2021 йил 4 март куни Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва ҳавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда парламент юқори палатасининг ўн учинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши назарда тутилган масалалар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2020 йил якуни бўйича ахбороти, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан 2021 йил 3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига республикамизнинг барча ҳудудларида, хусусан, пойтахт Тошкент шаҳридаги автомобиль йўлларида ва чорраҳаларида тиланчилик қилувчи шахслар сони кўпайиб кетишининг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилишини сўраб юборилган мурожаати ва бошқа масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилган тизимли ишлар натижасида умумий жиноятларнинг 92,6 фоизи фош этилган, шунингдек, тергов органлари қидирувида бўлган 2446 нафар шахслар ушланган ва 436 нафар бедарак йўқолганлар топилган.
Ички ишлар органлари ташаббуси билан 20 994 та жиноятлар аниқланган.
Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишлар ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, ўтган 2020 йилда республика миқёсида 62 081 та жиноятлар қайд этилган бўлиб, 100 минг аҳолига нисбатан ўртача 182,4 тадан тўғри келган.
Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги оқибатида 2020 йилда 5 774 нафар хотин-қизлар томонидан 5 520 та жиноят содир этилган. Жумладан, оила-турмуш доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 14 774 нафарига “ҳимоя ордери” берилган бўлса, шундан 317 та ҳолатда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган.
Ёшлар билан ишлашда ҳануз кўплаб муаммолар сақланиб қолаётганлиги, уларни бартараф этишга етарли даражада эътибор қаратилмаганлиги оқибатида 2020 йилда республикада қайд этилган ҳар тўртинчи жиноят (14 378 та ёки 23,2%) ёшлар томонидан содир этилган бўлса, шундан 4052 таси иш билан банд бўлмаган ёшлар томонидан содир тилган.
Бундан ташқари, 9 мингдан ортиқ ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилганлиги жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатади.
Шунингдек, мажлисда Қўмита томонидан 2021 йил 3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига республикамизнинг барча ҳудудларида, хусусан, Тошкент шаҳрида тиланчилик қилувчи шахслар сони кўпайиб кетишини олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилишини сўраб юборилган мурожаатига жавоби ҳам кўрилди.
Қайд этиш лозимки, сўнгги пайтларда аҳоли ҳаракати гавжум бўлган кўчалар, хиёбонлар, бозорлар ва уларга туташ ҳудудлардаги автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари ҳамда чорраҳаларда тиланчилик қилиб келаётган шахслар кўплаб учрамоқда. Бу эса, ўз навбатида, тиланчи шахслар томонидан фуқароларнинг юришига қўймай, автомобил йўлларида эса транспорт воситалари ҳаракатланишига хавф туғдириб қатъий туриб садақа сўраши кишининг таъбини хира қилиши табиий. Бундай нохуш ҳолатлар аҳоли кайфиятига салбий таъсир этиб, уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Бироқ мамлакатимиз қонунчилигида айнан тиланчилик қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик масаласи белгиланган бўлса-да, ушбу норманинг ҳаётда қатъий ишламаётгани бундай шахсларнинг кундан кун кўпайиб боришига замин бўлмоқда.
Ички ишлар вазирлигининг Қўмита хатига берган жавобига кўра, Патруль-пост, Йўл патруль хизмати ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ходимлари томонидан кўчалар, хиёбонлар, бозорлар ва уларга туташ ҳудудлардаги автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари ҳамда автомобил йўлларида ҳудудий ички ишлар органлари томонидан тегишли топшириқлар асосида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада январь ва февраль ойининг 20 кунлик даврида тиланчилик билан шуғулланиб юрган 131 нафар шахсларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, уларга нисбатан 8 млн. сўмга яқин жарима жазоси белгиланган ҳамда 1 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Бундан ташқари, мажлисда Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳузурида экспертлар гуруҳи янги таркибининг устувор вазифалари белгилаб олинди.
Хусусан, ўз соҳа йўналишларида учраётган муаммоларни бартараф этиш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, парламент сўровига лойиқ муаммоли масалалар юзасидан ўз таклифларини тақдим этиб боришда фаол иштирок этишга чақирилди.
Мажлисда мавжуд муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, бу борада амалга оширилиши муҳим бўлган ишлар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати