Жамоатчилик вакиллари билан учрашув ўтказилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Куни кеча Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев Бухоро вилоятида бўлиб, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашди.

Сенатор йигирма учинчи ялпи мажлисда маъқулланган қонунлар ва кўриб чиқилган бошқа масалалар юзасидан батафсил ахборот берди.

Хусусан, “Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни, Президентнинг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг муҳим жиҳатлари, ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш бўйича ислоҳотларга урғу берилди.

2022 йилда хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳар бир туман ва шаҳар кесимида 73 730 та янги хизмат кўрсатиш объектини ташкил этиш ҳисобига 937 мингдан зиёд иш ўринлари яратилиши режалаштирилгани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Президентнинг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори аҳамияти ҳақида тушунтиришлар берилди.

Таъкидланганидек, 2022 йилда туман ва шаҳар бюджетларининг 5 фоизини, жами 1,5 трлн сўмлик маблағни жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш режалаштирилган. Ушбу маблағлар доирасида фуқаролар томонидан билдирилган 5 мингдан ортиқ долзарб муаммолар ҳал этилишига эришиш кутилмоқда.

Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришнинг янги тартиби жорий этилгани маҳаллий бюджет маблағлари сарфланишида жамоатчилик назоратини ўрнатишга, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга хизмат қилиши қайд этилди.

Учрашувда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan