Ўзбекистоннинг Учинчи даврий миллий маърузаси кўриб чиқилмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси 71-сессиясида 2022 йил 22-24 февраль кунлари Ўзбекистон Республикасининг Учинчи даврий миллий маърузаси кўриб чиқилмоқда.

Учинчи даврий маърузани кўриб чиқишда Ўзбекистон томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси онлайн қатнашмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Учинчи даврий маърузани 2019 йил 19 июнда Қўмитага тақдим қилган. Мазкур Миллий маърузани тайёрлашда 30 га яқин давлат органлари ва 10 та нодавлат нотижорат ташкилотлар иштирок этган.

Учинчи даврий маърузада Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий қилиниши, мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берилган.

Жумладан, миллий маърузада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтларни ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш, камситишларни бартараф этиш ва тенглик, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш, гендер тенглик, бандлик, камғалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, маданий ҳуқуқларни таъминлаш каби масалалар ёритилган.

Маълумот учун: Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган. 1976 йил 3 январда кучга кирган. Ўзбекистон Республикаси мазкур Халқаро пактга 1995 йил 31 август куни қўшилган.

Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмита БМТнинг шартномавий органи бўлиб, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади. Қўмита таркиби БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши томонидан ҳар тўрт йилда сайланадиган 18 та аъзодан иборат.

Қўмита Халқаро пактга аъзо давлатларнинг ҳисоботларини кўриб чиқади ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасини ривожлантириш бўйича ўзининг таклиф ва мулоҳазаларини тақдим қилади.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan