2 минг 28 та маҳаллада истиқомат қилувчи 77 минг 52 нафар кекса авлод вакиллари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

     Ногиронлиги бор 669 нафар кексаларга реабилитация воситалари, яъни, ногиронлик аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқ, эшитиш мосламалари, 6 443 нафар якка ёлғиз кексаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди, 3 180 нафари эса зарур дори-дармон воситалари билан таъминланди.

     Якка, ёлғиз яшовчи 2 минг 825 нафар кексаларнинг хонадонларида ҳашарлар ўтказилди, Шунингдек, 81 нафар ёлғиз кексаларнинг юбилей кечалари ўтказилди.

     Уйида бемор ётган кексалар ҳолидан хабар олиш мақсадида 6 366 нафар бемор ҳамда шифохоналарда даволанаётган 3 608 нафар нуронийларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди.

     “Кексалар ҳафталиги” доирасида нуронийлар ва меҳнат фахрийларнинг бўш вақтларини янада бойитиш мақсадида 1 минг 735 та маҳаллада кекса авлод вакиллари иштирокида шахмат-шашка, 1 минг 482 та маҳаллада пиёда юриш, волейбол, мини-футбол, стол теннисини ўз ичига олган “Кексалар завқи” спорт мусобақалари ўтказилди. Ушбу турли йўналишдаги спорт тадбирларида 41 минг 588 нафар нуроний иштирок этди.

     1 074 та таълим муассасасида “Кексалар — оила чироғи” мавзусида қўшимча машғулотлар ўтказилди. Шунингдек 2 521 та таълим муассасаларидаги мавжуд турли тўгарак машғулотларига 13 минг 561 нафар кекса авлод вакиллари жалб этилди, улар иштирокида “Нуронийлар — ёшлар нигоҳида” мавзусида учрашув ва давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

     Шунингдек, юртимиздаги 968 та турли таълим муассасаларида “Бобомнинг айтишича” мавзусида иншолар танлови ўтказилди, уларда жами 17 074 нафар нуроний ва 58 248 нафар ёшлар иштирок этди.

     Ҳафталик доирасида бизга ҳар жабҳада ўрнак бўлиб, тўғри йўл кўрсатиб борувчи нуронийлар иштирокида турли маданий-маърифий ва тарғибот тадбирлари ҳам ўтказилмоқда.

     Жумладан, 1 624 та маҳаллада бир-бирини узоқ вақтдан буён кўрмай келаётган тенгдош нуронийлар иштирокида кексаларнинг дийдорлашув тадбирлари бўлиб ўтди. Шунингдек, 1 602 та маҳаллада аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиш бўйича нуронийлар иштирокида маслаҳат учрашувлари ташкил этилди. Ушбу тадбирларга 48 минг 325 нафар кекса ва нуронийлар жалб этилди.

     106 та ҳарбий қисмда 1 688 нафар нуронийлар ва нафақадаги ҳарбий хизматчилар иштирокида “Кексалар маърифати” мавзусида маънавий тадбирлар, 1 417 та маҳаллада “Бобом, бувим ва мен китобхон” шиори остида китобхонлик акциялари, 410 та маҳаллада  “Касбим – фахрим” мавзусида учрашувлар ташкил этилиб, уларга 27 минг 85 нафар кекса авлод вакиллари ҳамда 58 минг 588 нафар ёшлар жалб этилди.

     2 640 та маҳаллада 39 060 нафар нуроний ва 55 372 нафар ёшлар иштирокида оилаларни мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказилди.

     Турли миллат вакиллари истиқомат қилувчи 604 та маҳаллада “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар, 506 тасида амалий санъат, ҳунармандчилик буюмлари, миллий маҳсулотлар кўргазмаси намойиши ўтказилди.

     49 та туман ва шаҳарларда кекса авлод вакиллари иштирокида  “Эҳтиром, эъзоз, эътибор” мавзусида концерт дастурлари ҳамда 12 минг 908 нафар нуронийлар иштирокида “Янги Ўзбекистонни барпо этишда нуронийларнинг ўрни” мавзусида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

     Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб мамалакатимизнинг барча ҳудудларида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарларда),  давлат ҳоқимияти органларида “Уч авлод учрашуви”лари юқори савияда ташкил қилинди.

     Мазкур тадбирларда уч авлод, яъни биринчи авлод – давлат ҳокимияти органлари, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда кўп йиллар ишлаган, ўзининг ҳалол меҳнати, ибратли ҳаёти, ижтимоий фаоллиги билан бутун тизим ходимларига ўрнак бўлган турли миллатларга мансуб фахрийлар, иккинчи авлод – айни дамда турли соҳаларда меҳнат қилаётган энг салоҳиятли ходимлар,  учинчи авлод – мактаблар, коллежлар, лицейлар ва олий таълим муассасаларида таълим олаётган ёшлар иштирок этишди.

     Хусусан, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, фахрий устоз ва мураббийлар, мамлакат тараққиётига, бугунги тинч, осуда, доруломон кунларга тамал тоши қўйилишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган ёши улуғлар, ёшлар билан биргаликда, Янги Ўзбекистоннинг диққатга сазовор масканлари, музейлар, театрлар, янги иморатлар, таълим масканларида бўлиб, ҳамюртларимиз айниқса ёшларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди.

     Учрашув давомида олинган тааъссуротлар бир дастурхон атрофида, кўп йиллик қадрдонлар, устоз шогирдар, бир сўз билан айтганда уч авлод ўртасидаги суҳбатларда ўз аксини топди. Кўнгил кўнгилдан сув ичади дейишади. Улуғларимиз, ўрта авлод вакиллари ҳамда эртамиз эгаларини жам қилган дилбар давралар, бугунги тинч ва фаровон кунлар, обод масканлар, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликда бугунидан рози бўлиб умргузаронлик қилаётган ҳамюртларимизнинг шукроналикка йўғрилган суҳбатларига бой бўлди.

     Учинчидан, мамлакатимизда деярли барча давлат ва хўжалик бошқарув  бошқарув органларида Фахрийлар кенгашлари тузилди ва улар ўз фаолиятини муваффақиятли олиб бормоқдалар.

     Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати соҳасида пенсионерлар ва фахрийларга қулай шарт-шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 651-сон Қарорига мувофиқ «Навоий КМК» АЖ, «Олмалиқ КМК» АЖ ва «Ўзметкомбинат» АЖнинг Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати Фахрийлари кенгаши тузилди ва Кенгаш фаолиятининг асосий йўналишлари ва вазифалари этиб кончилик ва металлургия саноати пенсионерлари ва фахрийларининг маънавий эҳтиёжларини қондириш, уларнинг хуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини, ижтимоий ва моддий ҳолатини яхшилаш, уларга маиший, тиббий, маданий ва бошқа турдаги хизматларни кўрсатиш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда кўмаклашиш белгиланди.

     Эришилган натижалар.

     Ҳар қандай жамиятнинг маданиятлилик, бағрикенглик ва меҳрибонлик хусусиятлари имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган шахслар ва кексаларга бўлган муносабати билан белгиланади.

Шавкат Мирзиёев

     Кекса авлод вакилларига давлат ва жамият томонидан диққат-эътибор, ғамхўрлик кўрсатиш изчил ва тизимли равишда оширилганлиги ҳамда уларни ижтимоий муҳофаза қилишни, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни янада кучайтирилганлиги натижасида қуйидагиларга эришилди:

     биринчи, аҳолининг фаровонлиги ошди ва кишиларнинг турмуш сифати яхшиланди, бу эса кейинги 25 йил мобайнида ўртача умр кўриш давомийлиги 67 ёшдан 73,5 ёшга, шу жумладан эркаклар — 66 ёшдан 71,2 ёшгача, аёлларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги эса 70 ёшдан 75,8 ёшгача ортишига имконият яратди;

     иккинчи, мамалакатимиз фуқароларининг пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган, яъни 60 ёшдан (аёллар 55 ёшдан) ўтганлари сони 2010 йилга (2 176 290 киши) нисбатан  1 598 304 тага ёки 57,7 фоизга кўпайиб, 2021 йилда 3 774 594 кишини ташкил қилди;

     учинчи, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг: 2030 йилгача тўйиб овқат емасликнинг барча шаклларига барҳам бериш, жумладан, кекса одамларнинг овқатланишга бўлган эҳтиёжларини қондириш (2.2-вазифа), 3-мақсад. Соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва барча ёшдаги кишиларнинг фаровонлигига кўмаклашишда 2030 йилгача аҳоли ўртасида юрак-томир, онкологик, қандли диабет ва сурункали респиратор касалликлар туфайли бевақт ўлимни 30 фоизга қисқартириш (3.4-вазифа), барча одамларнинг, уларнинг ёши, жинси, ногиронлиги мавжудлиги, миллати, дини ва ижтимоий мақомидан қатъи назар, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишини қонунчилик йўли билан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш вазифаларини амалга оширишга катта эътибор қаратилди;

     тўртинчи, кексаларни қадрлашдан иборат халқимизга хос асрий анъаналарни, оилаларда тинчлик ва тотувлик, жамиятда барқарорлик муҳитини шакллантиришга уларнинг қўшаётган муносиб ҳиссасини ёритиш ва тарғиб қилишда, улардан тарбиявий мақсадларда фойдаланишда оила, маҳалла, жамоат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг роли оширилди:

     бешинчи, кексаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг пенсия таъминотини такомиллаштириш, тиббий, санаторий-курорт, коммунал-маиший ва транспорт хизматлари кўрсатишни яхшилаш борасидаги чора-тадбирларни янада кучайтирилди;

     олтинчи, ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлар, уруш қатнашчилари ва ногиронлари тўғрисида ғамхўрликни кучайтирилди, уларнинг дори-дармонлар ва ижтимоий хизмат кўрсатиш билан таъминланиши даражаси оширилди;

     еттинчи, жамиятни тубдан ўзгартиришда, соғлом авлодни тарбиялашда, бой касбий ва ҳаётий тажрибанинг, эзгу анъаналар ҳамда маданий қадриятларнинг узвийлигида ва уларни ёшларга етказишда кексаларнинг фаол иштирок этишларини таъминлашга қаратилган тадбирлар амалга оширилди.

      Келажакдаги вазифалар

      Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистон стратегияси китобида “Энг асосийси, ислоҳотларимиз натижасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз кундалик ҳаётида ҳис этиши керак. Барча бўғиндаги раҳбарлар қоғоздаги ҳисоботлар, фоиз ва рақамлар ортидан кувмасдан, ҳар қайси фуқаро учун, унинг ҳаётий эҳтиёж ва орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун ишлаши шарт.

     Шунда нуроний кексаларимиз, муҳтарам отахон ва онахонларимиз, ҳурматли аёлларимиз, азиз фарзандларимиз, жажжи набираларимиз – кўпмиллатли бутун халқимиз биздан рози бўлади” – ёзган фикрлари бу соҳада қилиниши лозим бўлган асосий вазифаларни кўрсатиб берди.

     Бу вазифаларни амалга ошириш учун конституциявий ислоҳотлар доирасида Президентимиз: “инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституциямизда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари ҳам ўз аксини топиши зарур” – деб таъкидладилар.

 

Ф.Х.ОТАХОНОВ

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари

 ва парламент тадқиқотлари институти директори, 

юридик фанлар доктори, профессор

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan