2022 йил 7 февраль куни бошланган БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмитасининг 81-сессияси иши давом этмоқда. Гибрид шаклида бўлиб ўтаётган мазкур сессияда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирханова ҳам ўз маърузаси билан иштирок этмоқда.
Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда қабул қилинган. Ўзбекистон ушбу Конвенцияга 1995 йил 6 майда қўшилган. Сессиясида Габон, Панама, Сенегал, Уганда, Домникан Республикаси ва Ливан давлатларининг бу борадаги даврий маърузалари, Конвенция қоидалари бажарилишини таъминлаш борасида эришилган натижалар муҳокама қилинмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан Конвенция қоидаларини амалга ошириш доирасида тайёрланган Олтинчи даврий ҳисобот 2016 йилдан ҳозирги кунгача бўлган даврни ўз ичига олган. Ушбу маърузани тайёрлашда 30 дан ортиқ давлат органи ва 20 дан зиёд фуқаролик жамияти институти иштирок этган.
Олтинчи даврий ҳисоботда Конвенция қоидаларининг амалга оширилиши, Ўзбекистон қонунчилигига мазкур йўналишда киритилган сўнгги ўзгаришлар, хотин-қизларнинг мавқеини юксалтириш борасида эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берилган.
Хусусан, хотин-қизларни камситмаслик соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш, Ўзбекистон ҳукумати томонидан хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини кучайтириш, эркаклар ва аёллар ўртасида амалда тенглик ўрнатилишини жадаллаштириш, хотин-қизларга нисбатан жамиятдаги нотўғри қарашларга барҳам бериш, хотин-қизлар савдосининг барча шаклларига ва хотин-қизлардан фоҳиша сифатида фойдаланишга чек қўйиш, никоҳга оид масалалар ва оилавий муносабатларда, сиёсий фаолият ва жамият ҳаётида, таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш, ижтимоий-иқтисодий, халқаро ҳамкорлик соҳаларида хотин-қизларни камситишга йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотлар қамраб олинган.
Сессия якунида даврий ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари юзасидан тегишли давлатларга таклиф ва тавсиялар тақдим этилади.
Сессия иши 2022 йилнинг 25 февралга қадар давом этади.
www.senat.uz