Йиғилишда муҳим масалалар кўриб чиқилди – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

2022 йил 11 февраль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссияси ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенциянинг бажарилиши юзасидан олтинчи даврий ҳисоботи, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пактнинг бажарилиши юзасидан учинчи даврий ҳисоботини кўриб чиқиш натижалари бўйича Ҳукумат делегацияси аъзоларининг ҳисоботи муҳокама қилинди, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 2021 йилдаги фаолиятлари тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.

Тадбирда депутатлар, Инсон хуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Адлия, Ички ишлар, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базаси мустаҳкамланди, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчиликка имплементация қилинди, халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик янада фаоллашди. Парламент томонидан илк бор Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга ошириш тўғрисидаги Миллий маърузаларини муҳокама қилиш амалиёти жорий этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламент комиссияси раиси А.Саидов ўз маърузасида таъкидлаганидек, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда қабул қилингани, юртимиз унга Олий Мажлиснинг 1995 йил 6 майдаги қарорига мувофиқ қўшилган.

Шунингдек, 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, биринчи бор “жинс бўйича бевосита камситиш” ва “жинс бўйича билвосита камситиш” тушунчалари қонун билан мустаҳкамланди. Мазкур қонунга мувофиқ, қонун ижодкорлиги соҳасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мажбурий гендер-ҳуқуқий экспертизаси жорий этилди, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Вазирлар Маҳкамаси, Гендер тенглигини таъминлаш масалалари бўйича комиссия, ваколатли орган ва бошқа давлат органлари, фуқаролик жамияти институталарининг жамият ҳаётининг турли соҳаларида аёлларга нисбатан камситишнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик бўйича ваколатлари белгиланди.

Қайд этилганидек, жорий йилнинг 15-16 февраль кунлари БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш Қўмитасининг 81-сессияда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро Конвенциянинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг олтинчи даврий маърузаси кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Парламент комиссияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Миллий маърузаси тақдимоти сифатли тайёрланиши учун амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Миллий маърузада Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида камситилишига йўл қўймаслик бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни самарали ёритиш, ислоҳотлар қамрови ва моҳияти тўғрисида аниқ, лўнда маълумотлар бериш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тадбирда шунингдек, БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасига кўриб чиқиладиган Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт талабларининг Ўзбекистон Республикасида бажарилиши бўйича учинчи даврий миллий маърузаси ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 2022 йил 22-23 февралда БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасида Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт талабларининг Ўзбекистон Республикасида бажарилиши ҳолати бўйича учинчи даврий миллий маърузаси кўриб чиқилади.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Миллий маърузаси тақдимотини сифатли тайёрланиши учун бажарилган ишлар кўриб чиқилди. Миллий маърузада Ўзбекистонда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни самарали ёритиш, амалга оширилаётган ислоҳотлар қамрови ва моҳияти тўғрисида аниқ, лўнда маълумотлар бериш масаласига тўхталиб ўтилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотлари ҳам эшитилди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлат фуқаролари, Омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ҳамда бошқа юридик шахслардан 18738 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 39,6 фоизи фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, 29,9 фоизи ижтимоий, 24,3 фоизи иқтисодий, 5,6 фоизи сиёсий, 0,6 фоизи экологик ҳуқуқларга тегишлидир.

Шунингдек, Омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикасининг 39 та қонун лойиҳаси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг 141 та моддаларига таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Вакил томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши ҳамда инсон ҳуқуқларининг таъминланганлиги бўйича бир қатор мониторинг тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг БМТ органлари, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасаларининг Глобал альянси, USAID, Халқаро қамоқхоналар ислоҳотининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси каби халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги фаол ривожланиб бормоқда.

Мамлакатимизда болалар меҳнати тўлиқ бартараф этилиб, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти йўлга қўйилди. Боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади.

Таъкидланганидек, 2021 йилда Болалар омбудсмани номига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисида жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларидан, болалар ҳамда улар қонуний вакиллари томонидан 182 та мурожаат келиб тушди. Ҳисобот даврида Болалар омбудсмани томонидан бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш юзасидан 123 та сўров давлат ташкилотларига юборилди.

Шу билан бирга, бола ҳуқуқларини таъминлаш, вояга етмаганларга оид қонунчилик ҳужжатлари ижросининг назоратини олиб бориш ва тегишли органлар билан ҳамкорликда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан давлат бошқаруви органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга 47 та сўров жўнатилди.

Болалар омбудсмани томонидан бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан ёпиқ, шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларда 31 та мониторинг ўтказилди. Мониторинглар 6 та ҳудудда Самарқанд, Навоий, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилиб, 600 га яқин фуқаролар билан учрашилди. 150 га яқин фуқаролар билан якка тартибда суҳбатлашилди.

Тадбирда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan