Демократлаштириш, фаол фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари устуворлиги – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

     Кеча шу мавзуда “Тошкент” халқаро мунозара клубининг навбатдаги сессияси ташкил этилди.

     “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида ўтган тадбирда парламент депутатлари ва сенаторлар, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва кенг жамоатчилик вакиллари, журналист ва блогерлар ҳамда хорижий экспертлар иштирок этди.

     Тадбирнини “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Б.Бекмурадов очиб, клубнинг мақсад ва вазифалари ҳақида қатнашчиларга маълумот берди.

     Модератор – Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, “Тошкент” халқаро мунозара клубининг раиси С.Сафоев бугун жамиятдаги демократик ислоҳотларни янада ривожлантиришда, бу борадаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий муаммоларнинг олдини олишда ушбу клуб олимлар ва экспертларнинг ўзига хос мулоқот майдони сифатида фаолият юритаётганини алоҳида таъкидлади.

     Қозоғистон жамоат арбоби, сиёсатшунос, “Хавфларни баҳолаш гуруҳи” директори Д.Сатпаев фуқаролик жамияти қуришнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда унга тўсиқ бўлувчи омиллар ҳақида атрофлича тушунтириш берди.

     Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси минтақавий вакили Р.Хайне ўз нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ошиб бораётганини алоҳида таъкидлаб, мамлакатни демократлаштиришда илғор хорижий тажрибадан унумли фойдаланилаётганлигига алоҳида тўхталди.

     Европа Парламенти “Европа Иттифоқи–Ўзбекистон” дўстлик гуруҳининг бош котиби И.Текдемир кейинги йилларда Ўзбекистонда демократия индекслари анча яхшиланганини, айниқса, Президент сайловларида фуқароларнинг фаоллиги ошгани янада яққол намоён бўлганини мамнуният билан тилга олди.

     Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов тадбирда сўз олиб, демократлаштириш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш – самарали бошқарувни амалга оширишнинг устувор йўналиши эканлигига урғу бериб, Тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларига доир вазифалар ва уларни амалга ошириш механизмлари хусусида фикр билдирди. Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш ва ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш юзасидан қуйидаги таклифларни илгари сурди: 

     фуқаролик жамияти институтлари эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратишнинг ва уларнинг доимийлигини таъминлашнинг аниқ механизмини ишлаб чиқиш;

     республикада фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳуқуқий ва молиявий ёрдам беришнинг ягона механизмини шакллантиришни ихчамлаштириш мақсадида  Жамоат-чилик палатасини тузишни тезлаштириш; 

     нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишнинг ягона тамойилларини ўзида мужассам этувчи Нодавлат нотижорат ташкилотлари Кодексини ишлаб чиқишни тезлаштириш ва бу жараёнга жамоатчилик вакилларидан иборат экспертларни кенг жалб қилиш;

     фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-хуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш фаолиятига манфаатдор нодавлат нотижорат ташкилотларини жалб этиш тизимини йўлга қўйиш;

     фуқаролик жамияти институтлари, айниқса, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан маҳаллий вакиллик органлари ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллари ўртасидаги муносабатларни самарали йўлга қўйиш;

     нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини тартибга солиш борасида уларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда маблағларни жалб этиш ва ундан тўғри фойдаланиш каби вазифаларни ўргатувчи ўқув марказларини ташкил этиш ва мавжуд ўқув марказлари фаолияти самарадорлигини ошириш;

     нодавлат нотижорат ташкилотларига маблағлар ажратишнинг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш, маълумотларни ва маблағларни очиқлаш ҳамда маблағлар ажратиш давомида барча нодавлат нотижорат ташкилотларини жалб этишни таъминлаш мақсадида улар билан очиқ суҳбатлар ташкил этиш.

     Тадбир якунида, маърузачилар ва иштирокчилар томонидан аниқ масалаларга йўналтирилган таклифларни умумлаштириш ва уларни такомиллаштиришга келишиб олинди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan