Миллионлаб ёшлар муаммоси ечиладиган бўлди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Одатда ёши улуғларимиз уй-жойни кичик Ватанга қиёслашади. Бу бежиз эмас. Чунки Ватаннинг мавжудлиги ҳар қандай инсонга куч-қувват беради, олдинга интилишига йўл очади, рағбат уйғотади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 3 март куни ўтган йиғилишидаги ташаббуслари шунинг учун ҳам миллионлаб юртдошларимиз, айниқса, ёшларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди, дея оламиз.   

2020 йили Президентимиз Шавкат Мирзиёев Андижонда бўлганларида “Камбағалликдан чиқишнинг энг асосий замини – уй-жой. Одамларнинг бошпанаси бўлса, ўзи ҳаракат қилиб, рўзғорини оёққа қўйиб олади”, деган эдилар.

Чиндан ҳам кейинги йилларда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, бу борада кам таъминлаган оилаларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифага айланди. Буни тўрт йил давомида 140 мингта уй-жой барпо этилганидан йилига қурилган уйларнинг ўртача сони аввалги даврдаги кўрсаткичдан 4-5 баравар кўпайганида ҳам кўриш мумкин.

Ўрганишлардан маълум бўлишича, муаммоларнинг 23 фоизи айнан уй-жой билан боғлиқ. Аҳолининг уй-жойга бўлган талаби вақтида қондирилмагани натижасида эса ҳатто одамлар деҳқончилик учун ажратилган ерларда ўзлари учун бошпана қуриб олдилар. Аммо буларнинг муаммолари асорати ҳалигача сақланиб қоляпти.

Албатта, қисқа вақт ичида эҳтиёжманд аҳоли қатламини бошпана билан тўла таъминлаш имкони йўқ. Ҳисоб-китобларга кўра, халқимизнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш учун йилига 145 минг хонадондан иборат уйлар қурилиши керак. Бунинг учун эса, қарийб 30 триллион сўм маблағ зарур бўларкан. Шунинг учун бунда хусусий сектор хизматидан фойдаланиш тизими яратилиб, кўп қаватли уй-жойлар қуришда давлат шерикчилигидан кенг фойдаланилмоқда. Давлат эса ўз навбатида ер ва имтиёзли ипотека кредитлари ажратаяпти. 

Бу тизим энг яқин ҳамкорларимиз Япония ва Жанбий Кореяда муваффақиятли синовдан ўтганини таъкидлаш жозиз. Кунчиқар юртда 1950 йилларда уй-жой кредит корпорациялари, Кореяда эса 1962 йилда миллий уй-жой корпорациялари ташкил қилинган. Яъни, бозор иқтисодиёти даврида аҳолини, айниқса, кам даромадли оилаларни арзон бошпана билан таъминлашда хусусий шерикчилик хизматидан кенг фойдаланилган. Финляндияда эса 30 йилдан буён уй-жой муаммосини ечишга катта эътибор қаратилади.

2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, мамлакатимиз аҳолиси 34,5 млн кишга етди ва ҳар йили 500 минг кишига ошаяпти. Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, Ўзбекистон аҳолиси энг камида яна 40 йил ўсишдан тўхтамайди ва 20 йил ичида 40 миллиондан ошади. Демак, бу борадаги ишларимизни янада фаоллаштириш, эҳтиёжманд оилаларни бошпана билан таъминлашда халқимиз учун энг мақбул йўллардан фойдаланиш керак.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббус шу маънода ҳам жамиятда ижобий қарашларга сабаб бўлади. Эндиги вазифа ана шундай катта мақсад ижросини тўғри назорат қилишимизда. Яъни, бунда парламент ўз кучини кўрсатиши керак.

 

Алишер ҚОДИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, 
“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan