Ҳар бир давлат тараққиёт сари интилар экан, доимо ўз тарихига назар ташлаб, миллатнинг урф-одатлари, анъаналари, қадриятлари ва маданий мерос ҳисобланган ёдгорликларни ўрганишга ва уларни сақлаб қолишга интилиши табиий. Миллатнинг тарихи ва маданий меросини сақлаб қолишда музейларнинг ўрни беқиёсдир.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ҳозирги вақтда мамлакатимизда яна бир муҳим Уйғониш жараёни кечмоқда. Шунинг учун “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда”.
Ёш авлодни комил инсон сифатида тарбиялашда аждодларимиз ва аллома боболаримизнинг босиб ўтган йўлларини ҳаётий ўрнак қилиб кўрсатиш муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунга келиб республикада халқимизнинг маданий мероси билан боғлиқ бўлган 444 та музей фаолият олиб бормоқда. Шундан 155 таси турли соҳаларга тегишли бўлган – тарих, табиат, ўлкашунослик, транспорт ва албатта очиқ ҳаводаги давлат музейлари ҳисобланади. Мамлакатимизда музейлар соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилги «Музейлар тўғрисида»ги қонуни билан тартибга солиниб келинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, мазкур қонун бугунги кунда музей фаолиятидаги ҳуқуқий муносабатларни самарали тартибга солишнинг ҳамда соҳада юзага келаётган янги ҳуқуқий муносабатларни қамраб олишнинг имконини бермаяпти. Хусусан, амалдаги қонуннинг 13 та моддасида ҳаволаки нормалар, музей ўз фаолиятларида айнан қандай вазифаларни бажариши батафсил ёритилмаган ҳамда қонунда “музей” тушунчаси нотижорат маданият муассасаси дея тарифланганлигига қарамасдан, амалиётда музейларнинг тижорий фаолият билан ҳам шуғулланишининг гувоҳи бўлишимиз мумкин.
Қонун моддаларида ҳаволаки нормаларнинг кўплиги эса, ўз навбатида соҳадаги аксарият масалалар қонуности ҳужжатлари орқали тартибга солинишига олиб келмоқда. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг “Музейлар тўғрисида”ги қонунини замон талаблари асосида такомиллаштириш ёки уни янги таҳрирда қабул қилиш зарурияти туғилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 31 майдаги қарорини ижро этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 декабрдаги “2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга илова қилинган “2017 – 2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари режаси”нинг қуйидаги бандларида мамлакатимизда музейлар фаолиятини янада такомиллаштиришнинг истиқболли вазифалари келтирилган:
7-бандида жаҳоннинг машҳур музейлари билан ҳамкорликда республикада халқаро илмий-амалий конференциялар, форумлар, семинарлар ва маҳорат дарсларини ўтказиш; хорижда тажриба алмашиш ва малака ошириш тизимини йўлга қўйиш, халқаро миқёсдаги илмий-амалий семинарлар, конференцияларда соҳанинг етук мутахассислари, музейнинг илмий ходимлари иштирокини таъминлаш; музейлар ва музейшунослик фаолияти билан шуғулланаётган ташкилотларнинг халқаро алоқаларини кучайтириш;
13-бандида Миллий музей фондининг электрон давлат каталогини юритиш тартибини белгилаш ҳамда амалдаги дастурий таъминотнинг янги версиясини ишлаб чиқиш;
электрон давлат каталогини яратиш учун музейларнинг моддий-техник базасини, хусусан, музейларни ҳимояланган тармоққа улаш, юқори аниқликдаги замонавий компьютер техникаси, фотоаппарат ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш;
музейларда микрофильм, микрофиша шаклида сақланаётган алоҳида қимматли ва ноёб архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва уларнинг электрон базасини яратиш;
16-бандида 2 мингта энг нодир музей ашёсининг 6 та тилдаги 3D
ва аудио форматини яратиш;
давлат музейларининг веб-сайтларини янгилаш, мобил электрон дастурини яратиш ва ягона порталга бирлаштириш;
сайёҳлик йўналишидаги музей сайтлари 6 та жаҳон тилида юритилишини таъминлаш;
17-бандида музей ашёларининг сақланиши, уларда ҳарорат, намлик ва ёруғликнинг таъсирини мунтазам назорат қилиб борадиган жиҳозлар билан таъминлаш;
музейларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида видеокузатув мосламалари, сигнализация тизимларини янгилаш ва ўрнатиш, музейларни босқичма-босқич ҳудудий жиҳатдан марказий қўриқлаш тизимига улаш.
Мазкур истиқболли вазифаларнинг амалга оширилиши ҳам Ўзбекистон Республикасининг “Музейлар тўғрисида”ги қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.
Бугунги кунда республикамиздаги музейларда 2,4 млн.га яқин музей ашёлари ва коллекциялари мавжуд бўлиб, ҳозирда уларнинг 90 фоизининг электрон базаси яратилган.
Масалан, Термиз археология музейи, Ўзбекистон давлат табиат музейи, Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи, Усмон Юсупов уй-музейи, Мухтор Ашрафий уй-музейи, Урганч суратлар галереяси, Шаҳрисабздаги Амир Темур номли моддий маданият тарихи музейлари шулар жумласидандир.
Айтиш жоизки, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам музейлар фаолиятини ривожлантириш ва уларнинг моддий-техник базасини янгилаш бўйича бир қатор мақсадлар белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистонда музейлар жамиятнинг маънавий савиясини оширишга хизмат қилувчи ижтимоий-маданий институт сифатида алоҳида ўрин тутишини инобатга олган ҳолда, мазкур соҳада рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари музейлари тизимига интеграциясини такомиллаштириш муҳим омилдир.
Дунёнинг ривожланган ва бой тарихга эга давлатлари ўз музейлари фаолиятини такомиллаштириш орқали улардан мамлакатнинг туристик салоҳиятини ривожлантириш борасидаги имкониятларидан фойдаланиб келмоқда. Бунинг натижасида умуминсоний қадриятларнинг аҳамияти ортиб бораётган глобаллашув жараёнида дунё тарихи ва маданияти учун аҳамиятли бўлган моддий ва маънавий ёдгорликларни кенг оммага тарғиб қилиш жараёни кучаймоқда. Буни амалга оширишнинг энг самарали йўлларидан бири сифатида эса жаҳонда музейларни виртуаллаштириш амалиёти кенг қўлланилмоқда. Виртуал музейлар орқали дунёнинг исталган чеккасида бўлган инсон музейдаги маданий мерос объектлари ва экспонатларнинг 3D тасвири билан танишиб чиқиш ҳамда экспонатлар ҳақида умумий визуал тушунчага эга бўлиш имкониятини қўлга киритади.
Хорижий давлатларнинг мазкур соҳадаги тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, Украина, Россия, АҚШ ва Канада каби давлатларда музейларнинг ягона платформа ва дастурлари яратилган бўлиб, мазкур ахборот тизимлари орқали музейларнинг фаолияти ҳақида ташриф буюрувчиларда маълумотлар шаклланиб боришининг гувоҳи бўлишимиз мумкин.
Дунё миқёсида фаолият олиб бораётган йирик музейларда, жумладан, ўзининг қадимий ва қимматбаҳо экспонатлари билан машҳур бўлган Метрополитен музейи, Смитсонов институти Америка бадиий музейи қошидаги Люс номли Америка санъати маркази, Британия, Лувр, Эрмитаж ва бошқа шу каби музейларда экспонатларнинг ахборот ва экспрессив хизмат қилувчи маданият институтига айлантириш масалалари тадқиқ этилмоқда. Шунингдек, виртуал экспозицияларнинг дунё стандартларини ўрганиш ва жорий этиш, музейларнинг ижтимоий-маданий ҳодиса сифатидаги аҳамиятини очиб бериш, уларни виртуаллаштиришда тарих, санъатшунослик, педагогика, психология ва техника соҳалари вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни таъминлашнинг самарали механизмини яратиш устида иш олиб борилмоқда.
ВИРТУАЛ МУЗЕЙЛАР…
Маълумки, 1946 йилда музейлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида ICOM (Халқаро музейлар кенгаши) халқаро ташкилоти тузилди. Ушбу ташкилот дунёнинг 136 давлатидан 35000 дан ортиқ аъзоларни ўз ичига олади ҳамда ЮНEСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини олиб боради. Ўзбекистон Республикаси ҳам ушбу халқаро ташкилот билан ўз музейлари салоҳиятини ошириш ҳамда уларни дунёга танитиш мақсадида кенг ҳамкорлик алоқаларини олиб бориб келмоқда.
Юқорида қайд этилган давлатларнинг тажрибаси
ва имкониятларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон халқаро ташкилотлар, жамғармалар ва тузилмалар билан амалий ҳамкорлик ишларини амалга оширади.
Шу билан бир қаторда, музейларда ҳар йили ташкил этиладиган кўргазмалар ташриф буюрувчиларга янгидан-янги маълумотларни етказишга хизмат қилиб келмоқда.
Мисол учун, Темурийлар тарихи давлат музейида доимий равишда илмий-амалий анжуманлар ўтказиб келинади. Унда темуршунос олимлар, изланувчилар ҳамда талабалар иштирок этиб келмоқдалар. Ўтказилган республика ва халқаро илмий-амалий анжуманлар иштирокчиларига, маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари қатнашчиларига Амир Темур ва Темурийлар даври тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи нодир экспонатлар тўғрисида мазмунли экскурсиялар ташкил этилади.
Шунингдек, мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келган кам таъминланган оилалар фарзандлари, мактабгача таълим муассасалари ҳамда меҳрибонлик уйлари табияланувчилари учун бепул экскурсиялар олиб борилади.
Умуман олганда, Ўзбекистонда музейлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ҳамда янги босқичга олиб чиқиш мақсадида қуйидаги вазифаларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:
биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг “Музейлар тўғрисида”ги қонунининг иккинчи бобидаги музейларни бошқаришда ваколатли органлар ҳамда ташкилотларнинг ваколатларига доир ҳаволаки нормаларни тўғридан-тўғри ижро механизмига эга бўлган нормаларга ўзгартириш ҳамда ваколатли органларнинг ваколатларини қайтадан кўриб чиққан ҳолда бир-бирини такрорловчи ваколатларни қисқартириш;
иккинчидан, қонун билан тартибга солиниши мўлжалланган ижтимоий муносабатларни ҳамда қонуности ҳужжатларни инвентаризациядан ўтказиб, улардаги зарур нормаларни қонуннинг моддаларига киритиш орқали музейлар фаолиятини тартибга солувчи яхлит қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш;
учинчидан, қонуннинг 27-моддасида назарда тутилган музейларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибини алоҳида боб сифатида қайтадан белгилаш;
тўртинчидан, қонунга музейларнинг халқаро ҳамкорлигига доир масалаларни назарда тутувчи янги бобни киритиш;
бешинчидан, музейларда фан ва техниканинг янги ютуқларидан фойдаланиш, яъни музейларни виртуаллаштириш орқали бой меросимизни халқимиз ва жаҳон ҳамжамияти орасида кенг тарғиб қилиш имкониятларини яратиш мақсадга мувофиқдир.
Бахтиёр ТОШПЎЛАТОВ, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари
ва парламент тадқиқотлари институти илмий ходими