Ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш – давр талаби – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

      Жорий йилнинг 4 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш – давр талаби” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

     Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази, ТДЮУ ихтисослаштирилган филиали профессор-ўқитувчилари, Қонунчилик муаммолари институти, Халқаро миграция ташкилоти ходимлари, соҳа мутахассислари ва олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

     Мазкур тадбирни ўтказишдан мақсад – ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, хусусан, Ўзбекистон ва хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар учун ахборот-коммуникация технологиялари орқали кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва сифатини ошириш, меҳнат миграция соҳасини бошқаришда кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими ҳамда уларнинг ҳуқуқий асосларини соҳа вакиллари, экспертлар ва олимлар иштирокида муҳокама қилиш асосида миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишдан иборат.

     Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси М.Ходжаева “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”нинг 86-мақсади ва Тараққиёт стратегиясиниИнсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 312–314-бандлари хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини таъминлаш ҳамда самарали миграция сиёсатини юритишга доир қатор устувор вазифаларга бағишланганлигини таъкидлади.

     Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Д.Файзиева ўз кириш сўзида Ўзбекистон Республикасининг “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси хорижий давлатларда ишлаш истагида бўлган фуқарони касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитишни амалга ошириш, хавфсиз ташкиллаштирилган хорижий меҳнат миграциясига фуқароларни юборишни ташкил этиш, хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга манзилли кўмак кўрсатишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини эътироф этди.

     Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Ф. Отахонов ўз маърузасида мамлакатимиз бугунги кунда жаҳон иқтисодиётига ҳамда халқаро меҳнат бозорига жадал суръатларда интеграциялашаётганлиги, 2021 йилнинг январь-декабрь ойларида республикамизга келиб тушган халқаро трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 8,1 млрд АҚШ долларини ташкил этган бўлиб, Жаҳон банки маълумотларига кўра 7,6 млрд доллар ўзбекистонлик меҳнаткаш-мигрантлар томонидан ўтказилганлиги, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича “Йўл харитаси”нинг 41-банди, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январдаги “Ташқи меҳнат миграцияси ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича 2020 йил якунлари натижадорлиги ҳамда 2021 йил учун белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш тўғрисида”ги 1-сон йиғилиши баёнининг 31-бандида меҳнат миграциясини тартибга солишга қаратилган вазифалар назарда тутилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

     Шунингдек, Ф.Отахонов 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг 10-мақсадида мамлакат ичида тенгсизликни унинг барча кўринишларида қисқартириш  доирасида тартибга солинган, хавфсиз, бошқариладиган меҳнат миграцияси ва самарали миграция сиёсатига кўмаклашиш вазифаси кўзда тутилганлигини ҳам қайд этди.

     Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси депутати Ш.Қулматов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги тегишли фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 41-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилиниб, ҳозирда лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёни ҳақида маълумот берди.

     Қонунчилик муаммолари институти бўлим бошлиғи С.Ишанходжаев ўз маърузасида 1990 йил 18 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 45/158-резолюцияси асосида Барча меҳнаткаш-мигрантлар ва улар оила аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция қабул қилинганлигини ва у 2003 йилнинг 1 июлидан кучга кирганлиги, ушбу Конвенция барча меҳнаткаш-мигрантларга ва уларнинг оила аъзоларига, уларни жинси, ирқи, терисининг ранги, тили, дини ёки эътиқоди, сиёсий ва ўзга хил қарашлари, миллий, этник ёки ижтимоий келиб чиқиши, фуқаролиги, ёши, иқтисодий, мулкий, оилавий ёки табақавий мавқеи белгилари бўйича ёхуд бошқа ҳар қандай белги бўйича ҳеч бир фарқламаган ҳолда қўлланилишини таъкидлади.

     Шунингдек, С.Ишанходжаев меҳнаткаш-мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид халқаро ҳуқуқий нормалар етарли бўлса-да, давлатлар бундай тоифадаги шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро ҳуқуқий мажбуриятларни ўз зиммаларига олишга шошмаётганлигини, мазкур халқаро ҳуқуқий ҳужжат, меҳнаткаш-мигрантларни импорт қилувчи ривожланган индустриал мамлакатлар томонидан эмас, балки асосан экспортёр давлатлар томонидан ратификация қилинганлигини, импортёр давлатлар томонидан бу муаммога етарли эътибор қаратилмаслиги, авваламбор, бу давлатлардаги ноқонуний ишчи миграцияси кучайишига, унинг салбий оқибатлари ортишига, энг муҳими, бу тоифадаги шахсларнинг ҳуқуқлари етарли даражада кафолатланмаслигига олиб келишини айтиб ўтди.

     Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан билирилган таклиф ва тавсиялар “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини такомиллаштиришда фойдаланилиши қайд этилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan