Аграр соҳада қандай янгиликлар жорий қилинмоқда? – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Тошкент давлат аграр университетида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамкорлигида “Қишлоқ хўжалиги соҳасида сўнгги йилларда қонунчиликдаги янгиликлар ва ўзгаришлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тегишли соҳа вакиллари, парламент қуйи палатаси депутатлари, университетнинг профессор ўқитувчилари, талабалар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этган тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ва эришилган натижалар ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз бошчилигида мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоғи каби аграр секторда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилди. Қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш учун зарур иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилмоқда. Таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва бозор муносабатлари механизмларини жорий қилишда фермер хўжаликлари учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2017-2021 йилларда соҳа ривожига доир қабул қилинган қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган ҳукумат қарорлари бугун соҳани янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бу борада қишлоқ хўжалиги соҳасида кластерларнинг жорий қилиниши, ерларнинг ўз эгаларига берилиши фермер ва деҳқонларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди.

Ёшларга доимий иш ўрни яратиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди. Бунда ишсиз йигит-қизларга 10 сотихдан 50 сотихгача ер берилаётгани, ерларни аҳолига яқин жойдан ажратиб, уруғ, ўғит ва техника таъминотида кўмаклашилаётгани аллақачон натижа бераётганини кўриб турибмиз.

Буларнинг барчаси Президентимизнинг ҳар томонлама пухта ўйланган ва узоқни кўзлаган сиёсати, кенг кўламли ислоҳотлари, юртдошларимизни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган давлат дастурларининг самарасидир.

Тадбирда Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган қатор қонунлар қабул қилингани, биргина 2021 йилда қўмита қонун ижодкорлиги фаолияти йўналишида 10 та қонун лойиҳаси учун масъул бўлгани қайд этилди.

Ўтган йилда республикамиз бўйича 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот, 7,4 миллион тоннага яқин дон, 3,4 миллион тоннадан зиёд пахта хом ашёси, 23 минг тонна пилла, 2,6 миллион тонна гўшт, 11 миллион тоннадан ортиқ сут маҳсулотлари, 8,3 миллиард дона тухум, 400 минг тонна балиқ етиштирилгани таъкидланди.

Ҳозирги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам соҳа ривожига хизмат қилиши шубҳасиз.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан барча қонун ҳужжатларидаги ерга оид нормаларнинг ўзаро мувофиқлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ягоналиги таъминланади. Ер участкаларини ажратишда шаффофлик таъминланиб, алоҳида ҳужжатларда белгиланган имтиёз ва истиснолар бекор қилинади.

Тадбирда шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ҳам аграр соҳани янада ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилгани айтиб ўтилди. Хусусан, Стратегиянинг жорий йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастурида илм-фан ва инновациялар, қишлоқ хўжалигига бозор механизмларини жорий этиш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини 2 баравар ошириб, аграр тармоқда йиллик ўсишни камида 5 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Сўз олган депутатлар қишлоқ хўжалиги йил сайин замонавий тармоққа, озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқаришнинг асосий бўғинига айланиб бораётгани, кейинги йилларда халқимиз ҳаёти, фаолияти ва фаровонлиги асоси бўлган ердан оқилона фойдаланиш, муҳофаза қилинишини таъминлаш, меъёрий қиймати ҳамда сифат кўрсаткичларини аниқлаш энг устувор вазифалардан бирига айланганини қайд этдилар.

Тадбир сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan