Ўзбекистон — Туркия : парламентлараро алоқалар янада ривожланади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Туркия Республикаси Буюк миллат мажлисининг Имкониятларда гендер тенглик комиссияси раиси Фатма Аксал бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Мулоқот аввалида А.Саидов меҳмонларни юртимизга ташрифи билан самимий қутлаб, мазкур учрашув икки давлат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Суҳбат чоғида делегация аъзоларига мамлакатимизда сўнгги беш йилда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, ҳар томонлама пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари ҳақида сўзлаб берилди.

Учрашувда қайд этилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Туркия парламенти билан парламентлараро мулоқотни турли даражада фаоллаштириш тарафдори. Бу борада мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги алоқалар мунтазам равишда ривожланаётгани қувонарли ҳолатдир.

Мамлакатларимизни тарихий алоқалар, маданий ва диний ришталар ҳамда анъаналар ва маънавий қадриятлар яқинлиги боғлаб туради. Жорий йилнинг 4 март куни Ўзбекистон-Туркия дипломатик муносабатларининг ўрнатилганига 30 йил тўладиган бўлса, 2021 йил Туркия томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини тан олинганига 30 йил тўлди.

Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки ва кўп томонлама ҳамкорлик шаклида сезиларли даражада ривожланиб бораётгани, минтақалар ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада жонланиб, мунтазамлик касб этиб бораётгани қайд этилди.

Шунингдек, ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасида тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, парламентлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan