Навоий – барҳаёт сиймо – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

     Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига бағишланган анжуман ташкил этилди.

     Тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари, Институт ходимлари, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти, “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” журнали таҳририяти аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

     Дастлаб Қўмита раиси Эркин Захидов буюк аждодимиз Алишер Навоий ҳақида тўхталиб, унинг бебаҳо мероси нафақат миллий маданиятимиз ва адабий тафаккуримиз ривожида, балки жаҳон адабиётида юксак мавқега эга эканлигини, шоирнинг ижоди миллий тадқиқотчилар ва дунё олимлари томонидан ҳанузгача катта қизиқиш билан ўрганиб келинаётганлигини фахр билан тилга олди.

     Шунингдек, мутафаккир ғазалларини айнан навоийшунослар томонидан аруз вазни қоидалари ва услубида ёшларимизга етказиб бериш, шоир шеъриятига бўлган қизиқишни янада ошириш ҳар доимги иш бўлиши лозимлигига алоҳида аҳамият қаратди.

     Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов Навоий буюк аллома ва шеърият мулкининг султони бўлибгина қолмай, улуғ давлат арбоби ҳам эканлигини, унинг давлат ва ҳуқуқ ҳақидаги қарашлари ҳали чуқур тадқиқ этилмаганлигини ва бу борада ўрганилмаган жиҳатлар кўплигини, ёшларимиз айни йўналишларда изланиб, илмий тадқиқотлар олиб боришса мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлаб ўтди.

     Шу билан бирга, унинг асарларида комил инсон ғояси асосий ўрин эгаллашини ва бу ҳозирги кунда, қолаверса, келгусида ҳам барча давлат органлари ва ташкилотлари учун дастуриламал саналишини, хусусан:

“Ҳунарни асрабон неткумдур охир,

Олиб туфроққаму кеткумдур охир”

     мисраларини келтириб, мисол учун ушбу байтдан ҳам Навоий асарларининг бош ғояси комил инсон эканини яққол англаш мумкинлигини эътироф этди. Бу ҳозир ҳам жуда долзарб маъно касб этиши, зотан, ҳар бир инсон ўзининг илми, касбу ҳунари орқали атрофдагилар, пировардида, халққа фойда келтириши лозимлиги, бундай жараёнда фақатгина ўз илми кенг оммага тарқатиш ва касбини бошқаларга ўргатиш  жамиятга наф келтириб, давлат ривожига ҳисса қўшиши ҳақидаги фикрлари қатнашчилар эътиборини тортди.

     Тадбирда сўз олган таниқли шоира, Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фарида Афрўз Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот бериб, мутафаккирнинг назм гулшанидан парчалар келтирди. Бундан ташқари, қайд этилдики, ҳазрат Навоий ҳамиша халқ манфаатлари йўлида иш олиб бориб, илм аҳли ва ёшларнинг ҳомийси саналган. Ўз маблағлари ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча мадраса, 40 та работ, 17 та масжид, 10 та хонақоҳ, 9 та ҳаммом, 9 та кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурган ёки таъмирлатган.

     Бугунги кунда тил нуқтаи назаридан олиб қараганда, ҳар ким ҳам Навоий асарларини тўғридан-тўғри ўқиб, тушуна олмаслигини шоира афсус билан урғулади. Бу масалада ҳозирда қатор амалий ишлар олиб борилаётганини, масалан, ёш тадқиқотчи Алишер Сабрий Навоийнинг асарларини асл ҳолича аудио шаклга туширишни мақсад қилганини таъкидлаб, унинг ишларига ривож тилади.

     Навоий асарларини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш учун улар асл нусхаларининг тўғри, яъни аруз вазни қоидалари асосида ва оҳангдор ўқилган аудио шаклларини яратиш кутилган натижани беради,- дейди анжуманга таклиф этилган навоийшунос мутахассис Алишер Сабрий. – Навоий ижодининг оҳанг жозибасига мафтун бўлган тингловчи эса, албатта, бу каби гўзал оҳанглар ортида қандай мазмун борлигига қизиқиши, уни англашга интилиши ва ўрганиши, шубҳасиз.

     Табдирда сўз олган Институт илмий ходими Зебинисо Шербоева Навоий асарларида, масалан:

“Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай”

     дея илгари сурилган инсонни улуғлаш ғояси барча замонларда ҳам ўз қимматини йўқотмай келаётганини, жумладан, бугунги кунда юртимизда “Инсон қадри учун” шиори остида амалга оширилаётган ислоҳотлар, айнан инсон қадрини улуғлаш, унинг жамиятдаги ўрнини юксалтириш борасидаги хайрли ишларда ҳам ўз ифодасини топганлигини таъкидлади.

     Тадбир савол-жавоблар ва қизиқарли маълумотлар билан мароқли ўтди. Айниқса, мутахассис Алишер Сабрий томонидан ўқилган ғазаллар, шунингдек Фарида Афрўз ва Зебинисо Шербоеваларнинг аллома ҳақида ўз ижод намуналаридан ўқиб берган шеърлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan