Кексаларга эътибор халқимизнинг азалий қадриятидир… – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Мақолалар Янгиликлар

Мамлакатимиз асосий Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир (93-модда). Унда «Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга» (39-модда) эканлиги ҳақидаги ва «Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир» (45-модда) деган нормалар белгиланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев юқоридаги конституциявий нормаларни ҳаётийлигини таъминлашни ўзининг олий мақсади сифатида белгилаб олганлигини 2016 йил декабрь ойида “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини биринчилар қаторида имзолаганлигида ҳам кўришимиз мумкин.

Мазкур Қонун ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги ПҚ-2705-сон қарорида устувор вазифалар этиб қуйидагилар белгиланди:

кекса авлод вакилларига нисбатан ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, кексаларнинг ҳаёт фаолияти ва дам олишини ташкил этиш тизимини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш;

ёлғиз кексалар, пенционерлар, ногиронларни аниқ манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларга кўрсатиладиган уй-жой-маиший ҳамда бошқа яшаш шароитларини яхшилашга йўналтирилган моддий ёрдамни кенгайтириш;

қариялар, ногиронлар ва ёлғиз кексаларни даволаш, тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирларини кенгайтириш, кўриш ва эшитиш органлари, ҳаракат-таянч тизими касалликларини ҳамда юрак-қон томир касалликларини даволашнинг замонавий усуллари билан қамраб олиш ва улардан баҳраманд этиш йўли билан уларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдам даражаси ва сифатини ошириш;

муҳтож кексалар ва ногиронларни сифатли ёрдамчи ва техник реабилитация воситалари билан таъминлаш даражасини ошириш, уларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш чораларини кўриш, тиббий- ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.

Юқоридаги вазифаларни бажариш учун Қарор билан “2017 – 2020 йилларда кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари комплекси» тасдиқланди ва унинг ижроси доимий назоратга олинди. 

БEЛГИЛАНГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурида нафақат ёшларга, балки кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, фаол ва мазмунли ҳаёт кечиришларини таъминлаш, бой ҳаётий тажрибасидан кенг фойдаланишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширилиши белгиланди.

Хусусан, «Нуроний» жамғармасининг молиявий имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида жамғармага Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратиш;

ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 16 мингдан зиёд кексаларга ёрдам бериш, уларнинг ҳаётини мазмунли ташкил этиш учун тўловлар миқдорини ошириш ва уларга кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш;

Бухоро, Қарши ва Урганч шаҳарларида янгидан ташкил этиладиган сиҳатгоҳларда ҳамда мавжуд дам олиш масканларида жами 25 мингдан ортиқ нуронийларнинг соғлиғини тиклаш;

марказий телеканалларда намойиш этилаётган «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи» кўрсатуви сонини кўпайтириш ва мазмунан бойитиш;

«Нуронийлар маслаҳати», «Маҳаллада гурунг» каби янги кўрсатувлар ташкил этиш назарда тутилди.

Шунингдек, Фармонда пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида қуйидагича тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ 2021 йил 1 июндан бошлаб:

пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр – 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланмоқда;

уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш бекор қилинди;

ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилди;

пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланадиган ва тўланадиган тартиб ўрнатилди;

пенсия ва нафақаларни нақд пульсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банклари филиалларида банк пластик карталарини очиш жараёнида ёки банк мобил иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилмоқда;

фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганлигини тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этиладиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали пенсияларни нақд пульсиз шаклда олувчи шахслар томонидан ҳар олти ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш ҳамда масъул ходимлар томонидан жойларга чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинди.

Фармон билан пенсия ва нафақалар тўғри тайинланиши ҳамда тўланиши бўйича текширишлар натижасида аниқланган ортиқча тўлов суммасининг 2021 йил 1 февраль ҳолатига бўлган қарздорлиги ҳисобдан чиқарилиши белгиланди.

АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР

Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун 2021 йилда кекса авлод вакилларининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу соҳада қабул қилинган Президент фармон ва қарорларининг айримларини мисол келтириш ўринлидир.

Биринчи. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 мартдаги «Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Агентлик кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ваколатли давлат бошқаруви орган сифатида Вазирлар Маҳкамасига бўйсуниши белгиланди.

Мазкур Фармонга биноан «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари томонидан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни соғломлаштириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли тиббий-ижтимоий ёрдам олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари (эшитиш аппаратлари, ногиронлар аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар, юриш мосламалари), шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш каби бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

«Саховат» интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика панционатида яшовчи ёлғиз пенционерларга шахсий сарф-харажатлари учун камида тўланадиган ойлик пенсия миқдори 10 фоиздан 20 фоизгача оширилди.

«Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг озиқ-овқат, шахсий гигиена ва дори воситалари таъминоти учун ажратиладиган маблағ миқдорини 2022-2024 йилларда босқичма-босқич ошириш, шунингдек, 2021 йилда маҳаллий бюджетдан қўшимча маблағ ажратиш ҳисобига «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни шахсий гигиена воситалари билан тўлиқ таъминлашни молиялаштириш чоралари кўрилиши белгиланди.

Даврий равишда уйда яшовчи, ўзгалар ёрдамига муҳтож ёлғиз кексалар ва фахрийлар ҳолидан хабар олиш ҳамда уларга ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш чоралари кўрилиши ҳам қайд қилинди.

Иккинчи. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 майдаги «Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарори қабул қилинди. 

Қарорда 2022 йил 1 январдан бошлаб пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни тўлаш ҳар уч йилда ҳудудлар бўйича алоҳида ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилиши, 2022 йил 1 июлдан бошлаб эса давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилиниши ва давлат пенсияларини тайинлаш «Ягона меҳнат миллий тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилиши белгиланди.

Президент қарорида фуқароларга пенсия ва ижтимоий нафақа тўлаш, етказиб бериш билан боғлиқ яна кўплаб енгилликлар берилганки, энди фуқаролар пенсияга чиқиши учун идорама-идора югуриб, бир дунё ҳужжатлар тўплаб сарсон бўлмайди. Пенсия ва нафақа пулини олиш учун банк эшиклари олдида кунлаб навбат кутмайди. Энди пенсия ҳужжатларини расмийлаштириш учун фақат паспорт ёки ID-карта талаб этилади, холос. Шу пайтгача бунинг учун 30 дан ортиқ ҳужжат талаб этилган ва уларни тўплаш учун 14 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларнинг эшигини тақиллатишга тўғри келарди.

Учинчи. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 августдаги «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармони билан 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида: пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 289 000 сўм; ёшга доир энг кам пенсиялар — ойига 565 000 сўм; зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа — ойига 440 000 сўм; иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 440 000 сўм; белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 623 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори — ойига 623 000 сўм; 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда — ойига 2 750 000 сўм этиб белгиланди.

НАТИЖАЛАР…

Кекса авлод вакилларига давлат ва жамият томонидан диққат-эътибор, ғамхўрлик кўрсатиш изчил ва тизимли равишда оширилганлиги ҳамда уларни ижтимоий муҳофаза қилишни, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни янада кучайтирилганлиги натижасида қуйидагиларга эришилди:

биринчи, аҳолининг фаровонлиги ошди ва кишиларнинг турмуш сифати яхшиланди, бу эса кейинги 25 йил мобайнида ўртача умр кўриш давомийлиги 67 ёшдан 73,5 ёшга, шу жумладан эркаклар — 66 ёшдан 71,2ёшгача, аёлларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги эса 70 ёшдан 75,8 ёшгача ортишига имконият яратди;

иккинчи, мамлакатимиз фуқароларининг пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган, яъни 60 ёшдан (аёллар 55 ёшдан) ўтганлари сони 2010 йилга (2 176 290 киши) нисбатан 1 598 304 тага ёки 57,7 фоизга кўпайиб, 2021 йилда 3 774 594 кишини ташкил қилди; 

учинчи, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг: 2030 йилгача тўйиб овқат емасликнинг барча шаклларига барҳам бериш, жумладан, кекса одамларнинг овқатланишга бўлган эҳтиёжларини қондириш (2.2-вазифа), 3-мақсад. Соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва барча ёшдаги кишиларнинг фаровонлигига кўмаклашишда2030 йилгача аҳоли ўртасида юрак-томир, онкологик, қандли диабет ва сурункали респиратор касалликлар туфайли бевақт ўлимни 30 фоизга қисқартириш(3.4-вазифа),барча одамларнинг, уларнинг ёши, жинси, ногиронлиги мавжудлиги, миллати, дини ва ижтимоий мақомидан қатъи назар, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишини қонунчилик йўли билан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш вазифаларини амалга оширишга катта эътибор қаратилди;

тўртинчи,кексаларни қадрлашдан иборат халқимизга хос асрий анъаналарни, оилаларда тинчлик ва тотувлик, жамиятда барқарорлик муҳитини шакллантиришга уларнинг қўшаётган муносиб ҳиссасини ёритиш ва тарғиб қилишда, улардан тарбиявий мақсадларда фойдаланишда оила, маҳалла, жамоат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг роли оширилди:

бешинчи,кексаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг пенсия таъминотини такомиллаштириш, тиббий, санаторий-курорт, коммунал-маиший ва транспорт хизматлари кўрсатишни яхшилаш борасидаги чора-тадбирларни янада кучайтирилди;

олтинчи,ёлғиз кексалар, пенционерлар ва ногиронлар, уруш қатнашчилари ва ногиронлари тўғрисида ғамхўрликни кучайтирилди, уларнинг дори-дармонлар ва ижтимоий хизмат кўрсатиш билан таъминланиши даражаси оширилди;

еттинчи, жамиятни тубдан ўзгартиришда, соғлом авлодни тарбиялашда, бой касбий ва ҳаётий тажрибанинг, эзгу анъаналар ҳамда маданий қадриятларнинг узвийлигида ва уларни ёшларга етказишда кексаларнинг фаол иштирок этишларини таъминлашга қаратилган тадбирлар амалга оширилди.

КEЛАЖАКДАГИ ВАЗИФАЛАР

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистон стратегияси китобида “Энг асосийси, ислоҳотларимиз натижасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз кундалик ҳаётида ҳис этиши керак. Барча бўғиндаги раҳбарлар қоғоздаги ҳисоботлар, фоиз ва рақамлар ортидан қувмасдан, ҳар қайси фуқаро учун, унинг ҳаётий эҳтиёж ва орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун ишлаши шарт.

Шунда нуроний кексаларимизмуҳтарам отахон ва онахонларимиз, ҳурматли аёлларимиз, азиз фарзандларимиз, жажжи набираларимиз – кўпмиллатли бутун халқимиз биздан рози бўлади» – ёзган фикрлари бу соҳада қилиниши лозим бўлган асосий вазифаларни кўрсатиб берди.

Бу вазифаларни амалга ошириш учун конституциявий ислоҳотлар доирасида Президентимиз: «инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституциямизда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари ҳам ўз аксини топиши зарур» деб таъкидладилар.

 

Ф.ОТАХОНОВ 

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари 

ва парламент тадқиқотлари институти директори, 

юридик фанлар доктори, профессор

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan