Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти такомиллашади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

     Куни кеча Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Давлат хизматлари агентлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва маҳаллий бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар натижаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

     Онлайн ва офлайн тарзда ўтган анжуманда БМТ Тараққиёт Дастури лойиҳасининг 3 та тажриба ҳудуди – Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани, Жиззах вилояти Бахмал тумани ва Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти экспертлари томонидан ўтказилган халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятининг функционал таҳлили натижалари кўриб чиқилди.

     Унда лойиҳа доирасидаги ташкилотчи ва ижрочи тузилмалар масъуллари, бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар, халқаро экспертлар, халқ депутатлари Кенгашлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Толибжон Мадумаров, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Дойна Мунтяну, Европа Иттифоқи делегациясининг дастурлар координатори Алессандро Лиамине кириш сўзи билан қатнашди.

     Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов кириш сўзида таъкидлаганидек, “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”даги “инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” деб номланган  биринчи устувор йўналишнинг 2-мақсадида “Халқ депутатлари Кенгашларини ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги асосий бўғинга айлантириш” назарда тутилган. Мазкур мақсадга эришиш учун:

     биринчидан, халқ депутатлари Кенгашларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпусини шакллантириш ва уларнинг ваколатларини кенгайтириш орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш;

     иккинчидан, халқ депутатлари Кенгашларининг маҳаллалардаги муаммоларни ҳал қилишдаги ролини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва назорат қилиш бўйича масъулиятини кучайтириш;

     учинчидан, маҳаллаларнинг жойлардаги вакиллик органлари билан, халқ депутатлари Кенгашларининг Олий Мажлис Сенати билан, ҳокимликларнинг вазирликлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан алоқаларини мустаҳкамлаш;

     тўртинчидан, маҳаллий кенгашларнинг котибиятлари фаолиятини янада кучайтириш чораларини кўриш амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар қаторида санаб ўтилган.

     Мазкур лойиҳа доирасида Институт илмий ходимлари томонидан халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштиришга қаратилган кўплаб таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган. Айтиш ўринлики, бу таклифлар ривожланган демократик давлатларнинг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини чуқур ҳамда комплекс ўрганиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, маҳаллий давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусий бизнес вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти бўйича ўтказилган сўровлар ва интервьюлар таҳлиллари асосида шакллантирилган.

     Тадбирда “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти функционал таҳлилининг асосий натижалари” мавзусида маъруза билан чиқиш қилган мазкур лойиҳа раҳбари, Институтнинг бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Алимжон Акилов функционал таҳлил натижалари ўтказилган интервьюда қатнашган 94 нафар вилоят, туман маҳаллий Кенгашлари депутатлари ва Котибият ходимлари ҳамда сўровномаларда иштирок этган 316 нафар вилоят, туман ҳокимиятлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари мансабдор шахслари ва мутахассислари, кенг аҳоли қатлами, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва хусусий сектор вакиллари (жами респондентларнинг 37,2 фоизи хотин-қизлар) фикрлари асосида шакллантирилганини алоҳида қайд этди.

     Хусусан, “ҳокимлар жойларда бир вақтда маҳаллий вакиллик ва ижро органларини бошқариши мақсадга мувофиқми?”, “депутатлар ўз функцияларини яхши биладими, маҳаллий Кенгашларнинг вазифалари ва ваколатлари тартибга солувчи қонун ҳужжатлари мукаммалми?”, “депутатлик функцияларини бажариш учун нима қилиш керак?”, “маҳаллий Кенгашлар фаолияти етарлича очиқ ва шаффофми?”, “давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хусусий сектор, ННТ, ўзини-ўзи бошқариш органлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами билан алоқалар ўрнатилганми?” каби саволлар кесимида маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва Котибияти ходимлари, туманлар ҳокимликлари ва бошқа маҳаллий ижро этувчи органлар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларининг жавоблари таҳлили ҳақида батафсил маълумот берди.

     Тадбирда маъруза қилган лойиҳа аъзоси, Сенат девони бўлим бошлиғи Қувондиқ Муқумов функционал таҳлил натижалари сўнгги йилларда халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти сезиларли даражада фаоллашгани, Сенат томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш, уларга амалий-услубий жиҳатдан кўмаклашиш, депутатларнинг амалий кўникма ва малакаларини янада ошириш борасидаги ишлар тизимли равишда амалга оширилаётганидан далолат беришини таъкидлади.

     Чунончи, 2020–2021 йилларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун 20 дан зиёд ўқув семинар ташкил этилган. “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этиш масалалари бўйича услубий қўлланма” БМТ Тараққиёт Дастури лойиҳаси кўмагида 7 минг нусхада чоп этилиб, депутатларга тақдим этилган. Шунингдек, Котибиятлар ишини тўғри ташкил этиш бўйича услубий қўлланма тайёрланиб, ҳозирда нашрга тайёрланмоқда. Лойиҳа ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган намунавий регламент ва намунавий низом Сенат қарори билан тасдиқланиб, жойларга етказиб берилган.

     Давра суҳбатида тадқиқотларда аниқланган маҳаллий Кенгашлар фаолиятидаги мавжуд камчиликлар ҳам кўрсатилиб, қатор таклифлар билдирилди. Жорий йилда “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари регламенти тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари Кенгашлари назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, маҳаллий Кенгашлар ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилашга оид қонуний асосларни яратиш орқали алоҳида қонунларни қабул қилиш, муайян депутатларнинг доимий асосда ишлаш тартибини жорий этиш шулар жумласидандир.

     Мазкур таклифларнинг аксарияти 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ўз аксини ҳам топди.

     Тадбир давомида тадқиқот натижалари қизғин муҳокама қилинди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan