Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги қонунчиликнинг долзарб масалалари – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Мақолалар

     Мамлакатимизда йўл ҳаракати қатнашчилари хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш ва ушбу соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш йўналишида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамасдан йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида қатор муаммолар мавжуд. Бунга йўл-транспорт ҳодисалари натижасида инсонларнинг оғир тан жароҳати ёки ҳатто ўлими билан якун топаётган ҳолатларнинг ортиб бориши, йўл ҳаракати қатнашчилари ҳуқуқий маданиятининг талаб даражасида эмаслиги, улар томонидан ўз хизмат бурчларини бажараётган ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ёки уларга фаол жисмоний қаршилик кўрсатиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш зарурати кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин. Айтиб ўтиш жоизки, санаб ўтилган муаммолар аллақачон муҳим ижтимоий масалага айланиб улгурди. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳам ушбу соҳадаги қонунчилик ҳужжатларига йўл ҳаракати қатнашчилари томонидан риоя этилишини таъминлаш борасида кўплаб муаммолар юзага келмоқда.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

     Юртимизда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳаси асосан 2013 йил 10 апрелда янги таҳрирда қабул қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон Қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари” орқали тартибга солинади. Бундан ташқари, бу борадаги ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимининг ўз хизмат бурчларини бажаришига қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарлик масалалари, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ходимининг ўз хизмат фаолиятини амалга оширишдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари тегишинча Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодекслари ҳамда 2016 йил 16 сентябрдаги “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун билан белгиланади.

     Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали таъминлаш йўналишида аниқ мақсадлар назарда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда 2022 йилнинг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб номлаш таклифи ҳам бежиз берилмаган эди. Бундан кўзланган асосий мақсадлардан бири Янги Ўзбекистонда қонун устунлигини ва ким бўлишидан қатъи назар, қонунбузарлик содир этганлиги учун жазо муқаррарлигини самарали таъминлаш, десак асло муболаға бўлмайди.

     2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги 16-мақсадда “Йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини қисқартириш, шу жумладан ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлаш” вазифаси белгиланган. Бундан кўриш мумкинки, инсон қадрини янада юксалтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, ҳаёти ва соғлиғини таъминлашнинг самарали ҳуқуқий асосларини яратиш асосий устувор вазифалар қаторига кирмоқда.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурати

     Сўнгги йилларда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида қонунийликни таъминлаш, йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда бунда ўз хизмат бурчини бажараётган ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига бўйсуниш масалаларида муаммолар юзага келмоқда.

     Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 195-моддасида ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинланиши, ўз навбатида, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 22–24-моддаларига мувофиқ ички ишлар органи ходими ўз қонуний талабларига қаршилик кўрсатиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида жисмоний куч ишлатиши, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаши мумкинлиги белгиланган.

     Аммо ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келишини тўла англаб етмаган айрим йўл ҳаракати қатнашчилари томонидан ушбу турдаги қонунбузарлик ҳолатлари содир этилиши ҳамон давом этмоқда. Масалан, баъзи бир йўл ҳаракати қатнашчилари ўз хизмат бурчини бажараётган ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, уларни обрўсизлантиришга уриниш, ҳаттоки уларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш ёки уларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи ҳолатларни юзага келтираётганликларини турли ижтимоий тармоқлар орқали гувоҳи бўлмоқдамиз. Бу эса, албатта, алоҳида эътиборни талаб қилади.

     Юқорида каби тизимли муаммоларга ечим топиш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2022 йилнинг 11 февраль куни “Хавфсиз ва равон йўл” тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда соҳадаги асосий оғриқли масалалар қаторида йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари фаолиятига қаршилик кўрсатиш муаммосига алоҳида эътибор қаратилди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларига нисбатан йўл ҳаракати қатнашчилари томонидан жисмоний куч ишлатиш ва уларни номақбул сўзлар билан обрўсизлантириш ҳолатлари кўпайгани, ушбу ҳолатда қонун устунлиги таъминланмаётганлиги, йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда қонунга итоат этиш ва йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг қонуний талабларига риоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият бериш кераклиги таъкидланди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида хорижий мамлакатларнинг қонунчилик тажрибаси

     Хорижий мамлакатлар қонунчилигида йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг қонуний талабларига бўйсунмаганлик учун турли жазо чоралари белгиланган.

     Хусусан, Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 19-1-моддасида полициянинг, ҳарбий хизматчиларнинг, федерал хавфсизлик хизмати органлари ходимларининг, давлат қўриқлов органлари ходимларининг ва бошқа махсус ваколатли давлат органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик икки мингдан тўрт минг рублгача миқдорда маъмурий жарима солишга ёки ўн беш суткагача бўлган муддатга маъмурий қамоққа ёки қирқ соатдан бир юз йигирма соатгача мажбурий меҳнатга сабаб бўлиши, агар мазкур маъмурий ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса, фуқароларга учун – ўн мингдан йигирма минг рублгача миқдорда маъмурий жарима солишга ёки ўттиз суткагача бўлган муддатга маъмурий қамоққа ёки юз соатдан икки юз соатгача мажбурий меҳнатга сабаб бўлиши, мансабдор шахслар учун – йигирма мингдан қирқ минг рублгача, юридик шахслар учун – етмиш мингдан икки юз минг рублгача жаримага сабаб бўлиши белгиланган.

     Қозоғистон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 613-моддасига кўра, ички ишлар органлари ва бошқа шу каби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг талабларига бўйсунмаслик ўттиз ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичи миқдорида жарима солишга, агар ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса – олти ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этишга, агар мазкур маъмурий ҳуқуқбузарлик алкоголь ичимликлар, наркотик ва токсикоман моддалар таъсирида содир этилса – ўн беш суткага маъмурий қамоққа олишга ва саккиз йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этишга сабаб бўлиши назарда тутилган.

      Германия Федератив Республикаси Ҳукумати ташаббускорлиги натижасида 2016 йилда Германия миллий қонунчилигига киритилган ўзгартишга мувофиқ, полиция ходимига ҳужум қилган фуқаролар беш йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Бунга 2016 йилда Германияда фуқаролар томонидан полиция ходимларига нисбатан 72 минг маротаба ҳужум уюштирилганлиги ҳолати қайд этилгани бўлди. Шу каби, кучайтирилган жазо чоралари бўйича ўзгартиш Германия Федератив Республикаси Жиноят кодексининг 125-моддасига ҳам киритилди ва унга кўра, “жамоат тартиби”ни бузган фуқарога мазкур модда нормалари асосида ҳукм чиқариладиган бўлди.

     2021 йилдан бошлаб Франция Республикаси Ҳукумати томонидан ҳам миллий қонунчиликда полиция ходимларига ҳужум қилган ҳуқуқбузарларга нисбатан жазони кучайтириш бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда. Бунда Ҳукумат раҳбарининг баёнотига кўра, полиция ходимларига ҳужум қилган ҳуқуқбузарларга нисбатан қамоқ жазоси муддатини ўттиз йилгача узайтириш кўзда тутилмоқда.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги миллий қонунчиликни

янада такомиллаштириш истиқболлари

     Юқорида келтирилган фикрлар ва хорижий давлатларнинг бу борадаги қонунчилик тажрибасидан келиб чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасини ислоҳ қилиш ва санаб ўтилган муаммолар ечими юзасидан давлатимиз раҳбарининг таклифлари бўйича зудлик билан тегишли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим ҳисобланади.

     Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича:

     биринчидан, 2013 йил 10 апрелда янги таҳрирда қабул қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунга ва Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон Қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”га йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва уларни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш бўйича тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

     иккинчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг қонуний талабларига бўйсунмаганлик учун жазо чораларини кучайтиришни назарда тутувчи тегишли қўшимчаларни киритиш мақсадга мувофиқ.

     Мухтасар айтганда, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси асосида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, албатта, бу соҳада ҳам ўз самарасини беради.

 

Фозилжон ОТАХОНОВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва

парламент тадқиқотлари институти директори,

юридик фанлар доктори, профессор

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan