Истиқболдаги режалар муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

     2022 йилнинг 9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов ҳамда USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дастури директори ўринбосари Рахима Назарова ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

     Учрашув Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ 2022–2023 йилларда ҳамкорликда амалга ошириладиган истиқболли режалар муҳокамасига бағишланди.

     Тадбирда Ф.Отахонов 2021 йилда Институт томонидан эришилган натижалар ҳақида маълумот бериб, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури асосида жорий йилда амалга ошириладиган ўзаро ҳамкорлик режаларига тўхталди.

     Институтнинг қонун лойиҳалари бўйича илмий хулоса бериш, парламент фаолиятини илмий ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, Институт тузилмасидаги Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув маркази томонидан режавий ўқувларни ташкил қилиш масалалари муҳокама марказида бўлди.

     Р.Назарова сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат ва жамият бошқарувида парламентнинг ролини янада кучайтириш ва парламент назоратининг таъсирчанлигини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинаётганлигини эътироф этиб, USAID дастури бу борада Институт билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини таъкидлади.

     Учрашув якунида Институтнинг USAID дастури кўмагида қонун ижодкорлиги жараёнида илмий экспертиза фаолиятини такомиллаштириш ва илмий хулосалар ишлаб чиқиш ҳамда бунда жамоатчилик ролини ошириш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш юзасидан 2022–2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олинди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan