Очиқлик ва шаффофлик коррупцияга қарши тўсиқ – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Коррупция – мамлакат тараққиётини секинлаштирадиган ниҳоятда салбий иллатлардан бири. Шу боис, унга қарши курашиш, жамиятда унга муросасиз муносабатни шакллантириш борасида кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Албатта, бу жараёнда парламент қўйи палатаси томонидан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кескин курашиш борасида стратегик режалар ишлаб чиқилиб, уларда белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган бир қатор ишлар олиб бориляпти. Мазкур вазифаларни уддалашда коррупция иллатининг келиб чиқиш сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларга барҳам бериш масаласи асосий эътибор марказида бўлаётир.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги коррупцияга қарши курашишдаги муҳим ва ҳал қилувчи омилдир. Очиқлик ва шаффолик йўқ жойда коррупция урчиб кетаверади ва акси бўлса, ушбу иллатнинг илдизи қурийди. Демак, очиқлик ва шаффофлик коррупцияга тўсиқ бўла олади.

Тан олишимиз керак, бу борада қонунчилигимиздаги “бўшлиқ”лар ва “оқ доғлар” борлиги сабаб, ушбу муаммога тизимли ёндашган ҳолда уни бартараф этиш қонун ижодкорлиги жараёнини янги босқичга олиб чиқиш ва уни фаоллаштиришни тақозо қилади.

Масалан, “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши назарда тутилган. Бироқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик йўқ эди.

Қўмитамиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси юқорида қайд этилган муммони ҳал этишга қаратилган.

Мазкур қонун лойиҳасига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик сифатида очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларни эълон қилиш тартибига риоя этмаслик, манбаларни бузиб кўрсатиш ёки уларни очиқ маълумотлар порталига ҳамда расмий веб-сайтларга жойлаштиришнинг белгиланган муддатларига амал қилмаслик учун жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, мазкур ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мансабдор шахсларига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда судга тақдим этиш ваколати берилмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан ижобий баҳоланиб, биринчи ва иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Ишонамизки, мазкур қонуннинг қабул қилиниши давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг очиқлик борасида белгиланган мажбуриятларни бажаришдаги масъулиятини янада оширишга ҳамда бу йўналишда коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan