Бугун республикамизда тадбиркорликк субъектларини қўллаб-қувватлаш, кенг имкониятлар эшигини очиш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашиш ёки тўсқинлик қилишга қўйилмайди, қонунбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Фуқароларнинг тадбиркорлик ғояларини молиялаштириш мақсадида имтиёзли кредитлар тақдим этилмоқда. Натижада мамлакатимизда тадбиркор ва ишбилармонлар сони ортиб, аҳоли вакилларига қўшимча янги иш ўринлари яратилмоқда.
Бугун Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов Тошкент вилоятининг Бўка туманида олиб борган ўрганишлари давомида аҳолини сифатли сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаб келаётган хорижий корхона фаолияти билан танишди.
Ўрганиш давомида маълум бўлдики, мазкур корхона устав фонди 4 млрд сўмдан зиёдни ташкил этиб, 3 гектар майдонда гидропоника усулида помидор маҳсулоти етиштириб, маҳсулот экспорти билан ҳам шуғулланиб келмоқда. Корхонада 50 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари иш билан банд қилинган.
Шунингдек, сенатор тумандаги ижтимоий шарт-шароит ва объектлар, қурилиш жараёнлари билан танишди.
Шу жумладан, туманнинг Навобод маҳалласида ҳашар йўли билан қурилаётган 250 ўринлик мактаб қурилиш жараёнлари батафсил ўрганилди.
Қайд этилишича, ярим гектар ер майдонда ҳашар йўли билан қурилаётган 2 қаватли мактаб биносининг лойиҳа қиймати 3 млрд сўмни ташкил этиб, бугунги кунга қадар 1,8 млр сўмлик ишлар амалга оширилган. Келгуси икки ойда мактабни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Сенаторнинг ҳудуддаги ўрганишлари давом этмоқда.
www.senat.uz