Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Қозоғистон Республикаси Президенти билан учрашди – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги парламент делегацияси Қозоғистон Республикасида расмий ташриф билан бўлиб турибди.

Ташриф доирасида 2022 йил 9 февраль куни парламент қуйи палатаси Спикери Н.Исмоилов Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Токаев билан учрашди.

Қозоғистон раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, мамлакатларимиз  мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига,  умумий маданий  қадриятларга  таяниб,  мустаҳкам ва  аҳил муносабатлар ўрнатганини таъкидлади.

Шунингдек, Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлигини иттифоқчилик даражасига олиб чиқиш имконини берган Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йилнинг декабрь ойида Қозоғистонга давлат ташрифи якунларини ҳам юқори баҳолади.

­– Ўзбекистон Қозоғистон учун қардош давлат ва ишончли ҳамкордир, шунинг учун биз муносабатларимизни ривожлантиришга алоҳида аҳамият берамиз. Иттифоқчилик муносабатларимиз кенг кўламли, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, гуманитар маданий соҳаларни қамраб олади. Бу борада парламент дипломатияси алоҳида ўрин тутади, – деди Қасим-Жомарт Токаев.

Нуриддинжон Исмоилов, ўз навбатида, Қосим-Жомарт Токаевга учрашиш имконияти учун миннатдорлик билдирди, шунингдек, Ўзбекистон Президентининг самимий тилаклари ва илиқ саломларини етказди.

Учрашув давомида томонлар юксак даражада эришилган келишувлар ижросининг боришини ва кенг кўламли икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа масалаларини муҳокама қилдилар.

Очиқ ва самимий руҳда кечган учрашувда икки томон манфаатларига хизмат қилувчи бошқа масалалар хусусида ҳам фикр алмашилди.

www.parliament.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan