Давлат активларини бошқариш агентлигига қандай ваколат бериляпти? – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан давлат мулкини бошқариш соҳасидаги сиёсатининг асосий йўналишлари, қонунийлик ва мустақиллик, давлат мулкига эгалик қилиш, ҳисобдорлик ва назорат, очиқлик ва шаффофлик, соғлом рақобатни ривожлантириш учун тенг шароитлар яратиш, давлат мулкини бошқариш субъектлари ваколатлари белгиланмоқда. Жумладан, давлат мулкини бошқариш соҳасида ваколатли давлат органи сифатида Давлат активларини бошқариш агентлиги белгиланмоқда ва идора бу борада ягона давлат сиёсатини юритади.

Ер, ер ости бойликлари, сув, ҳаво бўшлиғи, қазилмалар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, моддий маданий мерос объектлари, давлат бюджети, олтин захираси, валюта фонди, уй-жой ва бошқа фондлар, Марказий банки ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари давлат мулки ҳисобланади ва уларни бошқариш соҳасидаги муносабатлар мазкур қонунчилик билан тартибга солинади.

Депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат мулкини бошқариш соҳасида масъул идораларни белгилаш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш ва давлат мулкини бошқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилишини эътиборга олиб, ўз таклифларини бердилар.

Йиғилишда “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг мақсади кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Ҳужжат билан кўп квартирали уйлардаги умумий улушли мол-мулкни бошқариш муносабатлари ва бундай мулкни бошқариш тартиби, бошқарув шакллари, кўп квартирали уйни бошқариш органларининг ҳуқуқлари, уларни ташкил қилиш, фаолиятини юритиш, фаолиятини тўхтатиш, шунингдек, давлат бошқаруви ва назорат органлари билан уларнинг ўзаро муносабатлари тартибга солинади.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши соҳада учраётган кўплаб муаммолар, жумладан, конструктив қисмлари таянч қобилияти ва зилзилабардошлилигини сақлаш ҳамда кўчмас мулк эгаларининг хавфсиз яшашига шароит яратиб берилишига эришилади. Фракция аъзолари шуларни эътиборга олиб, қонун лойиҳасини маъқулладилар.

Йиғилишда партиянинг ҳудудий ташкилотлари вакиллари, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ҳам иштирок этиб, қонун лойиҳалари юзасидан ўз таклифларини билдирди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan